Намоз: Тасбеҳлар намози

0

5) Тасбеҳлар намози

Уламолар тасбеҳлар намозининг ҳукми тўғрисида ихтилоф қилишган. Бу ихтилоф шу ҳақда келган ҳадиснинг саҳиҳ, ҳасан ёки заифлигидаги ихтилофдан келиб чиққан. Дарҳақиқат, Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ ўзининг «Мажолису амолий ал-азкор» китобида мазкур ҳадисни саҳиҳ деган бир гуруҳ уламоларни тилга олган ва уни мункар (заиф)га чиқарган уламоларга эътироз билдирган. Ўзи эса ҳадиснинг Ибн Аббос разияллоҳу анҳумога оид ривоятига ҳасан деб ҳукм қилган.

Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Аббос ибн Абдулмутталибга бундай дедилар: «Эй Аббос, эй амаки! Сизга бир нарса берайми? Сизга ҳадя қилайми? Сизга лутф кўрсатайми? Сизга ўнта хислатни айтиб берайми? Агар сиз бу хислатларни қилсангиз, Аллоҳ сизнинг гуноҳларингизни: аввалгисию охиргисини, эскисию янгисини, хатосию қасддан қилинганини, каттасию кичигини, махфийсию ошкорини мағфират қилади. Ушбу ўн хислат тўрт ракаат намоз ўқимоғингиздир. Ҳар ракаатда Фотиҳаи Китобни ва бир сура ўқийсиз. Биринчи ракаатда қироатдан фориғ бўлсангиз тик турган ҳолингизда «Субҳаналлоҳи валҳамду лиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар» деб ўн беш марта айтасиз. Сўнг руку қиласиз ва рукуда турган ҳолингизда уларни ўн марта айтасиз. Кейин саждага йиқиласиз ва сажда қилган ҳолингизда уларни ўн марта айтасиз. Сўнг бошингизни саждадан кўтариб, яна ўн марта айтасиз. Кейин сажда қилиб, яна ўн марта айтасиз. Сўнг саждадан бош кўтариб, яна ўн марта айтасиз. Шундай қилиб, бир ракаатда етмиш беш марта бўлади. Шу ишни тўрт ракаатнинг ҳар бирида такрорлайсиз. Агар бу намозни ҳар куни ўқий олсангиз, қилинг. Агар қила олмасангиз, ҳар жумада (ҳафтада) бир марта, агар уни ҳам қила олмасангиз, ҳар ойда бир марта, агар уни ҳам қила олмасангиз, ҳар йили бир марта, агар уни ҳам қила олмасангиз, умрингизда бир марта қилинг»[1].

[1] Абу Довуд (1297), Ибн Можа (1386) ривояти. Ушбу ҳадис мазмунини қувватлайдиган бошқа ривоятлар ҳам мавжуд бўлиб, уларнинг барчасини Ҳофиз Ибн Ҳажар ўзининг «Мажолису амолий ал-азкор» китобида келтирган ва ҳадисга ҳасан деб ҳукм қилган. Шунингдек, ҳадисни Шайх Албоний саҳиҳ деган.

Изоҳ қолдиринг