Муҳим савол-жавоблар: 11-20-саволлар

0

11-савол: Икки шаҳодатнинг диндаги ўрни қандай?

Жавоб: Банда динга фақат мана шу икки шаҳодат калимасини айтиш билангина кира олади.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Албатта мўминлар фақат Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига иймон келтирган зотлардир” (Нур сураси, 62-оят).

12-савол: “Аллоҳдан ўзга ҳақ маъбуд йўқдир”, деб гувоҳлик беришнинг маъноси нима?

Жавоб: Ёлғиз Аллоҳ азза ва жалладан бошқа ибодат қилинишга лойиқ бўлган бирон нарса йўқлигига гувоҳлик бераман, дегани.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Бунга сабаб Аллоҳнинг Ўзигина ҳақиқий илоҳ экани ва сизлар Уни қўйиб илтижо қилаётганлар эса ботилнинг ўзи экани, ҳамда шак-шубҳасиз, Аллоҳ Ўзигина энг юксак ва буюк Зот эканидир” (Ҳаж сураси, 62-оят).

13-савол: “Ла илаҳа иллаллоҳ”нинг қандай шартлари бор?

Жавоб: Тавҳид калимасининг еттита шарти бўлиб, улар бу калимани айтувчи кишида мужассам бўлмас экан, уни айтиши унга фойда бермайди. Улар:

Биринчи: ундан кўзда тутилган маънони рад ва исботи билан билиш. Киши Аллоҳ таологина ҳақиқий маъбудлиги, шериги йўқлиги ва Ундан ўзгага қилинган ибодатнинг ботиллигини билиши лозим.

Иккинчи: ушбу калиманинг маъносига чин қалбдан ишониш. Ушбу калимани айтувчи инсон унинг мазмунига қатъий ва аниқ ишониши зарур.

Учинчи: тавҳид калимасига зоҳирда ва ботинда тўлиқ бўйсуниш.

Тўртинчи: ушбу калима тақозо этган барча нарсаларни дили ва тили билан қабул қилиш ва ундан бирон нарсани рад этмаслик.

Бешинчи: унга иймон келтиришда холис бўлиш. Инсон амалидан ширкнинг барча сарқитларини тозалаш билан тавҳидда холис бўлиши зарур.

Олтинчи: ростгўйлик. Киши иймони ва ақидасида ростгўй бўлиш билан Аллоҳга нисбатан ростгўй бўлиши зарур.

Еттинчи: тавҳидни ва таҳвид аҳлини яхши кўриш ҳамда у учун дўст ёки душман бўлиш.

Ушбу шартлар қуйидаги байтда жамланган:

Илм, ишонч, ихлос, сидқидил,

Ҳам муҳаббат, бўйсуниш, қабул.

14-савол: “Муҳаммад Аллоҳнинг расулидир”, деб гувоҳлик бериш нимани тақозо этади?

Жавоб: У зотга буюрган ишларида итоат қилиш, хабар берган нарсаларини тасдиқлаш, қайтарган ва ман қилган ишларидан тийилишни тақозо этади.

15-савол: Иймон нима?

Жавоб: Иймон тил билан айтиш, қалб билан эътиқод қилиш, аъзолар билан амал қилишдир. У тоат билан зиёда бўлади ва гуноҳлар билан камаяди.

Қалб билан эътиқод қилиш қўрқув, умид ва таваккул каби ният ва хоҳишлар билан юзага чиқади.

Тил билан айтиш тавҳид калимасини талаффуз қилиш, зикр, дуо ва тиловат қилишдир.

Аъзолар билан амал қилиш таҳорат олиш, намоз ўқиш ва ҳаж қилиш каби ибодатларни бажаришда аъзоларнинг ҳаракатга келишидир.

16-савол: Иймоннинг нечта рукни бор?

Жавоб: Иймоннинг рукнлари олтита: Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, қадарнинг яхшиси ва ёмонига иймон келтириш.

17-савол: Аллоҳ азза ва жаллага иймон келтиришнинг маъноси нима?

Жавоб: Аллоҳ таоло барча нарсанинг Рабби ва эгаси бўлиб, ибодат қилинишга энг лойиқ бўлган яратувчи ва ризқ берувчи зотдир, деб қатъий эътиқод қилиш.

18-савол: Эҳсон нима?

Жавоб: Эҳсон Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек ибодат қилишинг, гарчи сен Уни кўрмасанг-да, У сени кўриб турибди, деган эътиқодда ибодат қилишингдир.

19-савол: Тавҳиднинг таърифини айтинг.

Жавоб: Тавҳид ёлғиз Аллоҳ таолога ибодат қилиш бўлиб, у барча пайғамбарларнинг динидир.

20-савол: Тавҳиднинг турлари нечта? Ҳар бирини таърифланг.

Жавоб: Тавҳиднинг турлари учтадир. Улар:

  • Улуҳият тавҳиди: бандалар намоз ўқиш, назр қилиш, жонлиқ сўйиш каби ишларини фақат Аллоҳ таолога йўналтиришидир. Тавҳиднинг мана шу тури сабабли пайғамбарлар юборилди ва китоблар туширилди.

  • Рубубият тавҳиди: Аллоҳнинг яратиш, буюриш, эгалик қилиш ва ризқ бериш каби ишларини фақат Унинг ўзига нисбат бериш. Кофирлар Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар қилиб юборилишларидан олдин ҳам тавҳиднинг бу турини тасдиқлар эдилар. Лекин фақат бунинг ўзини тасдиқлаш Исломга киришга етарли бўлмайди.

  • Исмлар ва сифатлар тавҳиди: Аллоҳ ва Расули саллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳга нисбат берган сифатлар ва исмларни Аллоҳнинг улуғлиги ва буюклигига лойиқ тарзда Аллоҳга нисбат бериш ва уларни эътироф этиш ҳамда бу сифат ва исмлар маъноларини ўзгартирмаслик ва махлуқотларнинг исм ва сифатларига ўхшатмасликдир.

Изоҳ қолдиринг