Муҳим савол-жавоблар: 21-30-саволлар

0

21-савол: Тавҳиднинг фазилатларидан баъзиларини айтинг.

Жавоб: Тавҳиднинг фазилатларидан:

  • Тавҳид инсонни дўзахда абадий қолишдан асрайди.

  • Барча сўз ва амалларнинг қабул бўлиши тавҳидга боғлиқ.

  • Аллоҳ таоло тавҳид аҳлига дунёда ҳидоятни, охиратда омонликни инъом этади.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Иймон келтирганлар ва иймонларига зулмни (ширкни) аралаштирмаган зотлар — ана ўшаларга хотиржамлик, омонлик бор ва ўшалар ҳидоят топганлардир” (Анъом сураси, 82-оят).

22-савол: Аллоҳ таолонинг исмлари тавқифийми? Аллоҳ таолонинг исмлари билан сифатлари орасидаги фарқ нима?

Жавоб: Ҳа, Аллоҳ таолонинг барча исмлари тавқифийдир, яъни Аллоҳ Ўз китобида Ўзини номлаган ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам У зотни номлаган исмлар билангина Аллоҳни исмлаш мумкин. Исмлардан сифатлар келиб чиқади. Масалан, раҳмон исмидан раҳмат сифати келиб чиқади. Лекин сифатлардан исмлар келиб чиқмайди. Масалан, “истиво” сифатига асосланиб, Аллоҳнинг “муставий” деган исми бор, дейилмайди.

23-савол: Аллоҳ таолонинг исмлари маълум саноққа чекланганми?

Жавоб: Аллоҳ таолонинг исмлари маълум саноққа чекланмаган. Аллоҳ таолонинг шундай исм ва сифатлари борки, уларни Ўз ҳузурида ғайб илмида сақлаб қўйган. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Албатта, Аллоҳнинг тўқсон тўққизта — бир кам юзта исми бор. Ким уларни ёдласа, жаннатга киради”, деган ҳадисларига келсак, бу Аллоҳнинг исмлари фақат шуларга чекланганини билдирмайди. Балки бу исмлар уларни ёд олган кишининг жаннатга киришига сабаб бўладиган исмлардир. Бинобарин, бу ҳадис Аллоҳ таолонинг булардан бошқа исмлари йўқ эканини ифодаламайди.

24-савол: Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ким уларни бирма-бир ёдлаб чиқса, жаннатга киради”, деган сўзларининг маъноси нима?

Жавоб: Унинг маъноси: ким бу исмлар лафзларини ёдласа, маъноларини тушунса, уларга иймон келтирса, улар тақозо этган маънолар билан Аллоҳга дуо ва ибодат қилса, жаннатга киради, демакдир. Фақат лафзларини ёдлаб, тартиб билан санашнинг ўзи мақсад қилинмаган.

25-савол: Аллоҳ таолонинг сифатлари неча турга бўлинади? Ҳар бир турни бошқасидан ажратиб турадиган жиҳатлари билан изоҳланг.

Жавоб: Аллоҳ таолонинг сифатлари икки турга бўлинади:

  • Зотий сифатлар: улар Аллоҳ таолодан ажралмайдиган, У зотнинг муқаддас зотига чамбарчас боғлиқ бўлган сифатлардир. Уларга мисол: илм, ҳаёт, эшитиш, кўриш, юз, қўл, оёқ, мулк, раҳмат, кибриё сифатлари.

  • Феълий сифатлар: улар Аллоҳ таолонинг хоҳиш-иродаси ва ҳикматига боғлиқ бўлган сифатлардир. Аллоҳ уларни хоҳласа қилади, хоҳлаганидай қилади. Масалан: кўтарилиш, тушиш, кулиш, рози бўлиш, тирилтириш, ўлдириш, ғазабланиш, ёмон кўриш, яхши кўриш.

26-савол: Аллоҳ таолонинг исмлари неча турга бўлинади?

Жавоб: Икки турга бўлинади:

Биринчи: “ал-Ҳай” ва “ал-Холиқ” каби ёлғиз ҳолда ёки “ал-Ҳай ал-Қайюм”, “ал-Аҳад ас-Сомад” каби бошқа бир исми билан бирга келадиган исмлар. Бу исмлар мутлақ камол сифатига эгадир.

Иккинчи: Бошқа бир исм билан бирга бўлгандагина Аллоҳ таолога нисбат бериладиган исмлар. Масалан: “ал-Монеъ ал-Муътий”, “аз-Зорр ан-Нофеъ”, “ал-Музилл ал-Муъиз”, “ал-Хофиз ар-Рофеъ” каби исмлар. Бу исмларни Аллоҳ таолога нисбатлаганда “ал-Монеъ” ёки “аз-Зорр” деб алоҳида ишлатилмайди. Бу исмларнинг якка ҳолда ишлатмаслик ҳикмати, Аллоҳ таолода ноқислик сифати борлиги тушунилиб қолмаслиги учундир. Чунки ҳақиқий комиллик мазкур исмларнинг бирлашиши орқали рўёбга чиқади.

27-савол: Аллоҳ таолонинг гўзал исмларига иймон келтиришнинг нечта рукни бор? Улар нималар?

Жавоб: Аллоҳ таолонинг гўзал исмларига иймон келтиришнинг рукнлари учтадир:

  • Исмга иймон келтириш;

  • Исм далолат қилган маънога иймон келтириш;

  • Исмга тааллуқли бўлган натижаларга иймон келтириш.

Шунга биноан, Аллоҳ таоло “Алийм” (исм), буюк илм эгаси (исм далолат қилган маъно) ва барча нарсани билади (исмга боғлиқ натижа), деб иймон келтирамиз.

28-савол: Аллоҳ қаерда?

Жавоб: Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир чўри қиз (жория)дан: “Аллоҳ қаерда?” деб сўрадилар. У: “Осмонда”, деди. Шунда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг эгасига: “Уни озод қил, чунки у мўмина экан”, дедилар (Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло юқори томонда, аршига ҳақиқий суратда, улуғлиги ва буюклигига лойиқ равишда истиво қилди (кўтарилди).

Истивонинг маъноси: юксалмоқ, қарор топмоқ, кўтарилмоқ, юқорига чиқмоқ деганидир.

29-савол: Аллоҳ биз билан биргами?

Жавоб: Ҳа, Аллоҳ таоло илми, ҳифзи ҳимояси ва бандаларини ҳар жиҳатдан қамраб туриши билан биз билан биргадир. Лекин У осмонда бўлиб, яратилган нарсалардан биронтаси Уни қамрай олмайди.

30-савол: Фаришталарга иймон келтиришнинг маъноси нима?

Жавоб: Уларнинг мавжудлигига, улар Аллоҳ яратган махлуқотлардан эканига ва эрта-ю кеч асло зерикмай, ҳеч чарчамай тасбеҳ айтиш табиатида яратилганларига қатъий иқрор бўлишдир.

Изоҳ қолдиринг