Саъд ибн Абу Ваққос разияллоҳу анҳу:
Саъд разияллоҳу анҳу онаси томонидан кўп азиятга йўлиқди. Онаси то у диндан қайтмагунича таом емасликка қасам ичди. Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ ёзади: Табароний “Ал-ишра” китобида келтиришича, Саъд: “Мана бу оят мен ҳақимда нозил бўлган эди”, дейди:
“Агар ота-онанг сени ўзинг билмайдиган нарсаларни Менга шерик қилишга зўрласалар, уларга итоат қилма” (Луқмон, 15).
Саъд айтади: “Мен онамга жуда меҳрибон эдим. Исломга кирганимда онам: “Эй Саъд, бу нимаси, ўзгариб қолдинг? Билиб қўй, бу диндан чиқмагунингча мен таом ҳам емайман, сув ҳам ичмайман, кейин одамлар бу онасини ўлдирган бола, деб сени маломат қилишади”, деди. Мен: “Ундай қилманг, онажон. Чунки мен бу диндан асло воз кеча олмайман”, дедим. Онам бир кун овқат емади ва анча қийналди. Сўнг яна бир кеча-кундуз овқат емади. Тобора ҳолсизланди. Сўнг учинчи кун ҳам туз тотмади ва очликдан сулайиб қолди. Мен унинг аҳволини кўриб: “Онажон, ўзингиз яхши биласиз, Аллоҳга қасамки, агар сизнинг юзта жонингиз бўлиб, ҳаммаси бирма-бир чиқса ҳам мен бу динни ташламайман. Хоҳласангиз енг, хоҳласангиз еманг”, дедим. Шундан сўнг онам овқатланди”[1].
Имом Муслим ривоят қилади: “Саъднинг онаси то Саъд динидан қайтмагунича унга гапирмасликка, оғзига таом ва сув олмасликка қасам ичиб, бундай деди: “Аллоҳ ота-онангга яхшилик қилишга буюрган. Мен онангман. Онангга яхшилик қилишга буюраман”. Сўнг уч кунни шу ҳолда ўтказди. Ҳатто ҳолсизликдан ҳушидан ҳам кетиб қолди. Умора исмли ўғли унга сув ичириб қўйди. Она ўзига келиб, Саъдни дуойи бад қила бошлади. Аллоҳ таоло у ҳақда оят нозил қилди:
“Биз инсонга ота-онасига яхшилик қилишни, уларга ширин сўз ва яхши ишлар билан гўзал муомалада бўлишни буюрдик. (Эй инсон), агар ота-онанг сени Менга ибодатда ширк келтиришга буюрсалар, уларнинг буйруқларини бажарма” (Анкабут, 8).
“Гуноҳ бўлмаган ишларда ота-онангга яхши муносабатда бўл” (Луқмон, 15).
Агар унга овқат едирмоқчи бўлсалар, бир чўп билан оғзини очиб, едириб қўяр эдилар[2]. Саъд кўп машаққат чекди. Лекин ана шундай қийин вазиятда ҳам динида мустаҳкам турди. Бу эса унинг иймони ўта кучли эканини кўрсатади. Оқибат ҳар қанча ёмонлашмасин, у диндан воз кечмади[3].
Қуръон оятларини ўқир экансиз, мусулмон киши кофир қариндошларини яхши кўрмасликка буюрилган бўлса-да, уларга яхшилик қилишдан, қариндош-уруғлик риштасини боғлашдан қайтарилмаганини, балки бунга буюрилганини кўрасиз. Лекин ҳақиқий дўстлик ва муҳаббат ёлғиз Аллоҳга, Расулига, динига ва мўминларгадир[4].
[1] Ибн Касир тафсири, 3/446-бет.
[2] Муслим ривояти, 2/1877,1878-бетлар. Ҳадис рақами: 43, 44 (1748).
[3] “Меҳнатул-муслимин фи-ал-аҳдил маккий”, 106-бет.
[4] Муҳаммад ал-Қаҳтоний, “Ал-вало вал-баро”, 145, 147-бетлар.