Чақалоққа оид ҳукмлар (21): Ақиқадан кўзланган мақсад, ҳикмат ва фойдалар ҳақида (2)

0

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам жоҳилият даврида ҳам жорий бўлган ақиқа маросимини Исломда ҳам эътироф этиб, унинг ҳукмини таъкидлаб, бола ақиқаси эвазига гаровда ушлаб турилишини хабар берганларидан сўнг боланинг бошига ақиқа қонидан озгина бўлса ҳам суртишдан қайтардилар. Қон ўрнига бироз бўлса-да заъфарон суртишни суннат қилдилар. Чунки жоҳилият аҳли ўша пайтда табаррук қилиш мақсадида чақалоқ бошини ақиқа қони билан булғашар эди. Зеро, қурбонлик қони уларда муборак қон саналар эди. Шунинг учун бут-санамларига таъзим ва ҳурмат юзасидан уларга ақиқа ва қурбонлик қонидан суртишар эди. Бу ишда мушрикларга ўхшашлик борлиги учун мусулмонлар бундан қайтарилдилар. Ўрнига ота-она, чақалоқ ва камбағаллар учун бирдек манфаатли бўлган нарсани – боланинг сочини қириб, соч вазнига тенг тилла ёки кумуш садақа қилишни жорий этдилар. Бошига эса бадбўй ва нажосат бўлган қон эмас, хушбўй ва ёқимли рангли заъфарон суртишни суннат қилдилар. Заъфарон энг ёқимли, нафис ва рангги чиройли хушбўйликлардан саналади. Сочини қириш эса ундан озорни кетказиш учундир. Заиф соч олиб ташланса, ўрнига кучли ва мустаҳкам, бош учун фойдалироқ бўлган соч ўсиб чиқади. Шу билан бирга бола учун енгиллик бўлади. Бошдаги тешиклар очилади ва буғлар у ердан осонлик билан чиқиб кетади. Бу нарса боланинг кўриш, хид билиш ва эшитиш қобилиятини кучайтиради.

Мерос, хун ва гувоҳлик каби ишларда Аллоҳ эркакни аёлдан афзал қилди. Бинобарин, эркакнинг қадр-қимматини ҳамда Аллоҳ уни аёлдан устун қилганини кўрсатиш мақсадида шариат ўғил номидан иккита қўй сўйишни жорий этди.

Шунингдек, мазкур икки қўй (ёш ва кўринишда) тенг бўлиши жорий этилди. Абу Довуд ривоятида Аҳмад: «Бир-бирига тенг ёки яқин икки қўй», деган. Маймуний ривоятида эса: «Теппа-тенг», деган.

Жаъфар ибн Ҳорис ривоятида бундай деган: «Бири иккинчисига ўхшасин. Чунки қўйларнинг ҳар иккиси бадал ва эваз бўлар экан, иккала қўй ҳам ёш ва чиройда бир хил бўлиши иккаласи бир қўй каби бўлишини таъминлайди».

Бу гапнинг маъноси қуйидагича: агар эваз бир қўй билан бўлганида эди, ўша қўй комил ва бенуқсон бўлиши талаб этилар эди. Модомики икки қўй эваз бўлар экан, улардан бирида эътиборсизлик қилиб, камчиликка йўл қўйилиши эҳтимолдан холи эмас. Бу ҳолатда гўёки битта қўй эваз қилинган, иккинчи қўй эса аслида мақсад қилинмаган-у, шунчаки биринчисини тўлдирувчи қилиб сўйилгандек бўлиб қолади. Бинобарин, мазкур гумонни кетказиш учун ҳам иккала қўй бир-бирига тенг бўлиши жорий этилди.

Яна бунда ақиқани қурбонликдаги каби Аллоҳга тақдим қилишга яроқсиз қиладиган айблардан узоқ тутиш кераклигига ишора бор. Зеро, у билан боланинг гарови ечилади. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, ҳар бир бола ақиқаси эвазига гаровда ушлаб турилади.

«Ушлаб туриш» ва «гаров» маъноси нима эканида ихтилоф юзага келди.

Бир тоифа уламолар: «Бола ота-онасини шафоат қилишдан тўсилиб, гаровда ушлаб турилади», дейишди. Ато шундай деган, Имом Аҳмад унга бу фикрда эргашган[1].

Бу фикрда махфий бўлмаган хатолик бор. Чунки бола отани шафоат қилиши бунинг аксидан кўра (яъни ота болани шафоат қилишидан) афзалроқ эмас. Боланинг отаси бўлиш шафоатга ҳақли бўлиш дегани эмас. Бошқа қариндош-уруғчликлар ҳам шундай. Аллоҳ таоло айтади: «Эй одамлар, Раббингиздан тақво қилинглар. Қиёмат кунидан қўрқингларки, у кунда ота боласига, бола отасига бирор фойда етказолмайди» (Луқмон, 33);

«Биров бировнинг бирон ҳожатига ярамайдиган, ҳеч кимнинг шафоати-воситачилиги қабул қилинмайдиган кундан – қиёмат кунидан қўрқинглар» (Бақара, 48);

«Унда на олди-сотди, на ошна-оғайничилик ва на шафоатчи бўладиган кун – қиёмат куни келмасидан туриб…» (Бақара, 254).

Қиёмат куни то Аллоҳ ўзи хоҳлаган ва рози бўлган кимсага изн бермагунича бирор кимса бошқа бировни шафоат қила олмайди. Аллоҳ таолонинг шафоатга изн бериши шафоат қилинувчининг У зотга бўлган тавҳиди ва ихлосидан иборат амалларига боғлиқдир.

Шафоат қилувчининг мартабаси Аллоҳга нақадар яқин эканига ва Аллоҳ ҳузуридаги даражасига боғлиқ. Қариндошлик, фарзандлик ёки оталик билан шафоатга ҳақли бўлинмайди. Дарҳақиқат, шафоатчилар саййиди ҳамда Аллоҳ ҳузурида энг ҳурматли зот (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) амакилари, аммалари ва қизларига қараб: «Сизларни Аллоҳдан келадиган бирон зарар ёхуд азобдан ҳимоя қила олмайман», деган эдилар[2].

Бир ривоятда: «Сизлар учун Аллоҳдан келадиган бирон нарсага эга эмасман», деганлар[3].

У зотга Аллоҳ ҳузурида саждага йиқилган ҳолларида бериладиган буюк шафоатлари тўғрисида бундай деганлар: «Менга чегаралаб (саноқлари белгилаб) берилади, ўшаларни (шафоатим билан) жаннатга киритаман»[4].

Демак, у зотнинг шафоатлари Аллоҳ белгилаб берган чекланган ададда бўлади, ундан ортиғини шафоат қилолмайдилар. Энди қандай қилиб: «Бола отасини шафоат қилади. Агар боланинг номидан ақиқа қилмаса, уни шафоат қилишдан тўсиб қўйилади», деб айтиш мумкин?! Шунингдек, кимнидир шафоат қилмаган кимса «гаровда ушлаб турилган кимса» дейилмайди. Сўзда бунга далолат қиладиган бирор маъно йўқ.

Аллоҳ таоло банда ўзи қилган гуноҳлари эвазига гаровда бўлишини хабар берган. Аллоҳ таоло айтади: «Ҳар бир жон ўзи қилган (ёмонлик ва гуноҳ) ишлари эвазига гаровга олиниб, ҳибс этилгандир» (Муддассир, 38);

«Ана ўшалар ўзлари қилган (гуноҳ) ишлари эвазига гаровда қолган кимсалардир» (Анъом, 70).

Гаровда тутиб турилган кимса ҳибс этилган кимсадир. Бу ҳибс ё ўзи қилган ишлар сабабли, ё бошқа биров қилган ишлар сабабли бўлади. Бироқ ўзидан бошқани шафоат қилмаган кимсага мутлақ «гаровда ушлаб турилган» деб айтилмайди. Балки «гаровда ушлаб турилган» «қўлга киритмоқчи, унга эришмоқчи бўлган бирор ишидан тўсилган, ҳибс этилган» кимсадир. Бу иш ўзининг сабабидан содир бўлиши шарт эмас. Балки гоҳида ўзининг ҳаракати сабабли содир бўлса, гоҳида бошқанинг ҳаракати билан содир бўлади.

[1] Муаллифнинг «Зод ал-маод» (2/326) ва Хаттобийнинг «Маолим ас-сунан» (4/264) китобларига қаранг.
[2] Бухорий (5/382, 8/501) ва Муслим (1/192, 205-рақам) ривояти.
[3] Муслим ривояти, 203-204-ҳадислар.
[4] Бухорий (8/160) ва Муслим (1/181, 193-ҳадис) ривояти.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг