Сийрат: Саҳобалар чеккан азиятлар (7)

0

Мусъаб ибн Умайр разияллоҳу анҳу:

Мусъаб ибн Умайр разияллоҳу анҳу фаровон ҳаёт, яхши кийиниш ва неъматларга чулғаниб яшаш борасида Макка йигитларининг энг олдиларидан бири эди. Ота-онасининг эрка ўғли эди. Онаси бадавлат аёл бўлиб, унга энг нафис кийимлар кийдирар, энг хушбўй атирлар суртиб қўяр эди. Қимматбаҳо Ҳазрамавт пойабзалидан кияр эди[1]. Онаси меҳрибонлик қилиб, ҳатто унинг ухлайдиган жойида бошига яқинроқ ерга хурмо, сариёғ, пишлоқдан таёрланган таом тўлдирилган идишни қўйиб қўйган эди. Қачон уйғонса, ундан олиб ер эди[2].

Мусъаб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Арқам ибн Абу Арқамнинг уйида одамларни Исломга даъват этаётганларини эшитиб, у зот ҳузурларига борди ва Исломга кирди. Онасидан ва қавмидан қўрқиб, Исломни қабул қилганини улардан яширди. У Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига яширинча борар эди. Бир куни унинг намоз ўқиётганини Усмон ибн Талҳа кўриб қолди[3]. Сўнг онасига айтиб берди. Қавми уни ушлаб, қамаб қўйдилар. У Ҳабашистонга ҳижрат қилингунча қамоқда қолди[4].

Саъд ибн Абу Ваққос айтади: “Мен Мусъабни Исломга киргач кўп қийинчиликни бошидан кечирганини кўрганман. Териси худди илон пўст ташлагани каби тўкилиб кетган эди. Баъзан кўп қийналганидан ҳолсизланиб қолар, биз уни елкамизда кўтариб кетар эдик[5]. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қачон уни эсласалар: “Мен Маккада  Мусъабдан кўра сочи гўзалроқ, кийими чиройлироқ йигитни кўрмаганман”, дер эдилар[6].  Мусъаб Аллоҳ йўлида кўп азоб-уқубатлар чекиб, энг яқин одамларидан жафо кўриб, заиф бўлиб қолишига қарамай, саҳобалар карвонидан ортда қолмади. Улар билан бирга Аллоҳ йўлида жиҳод қилиб, Уҳуд ғазоти куни шаҳид бўлди[7].

Мусъаб дабдабали ва  фаровон ҳаёт кечирадиган йигитлар ичида Ислом тарбиясини олиб, обрў-эътиборли, дунё матоларига берилган, бой-бадавлат кишиларнинг ўғилларига ўрнак бўлди. Мусъабнинг ҳаёти бутунлай ўзгарди. Исломга киргандан кейин асло сусткашлик, дангасалик қилмади. Аксинча, нафсининг истакларига ғолиб бўлди. Ўткинчи дунёнинг лаззатларига алданмади[8].

Мусъаб динга кирганидан сўнг ўтмиш ҳаётидаги барча роҳат-фароғатини тарк этди. Ва табиийки, жуда оғир синовларга йўлиқди. Шу билан иймони сайқалланиб, ишончи янада ортди. У олдинги роҳат-фароғатидан айрилиб, ҳар қанча зулм кўрмасин, нақадар оғир қийноқларга тутилмасин, кўнгли хотиржам эди[9].  Қашшоқлик, обрўсизланиш, яқин қариндошлардан ажралиш, очлик ва қийноқлар, ватандан қувилиш каби мусибатларни бошдан кечирди. Динини ва иймонини бу синовлардан эсон-омон олиб ўтди. Кўнгли хотиржам ва қадамлари саботли бўлди[10]. Унинг Мадинадаги ҳаёти ҳақида кейинроқ сўз юритамиз, иншааллоҳ.

[1] “Ат-табақот ал-кубро”, 3/116-бет.
[2] “Ар-ровз ал-анф”, 2/195-бет.
[3] Заҳабий, “Сияр аълом ан-нубало”, 3/10, 12-бетлар.
[4]   “Меҳнатул-муслимийн фил-аҳдил-маккий”, 107-бет.
5] Ибн Исҳоқ, “Ас-сияр ал-мағозий”, 193-бет.
[6] “Ат-табақот ал-кубро”, 3/116-бет.
[7] “Меҳнатул-муслимийн фил-аҳдил-маккий”, 108-бет.
[8]  Муҳаммад Бурайғиш, “Ад-доия ал-мужоҳид Мусъаб ибн Умайр”, 105-бет.
[9] Муҳаммад Бурайғиш, “Ад-доия ал-мужоҳид Мусъаб ибн Умайр”, 105-107-бет.
[10] Муҳаммад Бурайғиш, “Ад-доия ал-мужоҳид Мусъаб ибн Умайр”, 126-бет.

Изоҳ қолдиринг