Намоз: Ўқиш мустаҳаб бўлган бошқа нафл намозлар

0

Учинчидан: Ўқиш мустаҳаб бўлган бошқа нафл намозлар

Равотиб ёки равотиб бўлмаган суннат намозлардан ташқари ўқиш мустаҳаб бўлган нафл намозлар ҳам борки, кўпчилик инсонлар уларни ўқишга эътибор бермай қўйишган. Эслатма бўлиши учун қуйида уларни алоҳида келтириб ўтаман.

1) Сафардан қайтганда ўқиладиган намоз

Сафардан қайтган киши масжидга кириб икки ракаат намоз ўқиши мустаҳаб саналади. Каъб ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сафардан қайтсалар, дастлаб масжидга кирар ва у ерда икки ракаат намоз ўқир эдилар»[1].

2) Қатл этилишдан олдин икки ракаат намоз ўқиш

Нававий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Қасос, ҳад (бу ўринда: муайян жиноятлар учун белгиланган ўлим жазоси) ва шу каби жиноятлар сабабли қатлга маҳкум этилган киши имкон топса қатл қилинишидан олдин намоз ўқиши мустаҳабдир. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, кофирлар Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида Хубайб ибн Адий разияллоҳу анҳуни қатл этиш учун олиб чиқишганида уларга қарата: «Мени ўз ҳолимга қўйинглар, икки ракаат намоз ўқиб олай», дейди. Шундай қилиб, у қатл этилиш олдидан икки ракаат намоз ўқиган биринчи киши бўлган эди»[2].

3) Ғам-ташвиш тушганда ўқиладиган намоз

Ҳузайфа разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламни бирон иш ғамга солса намозга шошилар эдилар»[3].

Умуман олганда, банда бирон ҳолат ёки муайян кўринишга чекланмасдан доимо намоз, дуо, тавба-тазарру билан Аллоҳга илтижо қилавериши лозим. Ғам-ташвиш тушганда ўқиладиган бу намоз «Ҳожат намози» деб аталадиган намоздан бошқадир. Тўғрироқ фикрга кўра, «Ҳожат намози» тўғрисидаги ҳадис заиф ҳисобланади.

4) Тавба қилганда ўқиладиган намоз

Абу Бакр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини эшитдим: «Бирон гуноҳ қилиб қўйган, сўнг таҳорат олиб, икки ракаат намоз ўқиган, сўнг Аллоҳдан истиғфор сўраган киши борки, албатта Аллоҳ унинг гуноҳларини мағфират қилади». Шундан сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам «Улар шундай зотларки, агар бирон катта гуноҳ иш қилсалар ёки ўзларига зулм қилсалар, гуноҳ ишларида давом этмаган ва (бу гуноҳ Аллоҳни ғазаблантирадиган ёмон иш эканини) билган ҳолларида Аллоҳни эслайдилар ва гуноҳлари учун Аллоҳдан истиғфор сўрайдилар. Аллоҳдан ўзга ким ҳам гуноҳларни мағфират қилар эди?!» (Оли Имрон, 135) оятини ўқидилар»[4].

5) Уйдан чиққанда ва уйга кирганда ўқиладиган намоз

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Уйингдан чиқмоқчи бўлганингда икки ракаат намоз ўқи, сени чиқишдаги (ёхуд уйингдан ташқаридаги) ёмонликлардан тўсади. Уйингга кирганингда ҳам икки ракаат намоз ўқи, сени киришдаги (ёхуд уй ичкарисидаги) ёмонликлардан тўсади»[5].

6) Шом билан хуфтон ўртасида ўқиладиган намоз

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу Аллоҳ таолонинг «Улар ётар жойларини тарк этадилар, азобдан қўрқиб ва савобни умид қилиб Рабларига дуо-илтижо қиладилар ҳамда Биз ризқ қилиб берган мол-мулклардан эҳсон қиладилар» деган сўзи тафсирида бундай дегани ривоят қилинади: «Улар шом билан хуфтон орасида уйғоқ бўлишар, (нафл) намоз ўқир эдилар»[6].

Ҳузайфа разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб, у зот билан бирга шом намозини ўқидим. Шундан сўнг у зот хуфтонга қадар (нафл) намоз ўқидилар». Имом Аҳмадга оид бир ривоятда: «То хуфтон намозини ўқигунларига қадар (нафл) намоз ўқишда давом этдилар. (Хуфтон намозини  ўқиб бўлгандан) кейин (масжиддан) чиқдилар»[7].

Таъкидлаш лозимки, шом билан хуфтон ўртасида ўқиладиган бу намоз муайян ракаатга чекланмаган. Бу намозни олти ракаат деб чеклаган ҳадислар заиф ҳадислардир. Шунингдек, бу намозни «аввобийн намози» деб номлаш ҳам исботини топмаган. Тўғри фикрга кўра, «аввобийн» намози зуҳо намозидир.

Мавзуга доир мулоҳазалар:

  1. Мусулмон киши нафл намозларни доимий тарзда ва кўп-кўп ўқиб юриши мақсадга мувофиқдир.

  2. Нававий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ражаб ойининг биринчи жума кечаси шом билан хуфтон орасида ўқиладиган ўн икки ракаатдан иборат «Солат ар-рағоиб» деб аталмиш намозни ўқиш, шунингдек, шаъбон ойининг ўн бешинчи кечасида юз ракаат намоз ўқиш бидъат ва шариатда йўқ бўлган мункар ишдир»[8].

  3. Кеча ва кундузги нафл намозлар икки-икки ракаатдан ўқилади. Чунки ҳадисда: «Кеча ва кундузги (нафл) намозлар икки-икки ракаат ўқилади»[9], дейилган.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўқиган нафл намозларда собит бўлган суннат ҳам шудир.

  1. Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Саволда сўралган намозлар каби муайян ракаатли, муайян вақтда, муайян суралар қироат қилиниб жамоавий тарзда ўқиладиган намозлар уламолар иттифоқи билан жоиз эмасдир. Бу ҳақда мўътабар уламолар китобларида айтиб ўтганлар. Бунга ражаб ойининг биринчи жумасида ўқиладиган «солат ар-рағоиб» намозини, ражаб ойининг биринчи кечасида, шаъбон ойининг ўн бешинчи кечасида ва ражаб ойининг йигирма еттинчи кечасида ўқиладиган «солат ал-алфийя» намозини ва шулар каби намозларни мисол қилиш мумкин. Бундай намозларни фақат бидъатчи жоҳил кимсаларгина пайдо қилиши мумкин»[10].

  2. Айтиб ўтиш лозимки, икки ҳайит кечасини намоз ўқиб тоат-ибодат билан ўтказиш, шунингдек, Қуръонни тўлиқ ёд олганда ўқиладиган намоз ҳақидаги ҳадислар тўқима ҳадислардир. Ундан ташқари «Солат ал-усбуъ» (ҳафта намози) тўғрисида ҳам биронта саҳиҳ ҳадис келмаган.

  3. Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Равотиб суннат намозларни давомли тарзда буткул тарк қилган кишига одамлар ўртасида ҳукм чиқариш, гувоҳликка ўтиш ва уларга фатво беришга рухсат берилмас экан, Исломнинг энг катта зоҳирий амалларидан бири бўлган жамоат намозини доимий равишда тарк қилган кишига қаёқдан рухсат берилсин?!»[11]

[1] Бухорий (4418), Муслим (2769), Абу Довуд (2773), Насоий (6/152) ривояти.
[2] Қаранг: «Ал-мажмуъ», 4/53-бет.
[3] Ҳасан. Абу Довуд (1319), Аҳмад (5/388) ривояти.
[4] Саҳиҳ. Абу Довуд (1521), Термизий (406), Ибн Можа (1395) ривояти. Термизий: «Ҳасан ҳадис», деган. Ҳадисни Албоний раҳимаҳуллоҳ саҳиҳ деган бўлса, Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ «Ат-таҳзиб»да (1/268-276) «жаййид» (ҳасан) деган.
[5] Байҳақий («Шуаб ал-иймон», 1/124), Баззор («Муснад») ривояти. Муновий «Файз ал-қадир»да нақл қилишича, ушбу ҳадисни Ҳофиз Ибн Ҳажар «ҳасан» деган. Ҳадисни Шайх Албоний «Ас-силсила ас-саҳиҳа»да (1323) келтирган.
[6] Абу Довуд (1321), Байҳақий (3/19) ривояти. Албоний «Ал-ирво»да (469) саҳиҳ деган.
[7] Насоий («Ал-кубро», 8298. Мунзирий санадини «жаййид» деган), Аҳмад (5/404), Ибн Хузайма (1194, санади саҳиҳ) ривояти.
[8] «Ал-мажмуъ», 4/56.
[9] Ҳадисдаги «кундузги» деган сўзнинг «шоз» экани айтилган. Бироқ Шайх Албоний бундай дейди: «Ҳадисга оид бир қанча ривоятларни ва унинг мазмунини қувватлайдиган бошқа ҳадисларни учратдим. Шулардан бири саҳиҳ ҳадис бўлиб, уни «Ар-равз ан-назир» китобимда (522) келтирганман». Қаранг: «Тамом ал-минна фит-таълиқи ала фиқҳ ас-сунна», 24-бет; «Ас-саҳиҳа», 1/423.
[10] «Мажмуъ ал-фатово», 23/414-бет.
[11] «Мухтасар ал-фатово ал-мисрийя», 78-бет.

Изоҳ қолдиринг