Чақалоққа оид ҳукмлар (22): Ақиқадан кўзланган мақсад, ҳикмат ва фойдалар ҳақида (3)

0

Аллоҳ таоло чақалоқ номидан қилинадиган ақиқани у дунёга келганида унга ёпишадиган ва унинг биқинига ниқтайдиган[1] шайтон гаровидан озод бўлишига сабаб қилди. Шундай қилиб, ақиқа болани шайтон ҳибсидан ва унинг зиндонидаги асирликдан ҳамда боланинг борар жойи бўлмиш охирати учун фойдали бўлган саъй-ҳаракатларига тўсқинлик қилишидан халос этувчи эваз бўлди. Унгача бола гўёки шайтон ўзига эргашганлар ва дўстлари учун ҳозирлаб қўйган пичоғи билан уни сўйиши учун тутқунликда эди. Зеро, шайтон Одам зурриётининг аксарини қириб ташлашга Рабби номига қасам ичган эди. Шу боис у бола туғилишини пойлаб туради. Чақалоқ дунёга келган заҳоти душмани у томонга шошади. Уни ўз қучоғига олиш ва қўли остида маҳбус бўлган дўстлари ва тўдаси сафига қўшиш учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилади. Шайтон буни уддалаш учун бор кучини сарфлайди.

Туғилган чақалоқларнинг аксари шайтоннинг издошлари ва қўшинлари жумласидан бўлади. Аллоҳ таоло айтганидек: «Улар топган бола-чақа ва мол-мулкларига шерик бўл!» (Исро, 64);

«Дарҳақиқат, Иблис одамлар ҳақидаги гумонини ростга чиқарди» (Сабаъ, 20).

Бинобарин, ушбу гаров қаршисида турган болани гаровдан қутқариш учун Аллоҳ таоло боланинг ўрнига эваз бўладиган жонлиқ сўйишни ота-онага буюрди. Агар унинг номидан жонлиқ сўйилмаса, бола гаровда қолади. Шунинг учун ҳам Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бола ақиқаси эвазига гаровда бўлади. Унинг номидан қон оқизинглар ва ундан озорни кетказинглар», деганлар[2].

Демак, шариат бола у сабабли гаровдан озод этиладиган қонни оқизишга буюради. Агар гаровда ушланиш ота-онага тааллуқли бўлганида, «болангизнинг шафоатига ноил бўлиш учун ўзингизнинг номингиздан қон оқизинг», деган бўлар эди.

Шариат боладан кўриниб турган зоҳир озорни кетказишга, яъни унинг сочини олишга буюрди. Шунингдек, унинг гаровда тутилиши сабабли ҳосил бўлган ботиний (ички) озорни қон оқизиш билан кетказишга амр этди. Бундан билинадики, бу икки иш болани ички ва ташқи озорлардан халос этиш учун жорий қилинган. Бундан кўзланган мақсадни Аллоҳ ва Расули янада яхши билувчидир.

[1] Қаранг: «Саҳиҳи Бухорий», 2/212, «Пайғамбарлар китоби», «Аллоҳ таолонинг: “Бу Китобда Марямни эсланг” деган сўзи ҳақидаги боб».
[2] Ҳадис тахрижи аввалроқ ўтди.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг