Тафсири муяссар, Нисо сураси, 36-42 оятлар

0

وَاعْبُدُوا اللَّهَ وَلا تُشْرِكُوا بِهِ شَيْئاً وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَاناً وَبِذِي الْقُرْبَى وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينِ وَالْجَارِ ذِي الْقُرْبَى وَالْجَارِ الْجُنُبِ وَالصَّاحِبِ بِالْجَنْبِ وَابْنِ السَّبِيلِ وَمَا مَلَكَتْ أَيْمَانُكُمْ إِنَّ اللَّهَ لا يُحِبُّ مَنْ كَانَ مُخْتَالاً فَخُوراً (36)

  1. Аллоҳга ибодат қилинглар ва ёлғиз Унга бўйсунинглар, рубубиятда ҳам, ибодатда ҳам Унга ҳеч кимни шерик қилманглар. Ота-онага яхшилик қилинглар ва уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини адо қилинглар. Қариндош-уруғлар, балоғат ёшига етмасдан оталаридан ажралиб қолган етимлар, эҳтиёжларига етарли мол-мулки бўлмаган мискинлар, узоқ ва яқин қўшнилар, сафар ва муқимликдаги ҳамроҳлар, эҳтиёжманд мусофирлар ҳамда қўл остингиздаги қул ва чўрилар ҳақ-ҳуқуқларини адо этинглар. Аллоҳ таоло мутакаббир ва мақтанчоқ кимсаларни ёқтирмайди.

الَّذِينَ يَبْخَلُونَ وَيَأْمُرُونَ النَّاسَ بِالْبُخْلِ وَيَكْتُمُونَ مَا آتَاهُمُ اللَّهُ مِنْ فَضْلِهِ وَأَعْتَدْنَا لِلْكَافِرِينَ عَذَاباً مُهِيناً (37)

  1. Улар (яъни Аллоҳ ёқтирмайдиган бу кимсалар) Аллоҳ берган бойликлардан эҳсон қилмайдиган, бошқаларни ҳам бахилликка буюрадиган, Аллоҳ берган неъматларга нонкўрлик қиладиган ва Аллоҳнинг фазл-марҳаматини яширадиган кимсалардир. Биз инкор қилувчилар учун хорловчи азобни ҳозирлаб қўйганмиз.

وَالَّذِينَ يُنفِقُونَ أَمْوَالَهُمْ رِئَاءَ النَّاسِ وَلا يُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ وَلا بِالْيَوْمِ الآخِرِ وَمَنْ يَكُنِ الشَّيْطَانُ لَهُ قَرِيناً فَسَاءَ قَرِيناً (38)

  1. Биз мол-давлатини риё учун, хўжакўрсинга сарфлайдиган, Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирмайдиган кимсаларга ҳам шу азобни ҳозирлаб қўйганмиз. Булар шайтон чорлайдиган ишлардандир. Шайтон кимнинг ажралмас дўсти бўлса, у нақадар ёмон дўст ва ҳамроҳдир!

وَمَاذَا عَلَيْهِمْ لَوْ آمَنُوا بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ وَأَنفَقُوا مِمَّا رَزَقَهُم اللَّهُ وَكَانَ اللَّهُ بِهِمْ عَلِيماً (39)

  1. Агар эътиқодда ҳам, амалда ҳам Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирсалар ва Аллоҳ берган мол-давлатдан савоб умидида, ихлос билан инфоқ қилсалар, уларга нима зарар етарди?! Аллоҳ таоло уларнинг ўзларини ҳам, қилаётган ишларини ҳам яхши билувчидир. У уларни шунга кўра ҳисоб-китоб қилади.

إِنَّ اللَّهَ لا يَظْلِمُ مِثْقَالَ ذَرَّةٍ وَإِنْ تَكُ حَسَنَةً يُضَاعِفْهَا وَيُؤْتِ مِنْ لَدُنْهُ أَجْراً عَظِيماً (40)

  1. Шубҳасиз, Аллоҳ таоло ҳеч кимга амалининг жазо ё мукофотини заррача ҳам камайтириб қўймайди. Агар заррача яхши иш бўлса, Аллоҳ таоло фазли марҳамати билан уни эгасига кўпайтириб беради ва кўпайтириши билан бирга Ўз ҳузуридан улкан савобни – жаннатни ато этади.

فَكَيْفَ إِذَا جِئْنَا مِنْ كُلِّ أُمَّةٍ بِشَهِيدٍ وَجِئْنَا بِكَ عَلَى هَؤُلاءِ شَهِيداً (41)

  1. Қиёмат куни Аллоҳ таоло ҳар бир умматнинг пайғамбарини ўз уммати қилган амалларга гувоҳ қилиш учун олиб келганида ва сизни – эй Пайғамбар, – ўз умматингизга Раббингиз рисолатини етказганингиз борасида гувоҳликка олиб келганида одамларнинг ҳоли не кечаркин?!

يَوْمَئِذٍ يَوَدُّ الَّذِينَ كَفَرُوا وَعَصَوُا الرَّسُولَ لَوْ تُسَوَّى بِهِمُ الأَرْضُ وَلا يَكْتُمُونَ اللَّهَ حَدِيثاً (42)

  1. Шу ишлар рўй берадиган кунда Аллоҳга кофир бўлган, пайғамбарга қарши чиққан ва итоат этмаган кимсалар Аллоҳ уларни ер билан тенг қилишини, ўзларининг тупроққа айланиб кетиб, қайта тирилмасликларини орзу қилиб қоладилар. Улар дилларидаги ҳеч нарсани Аллоҳдан яшира олмайдилар. Чунки Аллоҳ уларнинг оғизларини муҳрлаб қўйган ва қилган ишларига аъзолари гувоҳлик бериб турган бўлади.

Изоҳ қолдиринг