Хаббоб ибн Арат разияллоҳу анҳу:
Хаббоб ибн Арат Маккада темирчилик қилар эди. Аллоҳ таоло унинг биринчилардан бўлиб иймонга келишини тақдир этди. Хаббоб Арқам ибн Абу Арқамнинг ҳовлиси даъват марказига айланишидан олдин Исломга кирган эди[1]. Маккада қийноқларга солинган заиф кишилардан бири бўлган эди. Мушриклар уни қизиган темирга орқаси билан ётқиздилар, ҳатто териси шилиниб тушди[2].
Хаббоб Исломга кирганидан кейин Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан тез-тез кўришиб турди. Бундан хабар топган хожаси Умму Анмор унинг бошига бир темирни қиздириб босди. Хаббоб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга шикоят қилганида у зот: “Илоҳим, Хаббобга ёрдам бер”, деб дуо қилдилар. Шундан кейин Умму Анморнинг боши қаттиқ оғриб қолди. Оғриқнинг қаттиқлигидан ит каби увиллар эди. Табиблар унга томирини куйдириб даволашни тавсия этдилар. Шундан сўнг у бошини куйдириш учун Хаббобга борди. Хаббоб унинг бошидаги қон томирини куйдириш учун бир темирни қиздириб, босди. Шубҳасиз, бунда ақл эгалари учун ибрат бор. Аллоҳ таолонинг ёрдами сабрли мўмин бандаларига жуда ҳам тез келади. Қаранг, қилмиш қидирмиш деганларидек, Умму Анмор бошини куйдиргани ўз оёғи билан келди[3].
Мушрикларнинг кучсиз мусулмонларга тазйиқлари кучайиб кетганда Хаббоб Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи ва саллам олдиларига келди. У зот Каъба соясида чопонларини ёстиқ қилиб ётган эдилар. Хаббоб: “Ё Расулуллоҳ, бизнинг ҳаққимизга дуо қилмайсизми?! Аллоҳдан бизга ёрдам сўрамайсмизми?!” деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўтириб олдилар, юзлари қизариб бўғриқиб кетди. Сўнг бундай дедилар: “Сизлардан олдин ўтган халқларда бир кишини олиб келинар, ерни қазиб, уни ўша қазилган чуқурга тушириб, арра билан бошидан иккига арралаб ташланар эди. Бу азоблар уни динидан қайтара олмас эди. Танаси темир тароқ билан таралар, гўштлари суягидан ажралиб кетар эди. Бу қийноқлар уни диндан қайтар олмас эди. Аллоҳга қасам, бу дин мукаммал ҳолга етади. Ҳатто бир киши отга миниб, Санъо шаҳридан Ҳазрамавтгача йўлда ҳеч нарсадан қўрқмай боради, фақат қўйларига бўридан қўрқиши мумкин. Лекин сизлар шошилиб кетяпсизлар”, дедилар[4].
Хаббоб разияллоҳу анҳу мушриклардан кўрган қийноқлар ҳақида сўзлар экан, бундай дейди: “Мен темирчи эдим. Ос ибн Воилнинг мендан қарзи бор эди. Бир куни қарзимни сўраб борсам: “Аллоҳга қасам, Муҳаммаднинг динидан чиқмагунингча қарзимни тўламайман”, деди. Мен унга: “Аллоҳга қасам, сен ўлиб, қайта тирилгунингча ҳам Муҳаммаднинг динидан асло чиқмайман”, дедим. Шунда у: “Мен қачон ўлсам, сўнг қайта тирилсам, олдимга келарсан, ўшанда менинг мол-мулким ва фарзандларим бўлади, қарзимни узарман”, деди. Шундан сўнг Аллоҳ таоло у ҳақда ваҳий нозил қилди:
“Эй Пайғамбар, сиз оятларимизга кофир бўлган ва: “Қасамки, охиратда ҳам менга кўп мол-мулк ва фарзандлар ато этилгай”, деган кишини кўрдингизми?” (Марям, 77).
“Ҳолбуки, у қиёмат кунида Бизнинг ҳузуримизга (мол-дунёси ва бола-чақаларидан мосуво бўлиб), якка-ёлғиз ҳолда келади” (Марям, 80).
Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу халифалик даврида Хаббобдан Аллоҳ йўлида чеккан озорлари ҳақида сўзлаб беришини сўради. Шунда Хаббоб орқасини очиб, оқариб кетган терисини кўрсатди. Умар: “Мен бунақасини кўрмаганман”, деди. Хаббоб: “Эй мўминларнинг амири, ўт ёқиб, мени унинг устига орқам билан ётқиздилар. Сўнг улардан бири кўкрагимга оёғини қўйиб босди. Орқам билан ўтни ўчирдим, ўшанда ёғларим эриб кетган эди”, деди[5].
[1] Заҳабий, “Сияр аълом ан-нубало”, 2/479-бет.
[2] “Меҳнатул-муслимийн фил-аҳдил-маккий”, 95-бет.
[3] “Меҳнатул-муслимийн фил-аҳдил-маккий”, 96-бет.
[4] Бухорий ривояти, Исломда пайғамбарлик аломатлари боби, ҳадис рақами: 3613.
[5] “Ар-равз ал-анф”, 2/98-бет.