Чақалоққа оид ҳукмлар (23): Ақиқа гўштини пишириш хом тарқатишдан яхшироқдир

0

Ўн иккинчи бўлим

Ақиқа гўштини пишириш хом тарқатишдан яхшироқдир

Халлол «Жомеъ»да айтади: «Ақиқани сўйишга оид мустаҳаб ишлар ҳақидаги боб».

Менга Абдулмалик ал-Маймуний хабар беришича, у Абу Абдуллоҳ (Имом Аҳмад)дан: «Ақиқа пишириладими?» деб сўрайди. Имом: «Ҳа», деб жавоб беради[1].

Менга Муҳаммад ибн Али бундай хабар берди: «Бизга Асрам айтиб беришича, Абу Абдуллоҳ ақиқа тўғрисида: “Ҳар бир суяк қандай бўлса шундайича – синдирмай, аралаштирилмай алоҳида пиширилади”, деган».

Абу Довуд менга хабар беришича, у Абу Абдуллоҳдан: «Ақиқа пишириладими?» деб сўрайди. Имом: «Ҳа», деб жавоб беради. «Уни пишириш оғир келсачи?» дейилганида, «Бунга чидашлари керак», дейди[2].

Менга Муҳаммад ибн Ҳусайн хабар беришича, Фазл ибн Зиёд уларга бундай деган экан: «Абу Абдуллоҳдан ақиқа ҳақида: “У сув ва туз солиб пишириладими?” деб сўралди. У: “Шундай қилиниши мустаҳаб”, деди. “Агар бошқа нарса билан пиширилса-чи?” деб сўралган эди, “Зарари йўқ”, деб жавоб берди».

Сабаби, ақиқа гўштини пиширса, камбағаллар ва қўшниларни пишириш ташвишидан халос этади. Бу яхшилик устига яхшилик ва неъматга шукр бажо келтиришдир. Қўшнилар, болалар ва камбағаллар тайёр пиширилган, ортиқча меҳнат талаб этмайдиган гўшт сабабли кўпроқ ҳузурланадилар. Зеро, кимга тайёр пиширилган, ейиш учун қулай ҳолатга келтирилган таом ҳадя этилса, пиширилмаган ва меҳнат талаб этадиган хом гўшт берилганидан кўра кўпроқ хурсанд бўлади. Шу боис Имом Аҳмад: «Шунга чидашлари керак», деди.

Шунингдек, одатда шукрона муносабати билан тортиқ этиладиган таомларнинг барчаси пиширилган ҳолда тақдим этилади.

Араб тилида унинг бир неча номлари бор:

  • «Қиро» – меҳмонга қўйиладиган таом;

  • «Маъдуба» – махсус зиёфат таоми;

  • «Туҳфа» – зиёратчига бериладиган таом;

  • «Валима» – никоҳ тўйи муносабати билан қилинган таом;

  • «Хурс» – чақалоқ туғилгани муносабати билан бериладиган таом;

  • «Ақиқа» – еттинчи куни чақалоқниг сочи олинганида унинг номидан сўйиладиган жонлиқ;

  • «Азира» – хатна муносабати билан тортиладиган таом;

  • «Вазима» – мотамда бериладиган таом;

  • «Нақиа» – сафардан келган одамнинг таоми;

  • «Вакира» – иморат битгач бериладиган таом[3].

Мазкур муносабатлар билан таом улашиш хом гўшт тарқатишдан яхшироқ, ҳусни хулқ ва саховатга яқинроқдир. Валлоҳу аълам.

[1] Қаранг: «Масоил ал-имом Аҳмад» (ўғли Солиҳ ривояти), 2/210; Ибн Қудома. «Ал-муғний», 13/400-401.
[2] Қаранг: «Масоил ал-имом Аҳмад» (Абу Довуд ривояти), 256-бет.
[3] Қаранг: Саолибий. «Фиқҳ ал-луға ва сир ал-арабийя», 264-бет.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг