Халлол «Жомеъ»да айтади: «Ақиқа суякларини синдириш макруҳлиги ва уларни бўғинларидан бўлиш ҳақидаги боб».
Менга Абдулмалик ибн Абдулҳамид хабар беришича, у Абу Абдуллоҳ (Имом Аҳмад)нинг бундай деганини эшитган экан: «Ақиқа суяклари синдирилмайди. Лекин ҳар бир суяк бўғинидан кесилади, аммо суяклар синдирилмайди».
Бизга Абдуллоҳ ибн Аҳмад хабар берди: «Отамдан: “Ақиқа қандай бўлинади?” деб сўрадим. “Аъзолари бўғинидан ажратилади, бирорта суяги синдирилмайди”, деб жавоб берди»[1].
Кейин Солиҳ, Ҳанбал, Фазл ибн Зиёд, Абул Ҳорис ва Абу Толибдан ривоят қилиб, Абу Абдуллоҳ ақиқа ҳақида бундай деганини келтирди: «Бўғинларидан бўлакларга ажратилади, бирорта суяги синдирилмайди. Ҳар бир суяк қандай бўлса шундайича ажратиб олинади»[2].
Абу Довуд «Ал-маросил» китобида Жаъфар ибн Муҳаммаддан келтиришича, у отасидан қуйидагича ривоят қилади: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Фотима Ҳасан ва Ҳусайн номидан сўйган ақиқада бундай дедилар: “Ундан бир туёқни олиб, дояга элтиб беринглар. Ўзинглар ҳам енглар, бошқаларга ҳам едиринглар ва бирорта суягини синдирманглар”»[3].
Байҳақий келтирган ҳадисда Абдулворис Омир ал-Аҳвалдан, у Атодан, у Умму Курздан ривоят қилади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ўғил бола номидан баб-баравар икки қўй, қиз бола номидан бир қўй (сўйилади)”, дедилар»[4].
Ато: «Ҳар бир суяк қандай бўлса шундайича ажратилади, бирорта суяги синдирилмайди», дер эди. Адашмасам, «Кейин пиширилади», ҳам деган.
Ибн Журайж Атодан қуйидагича ривоят қилган: «Ақиқа гўшти майда-майда бўлинади, сув ва туз қўшиб пиширилади ва қўшниларга тарқатилади»[5].
Бу тўғрида Жобир ибн Абдуллоҳ ва мўминлар онаси Ойшадан ҳам ривоятлар бор.
Ибн Мунзир Атодан, у Абу Курз ва Умму Курздан ривоят қилишича, Абдураҳмон ибн Абу Бакрнинг аҳлидан бўлган бир аёл айтади: «Абдураҳмоннинг аёли туққанида туя сўйдик. Шунда Ойша бундай деди: “Йўқ, балки суннат иккита баб-баравар қўй сўйиб, уларни ўғил номидан садақа қилишдир. Қиз бола номидан эса бир қўй сўйилади. (Кейин) пиширилади, бирорта суяги синдирилмайди. Ундан ейилади, едирилади ва садақа қилинади. Бу иш (бола туғилганининг) еттинчи кунида бўлади. Агар еттинчи куни қилолмаса, ўн тўртинчи куни қилади. Агар унда ҳам қилолмаса, йигирма биринчи куни қилади”»[6].
Ибн Мунзир деди: «Шофеий айтади: “Ақиқа вожиб суннатдир. Қурбонликда қайси айблардан сақланилса, ақиқада ҳам ўша айблардан сақланилади. Ақиқанинг гўшти ва териси сотилмайди. Бирорта суяги синдирилмайди. Эгалари ундан ейди ва садақа қилади. Болага ақиқа қонидан ҳеч нима суртилмайди”»[7].
Абу Умар айтади: «Молик ҳам Шофеий айтган гапларни айтган. Бироқ у: “Суяклари синдирилади ва ундан таом пишириб қўшниларга едирилади. Валимада бўлгани каби одамлар чақирилмайди”, деган»[8].
Ибн Шиҳоб: «Суякларини синдирса бўлаверади», деган. Бу Моликнинг сўзидир[9].
Ақиқа суяклари синдирилишини жоиз деганлар бундай дейишган: Бу иш ман этилиши ёки макруҳ экани ҳақида эргашиладиган саҳиҳ суннат келмаган. Одатда гўшт суяклари синдирилади. Суяклари синдирилган гўштни ейиш ва ишлатиш осонроқ бўлади. Қолаверса, уни ман этишдан бирор манфаат йўқ.
Ақиқа суяклари синдирилишини макруҳ деб билганлар эса юқорида биз саҳоба ва тобеинлардан келтирган асарлар ва Абу Довуд ривоят қилган мурсал ҳадисни далил қилишган.
Улар ақиқанинг суякларини синдирмасликка оид қуйидаги бир қанча ҳикматларни зикр қилганлар:
Биринчиси: таомнинг қадр-қиммати ва аҳамиятини кўрсатиш. Чунки у меҳмонларга тортилади, қўшниларга тарқатилади ва камбағалларга едирилади. Шу боис уни майдалаганда ҳар бир аъзони тўлиқ, суягини синдирмасдан, бирор аъзони ноқис этмасдан бўлиш маҳбуб кўрилди. Зеро, шундай қилиш гўштни майда бўлакларга бўлиб тарқатгандан кўра ёқимлироқ ва саховатга яқинроқ эканида шубҳа йўқ.
Иккинчиси: агар ҳадя қилинаётган нарсага эътибор кўрсатилса ва унга беписандлик билан қаралмаса, уни олувчига янада ёқимли қилади. Шунингдек, бу нарса ҳадя берувчининг нақадар олийжаноб ва юксак ҳимматли шахс эканини кўрсатади. Қолаверса, бунинг замирида янги туғилган чақалоқ ҳам иззатнафсли, юксак ҳимматли ва олийжаноб бўлиб улғайишини умид қилиш ётади.
Учинчиси: модомики ақиқа чақалоқдан эваз ҳисобланар экан, янги туғилган боланинг суяклари ҳам бутун, танаси соғлом ва кучли бўлсин деган яхши ниятда ақиқа суяклари синдирилмайди. Ақиқа учун сўйилган жонлиқ суякларини синдириш, бу ишни макруҳ санаганлар наздида, худди уни ақиқа деб номлаш даражасида туради. Бинобарин, унинг суякларини синдириш макруҳлиги уни ақиқа деб номлаш макруҳлигига ўхшайди. Валлоҳу аълам.
[1] Қаранг: «Масоил ал-имом Аҳмад» (ўғли Абдуллоҳ ривояти), 3/879. [2] Қаранг: Ибн Қудома. «Ал-муғний», 13/401. [3] «Китоб ал-маросил», 278-279-бетлар, 379-рақамли ҳадис. Ҳадисни Байҳақий ҳам шу санад билан ривоят қилган (9/302), ровийлари «сиқа» (ишончли), бироқ санадида узилиш бор. [4] Қаранг: «Сунани Байҳақий», 3/302; «Шуаб ал-иймон», 15/104. Ҳадис тахрижи аввалроқ ҳам ўтди. [5] Қаранг: Ибн Абдулбар. «Ал-истизкор», 5/559. [6] Қаранг: Ибн Мунзир. «Ал-ишроф ала мазоҳиб ал-уламо», 3/417-418. Ибн Ҳазм «Ал-муҳалло»да (7/529) бундай дейди: «Бу ҳадис саҳиҳ эмас. Чунки у Абдулмалик ибн Абу Сулаймон ал-Арзамийдан ривоят қилинган». [7] Қаранг: Ибн Мунзир. «Ал-ишроф», 3/418. [8] Қаранг: «Ат-тамҳид», 4/321; «Ал-истизкор», 5/558-559. [9] Аввалги манба.
Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.