Намоз: Зуҳо намози (1)

0

Зуҳо намози

Зуҳо намозини ўқишга тарғиб

(1) Зуҳо намози «аввобин (тавба қилиб Аллоҳга кўп қайтувчилар) намози»дир

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Халилим (Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам) менга учта ишни: ухлашдан олдин витр намозини ўқишимни, аввобинлар намози бўлган икки ракаат зуҳо намозини қолдирмай ўқишимни, ҳар ойда уч кун рўза тутишимни қаттиқ тайинладилар. Мен бу ишларни (ўлгунимча) тарк қилмайман»[1].

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Зуҳо намозини фақат аввоб (Аллоҳга кўп қайтувчи) бандагина давомли ўқийди». Яна айтдилар: «У аввобинлар намозидир»[2].

(2) Зуҳо намози ҳар куни Аллоҳга шукр қилиш ўрнига ўтади

Абу Зар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ҳар куни банда танасидаги ҳар бир суяк (ёхуд бўғин) учун садақа қилиши керак. Бир бор тасбеҳ айтиш, бир бор ҳамд айтиш, бир бор «ла илаҳа иллаллоҳ» дейиш, бир бор такбир айтиш, яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш, буларнинг барчаси садақадир. Банда чошгоҳ вақтида икки ракаат намоз ўқиши шуларнинг барчаси ўрнига ўтади»[3].

(3) Зуҳо намозини тўрт ракаат ўқиган кишига Аллоҳ кафил бўлади

Нуайм ибн Ҳаммор Ғатафоний разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло бундай деган: «Эй Одам боласи, куннинг бошида мен учун икки ракаат намоз ўқи. Шунда Мен куннинг охиригача ишларингда мададкор бўламан, ғам-ташвишларингни аритаман (ёхуд сени гуноҳ ва офатлардан сақлайман)»[4].

(4)              Пайғамбар алайҳиссалом саҳобаларга зуҳо намозини ўқишни тайинлаганлар

Абу Дардо разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ҳабибим (Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам) менга учта ишни: ҳар ойда уч кун рўза тутишни, зуҳо намозини ўқишни ва витр намозини ўқимагунча ухламасликни қаттиқ тайинладилар. Мен тирик эканман, уларни асло тарк этмайман»[5]. Юқорида шунга ўхшаш ҳадис Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ҳам келтирилган эди.

(5)              Зуҳо намозини ўқиш савоби ўлжаларни қўлга киритиб, тез ортига қайтган ҳарбий бўлинма эришган савобдан улуғроқдир

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир қўшинни (жанговор топшириқ билан) юбордилар. Қўшин катта ўлжаларни қўлга киритиб, тезда ортга қайтди. Шунда бир киши деди: «Ё Расулуллоҳ, шу ҳарбий бўлинмадан кўра (топшириқни бажариб) тез ортга қайтган ва катта ўлжани қўлга киритган бўлинмани кўрмадик!» У зот айтдилар: «Сизларга ундан ҳам тезроқ қайтиш ва каттароқ ўлжани қўлга киритишни айтиб берайми? Бир киши уйида мукаммал таҳорат олса, сўнг масжид сари юрса, масжидда бомдод намозини ўқиса, сўнг (масжидда кутиб ўтириб, чошгоҳ вақтида) зуҳо намозини ўқиса, дарҳақиқат, бундай инсон (вазифасини бажариб) тез (уйига) қайтган ва катта ўлжа (ажр-савоб)ни қўлган киритган бўлади»[6].

(6)              Зуҳо намозини ўқиш учун чиққан кишининг савоби умра қилган кишининг савобига тенгдир

Абу Умома разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким уйидан таҳоратли ҳолида фарз намозни ўқиш учун (масжидга) чиқса, унинг ажр-савоби худди эҳром ўраган ҳожининг савобидек бўлади. Ким зуҳо намозини ўқиш учун (уйидан ёки иш жойидан масжидга ёки бошқа бирон жойга) чиқса ва фақат шу мақсадда машаққат тортса, унинг ажр-савоби худди умра қилганнинг савобидек бўлади. Намоз ортидан намоз ўқиш, улар ўртасида беҳуда ишлар билан шуғулланмаслик (Аллоҳнинг ҳузурида) даражаларнинг кўтарилишига сабаб бўлади»[7].

(7)              Бомдодни жамоат билан ўқигач, то қуёш чиққунча Аллоҳни зикр қилиб, сўнг зуҳо намозини ўқиган кишига тўлиқ ҳаж ва умра савоби берилади

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Ким бомдод намозини жамоат билан ўқиса ва қуёш чиққунича Аллоҳни зикр қилиб ўтирса, сўнг икки ракаат намоз ўқиса, унга тўлиқ, тўлиқ, тўлиқ ҳаж ва умра савоби бўлади»[8].

[1] Саҳиҳ. Ибн Хузайма ривояти, 1223. Санади саҳиҳ. Албоний «Ас-силсила ас-саҳиҳа»да (1164) саҳиҳ деган. Ҳадиснинг аслини Бухорий (1178) ва Муслим (721) ривоят қилишган.
[2] Ҳасан лиғайриҳи. Ибн Хузайма (1124), Табароний («Ал-авсат», 4/159) ривояти. Қаранг: Албоний. «Ас-силсила ас-саҳиҳа», 1994.
[3] Муслим (720), Абу Довуд (5243), Ибн Хузайма (1225) ривояти.
[4] Саҳиҳ. Абу Довуд (1289), Ибн Ҳиббон (2534), Аҳмад (4/201, 153) ривояти. Абу Дардо ва Абу Зар разияллоҳу анҳумодан ушбу ҳадис мазмунини қувватловчи бошқа ҳадислар ҳам ривоят қилинган.
[5] Муслим (722), Абу Довуд (1433), Аҳмад (6/440) ривояти.
[6] Ҳасан лиғайриҳи. Ибн Ҳиббон (2535), Баззор ва Табароний ривояти. Шунингдек, Имом Аҳмад (2/175) Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳумодан ривоят қилган, ровийлари орасида Ибн Лаҳиа мавжуд бўлган ҳадис юқоридаги ҳадис мазмунини қўллаб-қувватлайди.
[7] Ҳасан. Абу Довуд (558), Аҳмад (5/268) ривояти.
[8] Термизий (586) ва Табароний («Ал-кабир», 178) Абу Умома разияллоҳу анҳудан ривоят қилишган. Ҳайсамий ушбу ҳадис ривоятларидан бирининг санади ҳақида: «Санади жаййид (ҳасан)», деган. Қаранг: «Мажмаъ аз-завоид», 10/104. Ҳадисни Албоний «Саҳиҳ ал-жомеъ»да (6222) саҳиҳ деган.

Изоҳ қолдиринг