Намоз: Зуҳо намози (2)

0

Зуҳо намозининг ҳукми

Ҳадис ва асарлар кўрсатган тўғри фикрга кўра, зуҳо намозини ўқиш мустаҳаб ва бу намоз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидандир.

Дарҳақиқат, бу фикрга қарши фикрлар ҳам мавжуд. Бу борадаги жами қарашлар сони олтитага етган. Баъзи уламолар зуҳо намозини мустаҳаб эмас дейишса, баъзилар фақат уйларда ўқилади, дейишган. Баъзи уламолар бу намознинг сафардан қайтиш ёки бирон шаҳарни қўлга киритиш ва ҳоказо бирон сабаб юзасидан ўқилишини мустаҳаб дейишган. Ҳатто зуҳо намозини бидъат санаган уламолар ҳам топилади. Бироқ бу қарашлар ичидаги энг тўғриси, юқорида айтиб ўтганимиздек, унинг мустаҳаб эканидир.

Зуҳо намози неча ракаат?

Зуҳо намози энг камида икки ракаатдан иборат. Абу Ҳурайра ва Абу Дардо разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган «Халилим (Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам) менга учта ишни: …икки ракаат зуҳо намозини … қаттиқ тайинладилар» деган ҳадис ва бошқа ҳадислар шуни кўрсатади.

Шунингдек, зуҳо намозини тўрт ракаат ўқиш ҳам жоиз. Муслим Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам зуҳо намозини тўрт ракаат ўқир эдилар»[1], дейилади.

Жобир ва бошқалар ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу намозни олти ракаат ўқиганлари ҳам келган.

«Икки саҳиҳ ҳадислар тўплами»да Умму Ҳонеъ разияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда эса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Макка фатҳ этилган кунда зуҳо намозини саккиз ракаат ўқиганлари собит бўлган[2].

Шавконий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг феълий суннатларида зуҳо намози ракаатлари тўғрисида энг кўп саккиз ракаат, қавлий суннатларида эса энг кўп ўн икки ракаат собит бўлган».

Шавконий раҳимаҳуллоҳ қавлий суннат деганда Термизий ва Ибн Можа Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисни[3] назарда тутган. Бироқ бу ҳадис заиф ҳадисдир. Шунингдек, Абу Дардо разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган «Зуҳо намози ўн икки ракаатдир», деган ҳадис ҳам заифдир. Шунга кўра, зуҳо намозига тегишли саҳиҳ тарзда собит бўлган энг кўп ракаат феълий суннатда келган саккиз ракаатдир. Юқорида келтирилган Умму Ҳонеъ разияллоҳу анҳонинг ҳадиси шуни кўрсатади.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ишларидан тўрт ракаатдан ҳам кўпроқ ўқийвериш жоизлиги собит бўлган. Муслим Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам зуҳо намозини тўрт ракаат ўқир ва Аллоҳ хоҳлаганча ундан ҳам кўпроқ ўқир эдилар»[4].

Ушбу ҳадисда айтилган Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг зуҳо намозини тўрт ракаатдан кўпроқ ўқиганлари феълий суннатларида келган саккиз ракаат билан ёки қавлий суннатларидаги ўн икки ракаат билан (бироқ бу борадаги ҳадис саҳиҳ эмас) чекланади. Ёки ҳадисда зуҳо намозини ўн икки ракаатдан ҳам кўпроқ ўқиш назарда тутилган бўлиши мумкин. Зеро, бир гуруҳ уламолар, жумладан, Абу Жаъфар Табарий, Ҳалимий ва Руёний каби шофеий мазҳаби уламоларининг фикрича, шунингдек, Ибн Қаййим тўғрироқ деб билган фикрга кўра[5], зуҳо намозини бундан ҳам кўпроқ ўқиш жоиздир.

Айрим уламоларнинг фикрича, зуҳо намозини тўрт ракаат ўқиш афзалроқдир. Улар бу фикрга олдинроқ келтирилган Абу Дардо ва Ойша разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ва бошқа ҳадисларни далил қилишган. Абу Дардо разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло бундай деган: «Эй Одам боласи, куннинг бошида мен учун икки ракаат намоз ўқи. Шунда Мен куннинг охиригача ишларингда мададкор бўламан, ғам-ташвишларингни аритаман (ёхуд сени гуноҳ ва офатлардан сақлайман)». Муслим Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам зуҳо намозини тўрт ракаат ўқир эдилар», дейилади.

Менимча, энг тўғри фикр шудир. Чунки зуҳо намози тўғрисидаги ҳадисларнинг аксари шуни кўрсатади. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам зуҳо намозини саккиз ракаат ўқиганларига келсак, бу иш муайян сабабга кўра, яъни Макка фатҳ этилгани ва бу иш чошгоҳ вақтига тўғри келиб қолгани учун шундай бўлган. Бинобарин, хулоса қилиш мумкинки, бирон шаҳарнинг фатҳ этилиши муносабати билан ўқиладиган намоз саккиз ракаат, зуҳо намози эса икки ракаат ва зуҳо намозининг энг афзал кўриниши тўрт ракаатдан иборат бўлиб, бу намозни ундан ҳам кўпроқ ракаат ўқиш жоиздир.

Зуҳо намозини ўқиш тартиби

Тўғрироқ фикрга кўра, зуҳо намози икки-икки ракаатдан ўқилади. Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Умму Ҳонеъ разияллоҳу анҳо Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Макка фатҳ этилган куни зуҳо намозини қандай ўқиганларини тавсирлаб бундай дейди: «У зот Макка фатҳ этилган куни зуҳо намозини саккиз ракаат ўқидилар. Ҳар икки ракатдан кейин салом бердилар»[6]. Қолаверса, «Кеча ва кундузги (нафл) намозлар икки-икки ракаат ўқилади»[7] деган ҳадиснинг умумий мазмуни ҳам зуҳо намозининг икки-икки ракаатдан ўқилишини кўрсатади.

Зуҳо намозининг вақти

Зуҳо намозининг вақти қуёш чиқиб, бир найза миқдори кўтарилган вақтдан бошланиб, заволга 15-20 дақиқа қолгунга қадар давом этади. Замондош уламолар қуёш чиқиши билан бир найза миқдори кўтарилиши ўртасидаги вақтни тақрибан 15-20 дақиқа билан белгилашган.

Зайд ибн Арқам разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Қубо аҳлига чиқиб бордилар. Ўшанда улар намоз ўқиётган эдилар. У зот: «Аввобин намози чошгоҳ пайтида бўталоқ (нинг туёғи) куйган пайтда ўқилади», дедилар»[8].

«Бўталоқнинг туёғи куйиши»дан мурод қуёш кўкка кўтарилган чошгоҳ пайтидир. Чунки шу пайтда қуёш қумни қизитади ва бўталоқ қайноқ қумнинг ҳароратини сеза бошлайди.

Ушбу ҳадис зуҳо намозини қуёш кўтарилиб, ерни қизитадиган чошгоҳ пайтига қадар кечиктириб ўқиш афзал эканини кўрсатади.

[1] Муслим (719), Ибн Можа (1831), Аҳмад (6/74) ривояти.
[2] Бухорий (280), Муслим (336), Абу Довуд (1291, 2763), Термизий (2735), Насоий (1/126), Ибн Можа (1323) ривояти.
[3] Термизий (473), Ибн Можа (1380) ривояти.
[4] Муслим (719), Ибн Можа (1381) ривояти.
[5] «Зод ал-маод», 1/352-бет.
[6] Ҳадис тахрижи олдинроқ ўтди.
[7] Ҳадис тахрижи «Ўқиш мустаҳаб бўлган бошқа нафл намозлар» мавзусида ўтди.
[8] Муслим (748), Аҳмад (4/367) ривояти.

Изоҳ қолдиринг