Қабрларга сағана қуриш қачон пайдо бўлган?

0

259 – Қабрларга сағана қуриш қачон пайдо бўлган?

«Энг афзал асрларда[1] қабрлар устига сағана қуриш бўлмаган. Балки бу иш бувайҳийлар давлати ҳукм сурган даврга келиб пайдо бўлган ва кўпайган. Қарматийлар машриқ ва мағриб ерларини эгаллаганида улар орасида Ислом динини ўзгартиришни мақсад қилган динсиз кофирлар ҳам бор эди. Бувайҳийлар ҳам айрим ишларда ўша кофирлар билан ҳамфикр эдилар. Шунингдек, улар жаҳмийлар, мўътазилийлар ва рофизий-шиаларнинг илм аҳлига маълум бўлган бидъатларини ўзларида мужассам этган эдилар. Шундай қилиб, улар сохта зиёратгоҳлар қура бошлашди. Али разияллоҳу анҳу сағанаси[2] ва бошқа мақбаралар шулар жумласидан.

Сўнг бу каззоблар мақбараларни зиёрат этиш, у ерда намоз ўқиш ва дуо қилиш каби ишлар фазилати ҳақида ҳадислар тўқишди. Натижада ўша динсизлар ва уларга эргашган бидъатчилар мақбараларни улуғлайдиган, масжидларга эса беписанд қарайдиган бўлишди. Албатта бу мусулмонлар динига зиддир. Улар Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам хонадонини яхши кўриш ниқоби ортига беркинишди[3].

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларни масжид қилиб олишдан қайтарганлари айтилган мутавотир ҳадислар аввалроқ ўтди. Ширкнинг асли ва Исломнинг бузилиши бўлган мазкур икки бидъатга ўша ҳадислар етарлича раддия бўлади. Буни баён этадиган нарсалардан яна бири шуки, Аллоҳ таоло Қуръонда мақбараларни зикр қилмади, уларда намоз ўқишга ҳам буюрмади, балки масжидларда ибодат қилишга амр этди.

Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳнинг масжидларидан тўсадиган ва уларда (намоз ўқиш, Қуръон тиловат қилиш каби) Аллоҳнинг зикри бўлган ишларни ман қиладиган, масжидларни (бузиб ташлаш, ёпиб қўйиш ёки мўминларни киритмаслик билан) хароб қилишга уринаётганлардан кўра золимроқ ким бор?!” (Бақара, 114). Аллоҳ бу оятда: “Аллоҳнинг масжидларидан”, деди, “Аллоҳнинг мақбараларидан” демади. Қолаверса, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Али разияллоҳу анҳуга бирор суратни қолдирмай ўчириш ва бирор кўтарилган қабрни қўймай текислашни буюрган эдилар[4]. У зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларни масжид қилиб олишдан қайтардилар, уни қилганларни лаънатладилар[5].

Бу буйруқ мақбараларни бузишга бўлган буйруқдир, обод қилишга эмас. Ушбу обод этиш моддий бўладими, маънавий бўладими, фарқсиздир. Аллоҳ таоло: “Масжидларда эътикоф ўтирганингизда аёлларга яқинлик қилманглар” (Бақара, 187), деди, “мақбараларда” демади.

Аллоҳ таоло: “Айтинг: «Раббим адолатга ва ҳар бир масжидда Унга (ибодат билан) юзланишингизга буюрди»” (Аъроф, 29), деди. “Ҳар бир мақбарада”, демади.

Аллоҳ таоло: “Аллоҳнинг масжидларини обод қилиш мушрикларнинг иши эмас” (Тавба, 17), деди. “Аллоҳнинг мақбараларини” демади. Чунки мақбараларни обод этувчилар ё мушрик, ё мушрикка ўхшаган кишилар бўлади. Кейин Раб таоло: “Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадиган, намозни тўкис адо этадиган, закотни берадиган ва Аллоҳдан ўзгадан қўрқмайдиган кишиларгина Аллоҳнинг масжидларини обод қиладилар” (Тавба, 18), деди. Бу оятда ҳам: “Аллоҳнинг мақбараларини обод қиладилар”, демади.

Мақбараларни обод қиладиганлар эса Аллоҳдан бошқадан қўрқадилар. Улар ўликлардан қўрқадилар, Аллоҳдан қўрқмайдилар. Чунки улар Аллоҳ бирор далил туширмаган, Қуръон ва Суннатда келтирмаган кўринишда У зотга ибодат қиладилар. Мушриклар ўзларининг илоҳлари билан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни қўрқитмоқчи ва у зот билан тортишмоқчи бўлганида Пайғамбаримиз улар билан бундай дея баҳслашган эдилар: “Мен қандай қилиб сизларнинг бутларингиздан қўрқай?! Ахир сизлар қўлингизда ҳеч қандай далил бўлмаслигига қарамай Аллоҳдан қўрқмай Унга бутларингизни шерик қиляпсизлар-ку! Агар билсангиз айтинглар-чи, икки гуруҳдан – яъни мушриклар ва муваҳҳидлардан – қай бири Аллоҳнинг азобидан омонликка лойиқроқ?!” (Анъом, 81). Аллоҳ таоло деди: “(Аллоҳ ва Расулига) иймон келтирган ва иймонларига зулмни аралаштирмаган кишилар – ана ўшалар учун омонлик бор. Ана ўшалар ҳақ йўлга муваффақ этилган кишилардир” (Анъом, 82). Бухорий ва Муслим «Саҳиҳ»ларида Ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: “Ушбу: «Иймон келтирган ва иймонларига зулмни аралаштирмаган кишилар» (Анъом, 82) ояти нозил бўлганида бу оят Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларини қийин аҳволга солиб қўйди. Улар: «Ё Расулуллоҳ, ахир қай биримиз ўзига зулм қилмаган?» дейишди. Шунда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Зулмдан мурод ширкдир. Ахир солиҳ банданинг:Албатта ширк энг катта зулмдир” (Луқмон, 13) деган сўзини эшитмаганмисизлар?»”[6] Аллоҳ таоло айтади: “Мана шулар Иброҳимга қавми билан қилган мунозарасида берган далилларимиздир. Биз ўзимиз истаган кишиларнинг мартабаларини (дунёю охиратда) баланд қилиб қўямиз” (Анъом, 83). Зайд ибн Аслам ва бошқалар: “Илм билан”, деган.

Аллоҳ таоло: “Масжидлар ёлғиз Аллоҳ учундир. Уларда Аллоҳга қўшиб бошқа бирор кимсага дуо-ибодат қилманглар” (Жин, 18), деди. “Мақабаралар ёлғиз Аллоҳ учундир”, демади. Чунки қабрпарастлар Аллоҳ билан бирга бошқага ҳам дуо қилаверадилар»[7].

[1] Яъни салафи солиҳлар яшаган Исломнинг дастлабки уч асри. (Тарж.)
[2] Муҳаммад Аҳмад Даҳмон айтади: «Ғолиб гумонимга кўра, қабрларга бу услубда бино қуриш аслида форслардан олинган… Имом Али разияллоҳу анҳу қуббаси Исломда қурилган шу турдаги қуббаларнинг биринчиси эканида шубҳа йўқ» («Ат-турабу вал-мадофин ал-хоссату фил-ислом», 110-111 бетлар).
[3] Уларнинг ифлосликлари шу даражага етдики, оммани янада адаштириш мақсадида ўзларининг ҳукми остида бўлмаган юртларда ҳам тайини бўлмаган қабрларга мақбаралар қуриш учун катта пуллар сарфлай бошлашди. Мисол учун, рофизийлардан бўлган баҳара (боҳра)лар султони 1978 йили Зайнаб разияллоҳу анҳонинг Мисрдаги сохта қабри учун янги зал совға қилди. Шу сабабли тантаналар уюштирилди, Аллоҳдан ўзгаси ҳисобини билмайдиган даражада кўп пуллар сарфланди.
Қаранг: Доктор Иброҳим Ҳилол. «Ли-нақтаъ силатана би-ман каду лил-исломи ин кунна муслимин» (Агар мусулмон бўлсак, Исломга макр қилганлар билан алоқамизни узайлик) номли мақола. «Ат-тавҳид» журнали, 4-адад, 28-31 бетлар.
[4] Ҳадис тахрижи 84-масалада ўтди.
[5] Ҳадис тахрижи 181-масалада берилди.
[6] Бухорий (6937) ва Муслим (197, 124) ривояти.
[7] Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ. «Мажмуъ ал-фатово», 27/167-169.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг