Муҳим савол-жавоблар: 51-55 – саволлар

0

51-савол: Аёллар қабрларни зиёрат қилишининг ҳукми нима?

Жавоб: Аҳли илмларнинг сўзларидан тўғрироғига кўра, аёлларнинг қабрларни зиёрат қилишлари ҳаром амалдир, ҳатто кабира гуноҳлардан ҳисобланади. Негаки, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларни зиёрат қилувчи аёлларни лаънатлаганлар. Аёлларнинг Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларини зиёрат қилишларига келсак, у ҳам ҳадисдаги тақиқнинг умумига киргани боис, зиёрат қилмасликлари мақсадга мувофиқдир.

52-савол: Барзах ҳаёти тугагандан сўнг нима бўлади?

Жавоб: Қабр ҳаётидан сўнг қиёмат куни бошланади, у қайта тирилиш кунидир. Одамлар қабрларидан қайта тириладилар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Аа албатта Аллоҳ қабрлардаги бор жонзотни тирилтирур” (Ҳаж сураси, 7-оят).

У жамланиш куни бўлиб, ўша кунда Аллоҳ таоло халойиқни аввалидан охиригача ҳаммасини бир жойда жамлайди.

У ажрим куни бўлиб, у кунда Аллоҳ таоло бандалари ўртасида ажрим қилади.

У кунда қуёш халойиққа яқинлаштирилади, одамлар амалларига қараб терга ботадилар, яъни гуноҳкорлар кўпроқ терга ботадилар. У кун кофирларга жуда оғир кун бўлса, мўминларга енгил бўлади. У куннинг миқдори эллик минг йил бўлади.

53-савол: Қиёмат куни чалинадиган сур нима?

Жавоб: У мугуздан бўлган улкан карнайдир. Аллоҳ таоло унга дам уриш вазифасини Исрофил алайҳиссаломга топширган. Айни дамда Исрофил алайҳиссалом сурни оғзига қўйиб, пешонасини тириштириб, буйруқ келган заҳоти чалишга шай бўлиб кутиб турибди.

Сурга икки марта дам урилади: биринчиси жонларни олиш учун бўлса, иккинчиси қайта тирилиш учун. Сурга илк дам урилганда осмонлар ва ердаги барча жонзот ўлади. Иккинчи марта дам урилганда эса Аллоҳ таоло ўликларни қайта тирилтиради ва барча инсонлар оламлар Рабби учун қабрларидан турадилар.

54-савол: Одамлар маҳшаргоҳга қай ҳолатда йиғиладилар?

Жавоб: Одамлар маҳшаргоҳга ялангоёқ, яланғоч, хатна қилинмаган, барча аъзолари бус-бутун ва якка-якка ҳолда йиғиладилар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Мана, ҳузуримизга сизларни дастлаб қандай яратган бўлсак, шундай ёлғиз ҳолда келдингиз. Сизларга берган нарсаларимизни ортингизда қолдирдингиз” (Анъом сураси, 94-оят).

Қўрқувдан маст-аласт ҳолда бўлган одамлар оппоқ бир майдонда жамланишади. Унда ҳеч кимга хос бирон белги ёки аломат бўлмайди.

55-савол: Қиёматдаги ҳисоб-китоб қандай бўлади?

Жавоб: Аллоҳ таоло бандаларини маҳшардан кетишларидан олдин яхши-ёмон барча амалларини ҳисоб-китоб қилади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Зеро, ёлғиз Ўзимизга қайтишлари бордир! Сўнгра уларни ҳисоб-китоб қилиш ҳам ёлғиз Бизнинг зиммамиздадир!” (Ғошия сураси, 25-26-оятлар).

Аллоҳ таоло одамлар орасида Ўз фазли ва адолати билан ҳукм ва ажрим қилиш ҳамда уларни ҳисоб-китоб қилиш учун тушади. Ўшанда Унинг нуридан маҳшар ери ёришиб кетади.

Изоҳ қолдиринг