Муҳим савол-жавоблар: 56-60 – саволлар

0

56-савол: Мўмин ва кофирнинг ҳисоб-китоби қандай бўлади?

Жавоб: Мўминнинг ҳисоб-китоби билан кофирнинг ҳисоб-китоби фарқли бўлади. Мўминнинг ҳисоб-китоби фазл-марҳамат ва эҳсон билан бўлади. Аллоҳ таоло унга гуноҳларини кўрсатади ва банда қилган ишларига иқрор бўлади. Сўнг Аллоҳ таоло уларни беркитади ва мағфират қилади. Ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинади: “Сизлардан бирингиз (яъни мўмин банда) Раббига яқинлашади. Ниҳоят, У зот уни (бошқалар нигоҳидан) тўсиб, “Шу-шуларни қилганмидинг?” дейди. У: “Ҳа”, дейди. У зот яна: “Шу-шуларни ҳам қилганмидинг?” дейди. У: “Ҳа”, дейди. Уни гуноҳларига иқрор қилиб, сўнг: “Мен уларни дунёда одамлар кўзидан тўсган эдим, бугун эса уларни мағфират қиламан”, дейди” (Бухорий ривояти).

Бу ҳолат Аллоҳ таолонинг ушбу сўзининг изоҳидир: “Бас, у осон ҳисоб билан ҳисоб-китоб қилинажак” (Иншиқоқ сураси, 8-оят). Яъни амаллар кўрсатилади, холос. Аллоҳ таоло мўмин кишига гуноҳларини кўрсатади ва мағфират қилади.

Кофирларга келсак, гуноҳларини бўйинларига олишга мажбур қилинади, шунда ҳам инкор қилсалар, тиллари, қўллари ва оёқлари гувоҳлик беради. Улар ҳақиқий суратда ҳисоб-китоб қилинадиганлардир. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар: “Ким ҳисоб-китоб қилинса, азобланади (яъни албатта ютқазади)” (Бухорий ривояти).

Аллоҳ таолонинг фазли марҳамати билан Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларидан етмиш минг киши ҳисоб-китобсиз ва азоб-уқубатсиз жаннатга кирадилар. Улар бировдан дам солиб қўйишини сўрамаган, баданини куйдириб даволамаган, шумланмаган ва фақат Раббиларига таваккул қилган кишилардир.

57-савол: Номаи аъмол дафтарининг тарқатилиши қандай бўлади?

Жавоб: Номаи аъмол дафтари амаллар битилган китоб бўлиб, унда инсон дунёда қилган яхши ва ёмон амаллари ёзилган бўлади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: (Номаи аъмол) саҳифалари очилганида” (Таквир сураси, 10-оят).

Қиёмат куни номаи аъмол дафтарлари ўз эгаларига тарқатилади. Мўминларга олд томонларидан келтирилган номаи аъмол дафтарлари ўнг қўлларига берилади. Кофирларга орқа томонларидан келтирилган номаи аъмол дафтарлари чап қўлларига берилади.

58-савол: Қиёматдаги тарози қандай бўлади? У ҳақиқий тарозими?

Жавоб: Қиёматда ўрнатиладиган тарози ҳақиқий, ҳис қилинадиган ва кўз билан кўриладиган тарози бўлиб, унинг икки палласи бўлади. Унда бандаларнинг амаллари тортилади. Бу тарози қиёмат кунининг ниҳоясида ўрнатилади. Қуртубий раҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Ҳисоб-китоб ниҳоясига етгач, унинг ортидан амаллар тортилади. Чунки амалларни тортиш жазо-мукофот учундир. Бинобарин, ҳисоб-китобдан кейин бўлиши лозим”.

Тарозининг бир палласига савобли амаллар, иккинчи палласига гуноҳлар қўйилади. Бу ҳақда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар: “Тилга енгил, (қиёматда) тарозида оғир ва Раҳмонга суюкли икки калима: “Субҳааналлоҳил-азиим, субҳааналлоҳи ва биҳамдиҳи”дир” (Муттафақун алайҳи).

59-савол: Қиёмат куни қандай шафоат турлари бўлади?

Жавоб: Қиёмат куни бир неча шафоат кўринишлари бўлади. Жумладан:

Биринчи: маҳшаргоҳда турган одамлар орасида ҳукм қилиниши учун бўладиган шафоат. Бу буюк шафоат бўлиб, пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга хосдир. У Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга ваъда қилинган мақтовга сазовор мақомдир. Қиёмат кунида маҳшар майдонида тўпланган одамлар узоқ кутганларидан ғам-ғуссага тушиб, тоқат қила олмай қолишади. Шунда дастлаб Одам алайҳиссалом, сўнг Нуҳ, Иброҳим, Мусо ва ниҳоят Исо алайҳиссаломлар олдиларига бориб, улардан шафоат қилишларини сўрайдилар. Лекин улар: “Ўзим, ўзим”, деб бу ишга лойиқ эмасликларини айтишади. Охирида одамларнинг шафоат қилиш талаблари пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга етиб боради. Шунда у зот: “Буни мен қиламан”, дейдилар.

Иккинчи: жаннат дарвозалари очилишини сўрашдаги шафоат.

Учинчи: дўзахга тушишга ҳақли бўлган одамларни унга киритилмасликларини сўрашдаги шафоат.

Тўртинчи: тавҳид аҳлидан дўзахга кирганларни ундан чиқаришни сўрашдаги шафоат.

Бешинчи: жаннат аҳлидан бўлган кишиларнинг даражаларини кўтаришни сўрашдаги шафоат.

Олтинчи: баъзи кофирлардан азобнинг енгиллатилишини сўрашдаги шафоат. Бу пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам хос бўлиб, у зот амакилари Абу Толибнинг ҳаққига шафоат сўрайдилар.

60-савол: Шафоатнинг қандай шартлари бор?

Жавоб: Шафоатнинг учта шарти бор. Улар:

  1. Шафоат қилувчидан Аллоҳ рози бўлиши;

  2. Шафоат қилинувчидан Аллоҳ рози бўлиши;

  3. Шафоат учун Аллоҳнинг изни ва рухсати бўлиши.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “У кунда шафоат — қўллов фойда бермас, фақат Раҳмон изн берган ва сўзидан У зот рози бўлган кишигагина (фойда берур)” (Тоҳа сураси, 109-оят).

Изоҳ қолдиринг