Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу:
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга ҳикмат билан муомала қилар эдилар. Айниқса, қабила катталари ва бошлиқларининг ҳурматларини ўрнига қўяр эдилар. Шунингдек, ёш болаларга ҳам меҳрибон эдилар. Абдуллоҳ ибн Масъуд Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўзи кўрган меҳр ҳақида сўзлаб, бундай дейди: “Мен ёшлигимда Уқба ибн Абу Муайтнинг қўйларини боқар эдим. Бир куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр билан бирга ўтиб қолдилар. Мендан: “Эй болакай, сенда ичгани сут борми?” деб сўрадилар. Мен: “Ҳа, бор, лекин у менга омонат”, дедим. У зот: “Қисир совлиғинг борми?” дедилар. Мен бир қисир совлиқни олиб келдим. У зот қўйнинг елинини силадилар. Бирдан елинда сут тўпланди. Бир идишга сут соғиб ичдилар, сўнг Абу Бакрга ҳам бердилар. Кейин елинга қараб: “Кичрай”, дедилар. У кичрайди. Мен у зотга: “Менга ҳам шундай сўзлардан ўргатинг, ё Расулуллоҳ”, дедим. У зот бошимни силаб: “Аллоҳ сенга раҳматини туширсин, сен таълим оладиган боласан”, дедилар[1].
Унинг Исломга киришига сабаб мана шу икки калима бўлди. Биринчиси ўзи айтган: “Менга омонатдир” деган сўзлар, иккинчиси эса Пайғамбар саллалоҳу алайҳи ва салламнинг унга: “Сен таълим оладиган боласан” деган сўзлари эди. Бу икки калима унинг ҳаётида катта ўзгариш ясади. Кейинчалик саҳобаларнинг уламоларидан бўлди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда уни мақтади. У Исломга биринчилардан бўлиб кирган эди[2]. Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ Ибн Масъуд ҳақида бундай дейди: “Абдуллоҳ ибн Масъуд Исломни энг биринчи қабул қилганлардан бўлди, икки марта ҳижрат қилди. Бадр ва ундан кейинги барча жангларда иштирок этди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан кўп бирга бўлганидан “ковушларининг соҳиби” деган номга мушарраф бўлди”[3].
Қуръони каримни биринчи бўлиб жаҳрий ўқигани:
Ибн Масъуд Маккалик кишилардан бирининг иттифоқида бўлганига ва уни ҳимоя қиладиган қабиласи бўлмаганига қарамай Қурайш олдида Қуръонни овоз чиқариб ўқиди. Ҳолбуки, жисмонан нозик эди, ўзини ҳимоя қила олмас эди. Маккада даъват эндигина оёққа туриб, Қурайш унга қарши чиқиб турган бир ҳолда Ибн Масъуд Қурайш зодагонлари олдига чиқиб, Қуръонни баланд овозда ўқиди. Уларнинг муҳрланган қулоқларига, ғофил қалбларига Қуръон оятларини етказди. Шу билан у Маккада Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин биринчи бўлиб Қуръонни жаҳрий ўқиган одам бўлди. Воқеа бундай бўлганди: Бир куни саҳобалар суҳбатлашиб ўтириб, улардан бири: “Аллоҳга қасам, Қурайш Қуръон ўқилганини асло эшитмаган, ким уларга ўқиб эшиттира олади?” деди. Абдуллоҳ ибн Масъуд: “Мен”, деди. Саҳобалар: “Сенга зулм қилишларидан қўрқамиз, улардан ҳимоя қила оладиган қабиласи бор киши бўлса яхши бўларди”, дедилар. Ибн Масъуд: “Қўяверинглар, Аллоҳ мени улардан асрайди”, деди. Ва эртаси чошгоҳ пайтида Мақоми Иброҳимга келди. Қурайшлик зодагонлар мажлис ўтказадиган жойларида ўтирган эдилар. Ибн Масъуд Мақоми Иброҳимда туриб Қуръондан ушбу оятларни баланд овозда ўқиди: “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Ар-роҳмаан. Алламал қуръаан”.
بسم الله الرحمن الرحيم
الرَّحْمَٰنُ عَلَّمَ الْقُرْآنَ
У бу оятларни қайта-қайта ўқиди. Қурайш унга қулоқ тутиб: “Қулнинг боласи нима деяпти?” дедилар. Кимдир: “У Муҳаммад келтирган нарсаларни ўқияпти”, дейишди. Шунда ўринларидан туриб, уни ура кетишди. У эса Қуръонни ўқийверди. Сўнг юзи қонга беланган ҳолда саҳобалар олдига қайтиб келди. Улар: “Биз шундай бўлишидан қўрққан эдик”, дейишди. Ибн Масъуд: “Аллоҳнинг душманлари мен учун яна-да арзимас бўлиб қолди, агар хоҳласанглар эртага ҳам худди шундай қиламан”, деди. Улар: “Бас, етар, уларга ёқтирмаган нарсаларини эшиттирдинг”, дедилар[4].
Шундай қилиб, Абдуллоҳ ибн Масъуд Маккада Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин биринчи бўлиб Қурайш олдида Қуръонни жаҳрий ўқиган киши бўлди. Шубҳасиз, унинг бу иши уларга қаттиқ зарба бўлди. Қурайш бундай зарбага йўлиқишини кутмаган эди. Шунча азиятлардан сўнг ҳам Абдуллоҳ ибн Масъуднинг бундай ишга қўл уриши унинг иймони ўта бақувватлигига далолат қилади[5].
[1] “Ал-бидоя ван-ниҳоя”, 3/23-бет. “Сияри аълом ан-нубало”, 1/465-бет.
[2] Абдуссаттор Шайх, “Абдуллоҳ ибн Масъуд”, 43-бет.
[3] “Ал-исоба”, 6/214-бет.
[4] “Сийрати Ибн Ҳишом”, 1/314,315. “Усдул-ғоба”, 3/385,386-бетлар.
[5] “Меҳнатул-муслимийн фил-аҳдил-маккий”, 88-бет.