Муҳим савол-жавоблар: 61-65 – саволлар

0

61-савол: Қиёмат кунидаги ҳавзга иймон келтириш нима?

Жавоб: Қиёмат майдонида Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳавзлари бўлишига қатъий иймон келтирамиз. У кунда қаттиқ иссиқ бўлади, одамлар ҳолдан тойишади, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматлари ўша ҳавзнинг олдига келишади. Унинг суви сутдан кўра оқроқ, асалдан ширинроқ, мушк-анбардан хушбўйроқ, идишлари само юлдузлари саноғича бўлиб, ундан бир марта сув ичган киши асло чанқамайди. Ҳавзнинг суви Кавсардан келади. Кавсар Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга жаннатда бериладиган дарёдир. Ундан ҳавзга икки новдан сув қуйилиб тургани учун ҳавз доимо тўлиб туради.

62-савол: Сирот қандай кўприк? У қаерга қўйилган бўлади?

Жавоб: Сирот кўприги жаннат билан дўзах орасида жаҳаннам устига қурилган кўприкдир. Одамлар ундан амалларига қараб ўтадилар. У қилдан ингичка, қиличдан ўткир бўлиб, унинг одамларни амалларига қараб илиб қоладиган чангаклари бўлади.

Сиротдан ўтиб, дўзахдан қутулган мўминлар жаннат билан дўзах орасидаги бошқа бир кўприкда ушлаб турилади. У ерда дунёда ораларида содир бўлган ноҳақликларнинг қасоси бир-бирларидан олиб берилади. Ниҳоят, покланиб бўлишгач, жаннатга киришга изн берилади.

63-савол: Жаннат ва дўзахга иймон келтиришнинг маъноси нима?

Жавоб: Уларнинг мавжудлиги, ҳозирда яратилган ҳолда экани, Аллоҳнинг изни билан абадий йўқ бўлмасдан туриши, жаннат Аллоҳнинг дўстлари абадий қоладиган жойлиги, дўзах эса Аллоҳнинг душманлари абадий қоладиган жойлигига қатъий ишонишдир.

64-савол: Қадарга иймон келтиришнинг маъноси нима?

Жавоб: Ҳар бир яхшилик ва ёмонлик Аллоҳ таолонинг қазои қадаридан эканига ва Аллоҳ таоло хоҳлаганини қиладиган зот эканига қатъий ишонишдир.

65-савол: Қазо ва қадар орасида қандай фарқ бор?

Жавоб: Қазо сўзи алоҳида айтилганда қадарни, қадар сўзи алоҳида зикр қилинганда қазони ўзи ичига олади. Ҳар иккиси бир ўринда айтилганда эса, Аллоҳнинг яратиш, йўқ қилиш ёки ўзгартириш тўғрисидаги ҳукмига қазо дейилса, азалда битиб қўйган тақдирига қадар дейилади. Шунга кўра, қадар қазодан олдин бўлади.

Изоҳ қолдиринг