Намоз: Қиёмул лайл намозини ўқишга тарғиб

0

Қиёмул лайл намози

Биринчидан: Қиёмул лайл намозини ўқишга тарғиб

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сизлардан бирингиз (кечаси) ухласа, шайтон унинг бошининг орқа томонига учта тугун солади. Ҳар бир тугунга: «Ҳали олдингда узун кеча бор, ухлайвер», дея дам солади. Инсон уйғонганида Аллоҳни зикр қилса, битта тугун ечилади. Таҳорат олса, яна бир тугун ечилади. Намоз ўқиса, яна бир (учинчи) тугун ҳам ечилади. Оқибатда, тетик ва хушкайфият ҳолатда тонг оттиради. Акс ҳолда, ғамгин ва дангаса ҳолатда тонг оттиради»[1].

Амр ибн Абаса разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Раб таоло бандага энг яқин бўладиган вақт кечанинг охирги учдан бир қисмидир. Ушбу вақтда Аллоҳни зикр қиладиганлар қаторида бўлишга қодир бўлсанг, (фурсатни ғанимат билиб уларнинг қаторида) бўлиб қол»[2].

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида бир киши тилга олинди. У ҳақда: «У тонг отгунча (яъни бомдод вақти киргунча) уйғонмади, (қиёмул лайл) намозига турмади», дейилди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Шайтон унинг қулоғига сийибди», дедилар»[3].

Баъзи уламолар ушбу ҳадисдан бомдод намозига ухлаб қолган киши назарда тутилган, дейишган.

Ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Раббимиз икки кишидан ажабланди: (бири) аҳли-аёли ва яхши кўрганларидан узоқлашиб, юмшоқ тўшаги ва ёпинчиғини ташлаб намозга турган кишидир. Буни кўрган Аллоҳ таоло айтади: «Эй фаришталарим, мана бу бандамга қаранглар. У Менинг ҳузуримдаги мукофотларга қизиққани, ҳузуримдаги азоб-уқубатлардан қўрққани учун аҳли-аёли ва яхши кўрганларидан узоқлашиб, юмшоқ тўшаги ва ёпинчиғини ташлаб намозга турди…»[4].

Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким ўн оят (қироат қилиш) билан тунда намоз ўқиса, ғофиллардан бўлмайди. Ким юз оят (қироат қилиш) билан тунда намоз ўқиса, тоат-ибодатли бандалардан бўлади. Ким минг оят (қироат қилиш) билан тунда намоз ўқиса, беҳисоб ажр-савобни қўлга киритганлардан бўлади»[5].

Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ сизларга тунда намоз ўқийдиган, кундузи рўза тутадиган, гуноҳ ва фисқу фужурдан узоқ бўлган (дуоси мустажоб) тақводор зотлар дуо қилишини насиб этсин!»[6].

[1] Бухорий (1142, 2229), Муслим (776), Абу Довуд (1306), Насоий (3/203) ривояти.
[2] Саҳиҳ. Термизий ривояти, 3579. Термизий ҳадисни «ҳасан саҳиҳ», деган. Албоний «Саҳиҳ ал-жомеъ»да (1173) саҳиҳ деган.
[3] Бухорий (1144), Муслим (774), Насоий (3/204), Ибн Можа (1330) ривояти.
[4] Аҳмад (1/416), Абу Довуд (2536, мухтасар тарзда), Ибн Ҳиббон (2557) ривояти. Ҳадисни Албоний ҳасан, Аҳмад Шокир саҳиҳ деган.
[5] Ҳасан. Абу Довуд (1398), Ибн Хузайма (1144), Ибн Ҳиббон (2572) ривояти.
[6] Саҳиҳ. Бухорий («Ал-адаб ал-муфрад», 631), Абд ибн Ҳумайд (1/402) ривояти. Қаранг: Албоний. «Ас-саҳиҳа», 1810.

Изоҳ қолдиринг