Жиҳод кимга вожиб?

1

Жиҳод кимга вожиб?

Инсонга жиҳод вожиб бўлиши учун унда қуйидаги еттита шарт вужудга келиши керак: мусулмон бўлиши, эс-ҳуши жойида бўлиши, балоғатга етган бўлиши, озод ва ҳур бўлиши, эркак киши бўлиши, жисмонан соғлом ва моддий имконияти бўлиши.

Инсоннинг мусулмон, балоғатга етган ва эс-ҳуши жойида бўлишига келсак, бу шартлар умуман олганда шариатдаги ҳар қандай вазифаларнинг вожиб бўлиши учун шарт ҳисобланади.

Жиҳоднинг вожиб бўлиш шартларидан бири кишининг эрки ўзида бўлган ҳур бўлишидир. Негаки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳур кишилардан исломни қабул қилиш ва жиҳод қилишга байъат қилишни талаб қилсалар, қуллардан фақат исломни қабул қилишгагина байъатлашар эдилар.

Жиҳоднинг вожиб бўлиш шартларидан бири эркак киши бўлмоқдир. Бунга далил Ойша розияллоҳу анҳонинг ҳадисидир. Ҳадисда Ойша розияллоҳу анҳо шундай дейди: “Эй Расулуллоҳ, жиҳоднинг энг афзал амаллардан бири эканини биламиз. Шундай экан, (биз аёллар ҳам) жиҳод қилмаймизми?”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Балки (сиз аёллар учун) энг афзал жиҳод (Шариатда талаб қилинган кўринишда, риё ва гуноҳ аралаштирмай) тоат билан қилинган ҳаждир[1].

Жисмоний имконият бўлишига далил Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзидир: “(Жиҳодга чиқмай қолишдан) кўзи ожиз кишига маломат йўқдир.  Чўлоққа маломат йўқдир, хастага маломат йўқдир (яъни улар жиҳодга чиқмаганлари учун айбланмаслар)” [Фатҳ: 17].

Жиҳод вожиб бўлиши учун кишида моддий имконият, яъни жиҳодда қатнашиш учун етарли маблағ бўлиши зарур. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Ожиз-нотавонларга,  хасталарга  ва  (жиҳодга тайёргарлик кўриш ва бола-чақасига қолдириб кетиш учун) сарфлагани ҳеч нарса топа олмаган кишиларга — агар улар Аллоҳ ва Унинг пайғамбари учун холис бўлсалар –  бирон  гуноҳ йўқдир” [Тавба: 91].

Мулоҳазалар:

  • Молиявий ёки жисмоний жиҳод.

Жиҳод қилишга жисмоний имконияти бўлмаган бадавлат киши фақат мол-мулки билан жиҳодга ўз ҳиссасини қўшиши вожиб бўлади. Кенг иқтисодий имконияти бўлмаган, бироқ жисмонан соғлом киши  жисмонан жиҳод қилиши вожибдир. Ҳам жисмоний, ҳам молиявий салоҳиятга эга инсонлар эса ҳар икки йўл билан жиҳод қилиши вожибдир.

  • Мусулмонлар раҳбари – агар соҳа мутахассиси бўлса – бевосита ўзи ёки ишончли ҳарбий мутахассислар ёрдамида қўшинни кўздан кечириши, жиҳод қилишга яроқли кишиларни қолдириб, яроқсиз кишиларни четлаштириши лозим. Ушбу тадбир уруш қуроллари ҳамда мужоҳидлардаги турли имкониятларни кўздан кечиришни ҳам ўз ичига олади.

  • Шунингдек, мусулмонлар раҳбари мужоҳидларнинг руҳиятига таъсир этувчи, улар ичида тушкун кайфият уйғотувчи, душман имкониятини бўрттириб, мусулмонларда ғалабага бўлган ишончни сўндирувчи унсурларга барҳам бериши зарур.

  • Бундан ташқари ҳарбий қўмондон қўшинни тўғри тартиблаши, токи душман билан тўқнаш келганида парокандаликка юз тутмаслиги учун, шароит тақозосига кўра уни бўлинмаларга тақсимлаши ҳам вожиб.

[1] Бухорий (1520) ва Ибн Можа (2901) ривоят қилганлар.

Discussion1 dona sharh

  1. Жиҳод фарзи айн бўлганда ҳам шу қоидалар ишлайдими? Шу ҳақда ҳам маълумот берсангиз. Масалан Бадр жанги ва Табук жанги мисолида бу қоидалар бир хил ишлайдими?

Изоҳ қолдиринг