Сийрат: Саҳобалар чеккан азиятлар (10)

0

Холид ибн Саид ибн Ос разияллоҳу анҳу:

Холид ибн Саид ҳам биринчилардан бўлиб Исломни қабул қилган эди. У Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам даъватни янги бошлаган кезларда бир туш кўрган эди. Тушида ўзини дўзахнинг лабида кўрди. Ортидан биров уни дўзахга итараётган, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни қутқармоқчи бўлиб ортга тортаётган эканлар. Уйқудан чўчиб уйғонди. Бу тушни ҳақ деб билиб, уни Абу Бакр разияллоҳу анҳуга айтиб берди. Абу Бакр: “Сенга холис насиҳатим, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга эргаш”, деди. Холид Расулуллоҳ саллалллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига бориб, Исломни қабул қилди. Исломга кирганини отасидан яширди. Лекин отаси унинг ҳадеб кўздан ғойиб бўлаверганидан Исломга кирганини билиб қолди. Уни тутиб келиш учун ҳали Исломга кирмаган иниларини жўнатди. Улар уни ушлаб, оталарига олиб келишди. Отаси уни қўлидаги таёқ билан урди. Бошига қаттиқ урганидан таёқ синиб кетди. Сўнг уни қамаб қўйди. Иниларини  у билан гаплашишдан ман қилди. Қўл ва оёқларига кишан солдирди, кишанларни маҳкам боғлаб, қийнади. Унга уч кунгача сув бермади. Холид ҳаммасига чидади. Отаси унга: “Аллоҳга қасам, сенга овқат бермайман”, деди. Холид: “Сиз овқат бермасангиз, менга Аллоҳ ризқ беради”, деди. Сўнг қочиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига бориб олди. У зот унга кўп иззат-икром кўрсатар эдилар. У билан бирга бўлар эдилар. Ҳабашистонга иккинчи марта ҳижрат қилинганда Холид ҳам муҳожирлар билан бирга ҳижрат қилди[1].

[1] “Сияри аълом ан-нубало”, 1/260-бет.

Изоҳ қолдиринг