Тафсири муяссар, Нисо сураси, 49-57 оятлар

0

أَلَمْ تَرَ إِلَى الَّذِينَ يُزَكُّونَ أَنفُسَهُمْ بَل اللَّهُ يُزَكِّي مَنْ يَشَاءُ وَلا يُظْلَمُونَ فَتِيلاً (49)

  1. Эй Расул, анави кимсаларни кўрмайсизми, ўзларини ва қилаётган ишларини мақташади, ўзларини пок ва ҳар қандай ёмонликдан узоқ деб таърифлашади. Иш улар ўйлагандек эмас. Балки ёлғиз Аллоҳнинг ўзигина истаган бандасини мақтайди, чунки У бандалари қилаётган ишларнинг ҳақиқатини билади. Уларнинг бирон амали қилча ҳам камайтирилмайди.

انظُرْ كَيْفَ يَفْتَرُونَ عَلَى اللَّهِ الْكَذِبَ وَكَفَى بِهِ إِثْماً مُبِيناً (50)

  1. Эй Расул, уларнинг ишларини қаранг-а! Қандай қилиб Аллоҳга ёлғон уйдирадилар?! Ҳолбуки, Аллоҳ ўзига нолойиқ бўлган ҳар қандай камчиликдан пок зот! Уларнинг бу уйдирмалари эътиқодларининг бузуқлигини очиб берувчи катта гуноҳ бўлишга кифоядир.

أَلَمْ تَرَ إِلَى الَّذِينَ أُوتُوا نَصِيباً مِن الْكِتَابِ يُؤْمِنُونَ بِالْجِبْتِ وَالطَّاغُوتِ وَيَقُولُونَ لِلَّذِينَ كَفَرُوا هَؤُلاءِ أَهْدَى مِنْ الَّذِينَ آمَنُوا سَبِيلاً (51)

  1. Эй Расул, илмдан насибаси бўлган анави яҳудийларнинг ишини кўрмайсизми?! Улар Аллоҳдан бошқа сиғиниладиган бут-санамларга ҳамда инсу жиндан бўлган шайтонларга иймон келтирадилар ва бу ишонч-эътиқодлари уларни Аллоҳнинг шариатидан бошқасига ҳукм сўраб мурожаат қилишга олиб боради. Улар Аллоҳга ва Унинг пайғамбари Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга кофир бўлган кимсалар ҳақида: “Булар анави мўминлардан кўра тўғрироқ йўлдалар”, деб айтишади.

أُوْلَئِكَ الَّذِينَ لَعَنَهُمْ اللَّهُ وَمَنْ يَلْعَن اللَّهُ فَلَنْ تَجِدَ لَهُ نَصِيراً (52)

  1. Бузғунчилиги кўпайган ва залолати кенг ёйилган у кимсаларни Аллоҳ лаънатлаб, раҳматидан қувди. Аллох кимни раҳматидан қувган бўлса, сиз унга ёрдам берадиган ва ундан азобни даф қиладиган бирор кимсани ҳаргиз топмайсиз.

أَمْ لَهُمْ نَصِيبٌ مِنْ الْمُلْكِ فَإِذاً لا يُؤْتُونَ النَّاسَ نَقِيراً (53)

  1. Ёки уларга подшоҳликдан улуш берилганми?! Мабодо берилганда ҳам, улар ундан бирор кимсага зиғирча ҳам нарса бермаган бўлар эдилар.

أَمْ يَحْسُدُونَ النَّاسَ عَلَى مَا آتَاهُم اللَّهُ مِنْ فَضْلِهِ فَقَدْ آتَيْنَا آلَ إِبْرَاهِيمَ الْكِتَابَ وَالْحِكْمَةَ وَآتَيْنَاهُمْ مُلْكاً عَظِيماً (54)

  1. Ёки улар Аллоҳ Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга нубувват ва рисолат неъматини, асҳобларига ушбу рисолатни тасдиқлаш ва пайғамбарга эргашиш ҳамда ер юзида ҳукмронлик қилиш неъматини берганига ҳасад қилишадими ва бу неъматларни улардан йўқ бўлишини орзу қилишадими?! Биз бундан аввал Иброҳим алайҳиссалом зурриётига китоблар бердик ва китоб шаклида бўлмаган ваҳийларни туширдик. Шу билан бирга уларга катта мулк ва салтанат ҳам бердик.

فَمِنْهُمْ مَنْ آمَنَ بِهِ وَمِنْهُمْ مَنْ صَدَّ عَنْهُ وَكَفَى بِجَهَنَّمَ سَعِيراً (55)

  1. Илмдан насибаси бўлган ўша аҳли китоблар ичида Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарлигини тасдиқлаган ва шариатига амал қилган кишилар ҳам бор. Улар ичида у зотдан юз ўгирган, даъватини қабул қилмаган ва одамларни унга эргашишдан тўсган кимсалар ҳам бор. Эй кофирлар, ўзингиз унга ўтин бўладиган жаҳаннам сизларга кифоядир!

إِنَّ الَّذِينَ كَفَرُوا بِآيَاتِنَا سَوْفَ نُصْلِيهِمْ نَاراً كُلَّمَا نَضِجَتْ جُلُودُهُمْ بَدَّلْنَاهُمْ جُلُوداً غَيْرَهَا لِيَذُوقُوا الْعَذَابَ إِنَّ اللَّهَ كَانَ عَزِيزاً حَكِيماً (56)

  1. Аллоҳ таоло нозил қилган оятларни – Унинг китобидаги ваҳийларни, Унинг далиллари ва ҳужжатларини инкор қилган кимсаларни яқинда дўзахга киритамиз. Улар унда ёнадилар. Ҳар қачон терилари ёниб битса, алам ва азоблари давом этиши учун Биз уларга янги териларни алмаштириб қўямиз. Шубҳасиз, Аллоҳ таоло ҳеч ким бас келолмайдиган қудратли, тадбири ва ҳукмларида ҳикматли зотдир.

وَالَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ سَنُدْخِلُهُمْ جَنَّاتٍ تَجْرِي مِنْ تَحْتِهَا الأَنْهَارُ خَالِدِينَ فِيهَا أَبَداً لَهُمْ فِيهَا أَزْوَاجٌ مُطَهَّرَةٌ وَنُدْخِلُهُمْ ظِلاًّ ظَلِيلاً (57)

  1. Биз Аллоҳ таолога иймон келтириш ва Унинг элчиси Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарлигини тасдиқлаш билан қалблари хотиржам бўлган ҳамда тоат-ибодатда барқарор бўлган зотларни қасрлари ва дарахтлари остидан анҳорлар оқадиган жаннатларга киритамиз. Улар у жаннатларда абадий неъматлар ичида бўладилар ва улардан чиқмайдилар. У ерда улар учун Аллоҳ ҳар қандай нохуш нарсалардан поклаб қўйган жуфтлар бор. Биз уларни жаннатда серсоя жойларга киритамиз.

Изоҳ қолдиринг