Намоз: Қиёмул лайл намози ўқиш ҳукми

0

Иккинчидан: Қиёмул лайл намози ўқиш ҳукми

Қиёмул лайл намози ўқиш суннати муаккададир. Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Бир кеча Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидда намоз (қиёмул лайл) ўқидилар. Бир неча киши у зотга иқтидо қилиб намоз ўқиди. Сўнг кейинги кеча ҳам намоз ўқидилар. Бу гал иқтидо қилувчилар кўпайди. Одамлар учинчи ёки тўртинчи кеча ҳам намоз ўқиш учун йиғилдилар. Аммо Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам улар олдига чиқмадилар. Тонг отгач: «Сизлар қилган ишни кўрдим. Фақат сизларга (қиёмул лайл намози) фарз бўлиб қолишидан қўрққаним учунгина олдингизга чиқмадим», дедилар. Бу рамазон ойида бўлган эди»[1].

Салаф ва халаф уламолари қиёмул лайл намозини ўқиш Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга фарз бўлган ё бўлмагани хусусида ихтилофлашиб, икки хил фикр билдиришган. Ҳар икки гуруҳ Аллоҳ таолонинг «Сизга нафл бўлиши учун кечанинг бир қисмида уйқудан уйғониб кеча намозини ўқинг» (Исро, 79) деган сўзини далил қилишган.

Биринчи гуруҳнинг айтишича, оятдаги «нафл бўлиши учун» деган сўз қиёмул лайл намозининг Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга фарз эмаслигини кўрсатувчи очиқ далилдир. Иккинчи гуруҳнинг фикрича, Аллоҳ таоло у зотни тунда уйқудан уйғониб намоз ўқишга буюрди ва бу буйруқни насх (бекор) қиладиган бирон далил келмаган. Оятдаги «нафл бўлиши учун» деган сўзга келсак, бу сўз «зиёда, қўшимча» маъносини англатади, ундан фарзга тескари бўлган нафл назарда тутилган эмас. Бирон амални қўшимча тарзда бажаришни талаб этиш унинг нафл бўлишини тақозо этмайди. Зеро, қиёмул лайл намозини ўқиш Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқалар учун гуноҳларга каффорат бўлса, у зот учун даражаларнинг юксалишидир.

Қиёмул лайл намози фарз намозлардан кейинги энг афзал намоздир

 Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Фарз намозлардан кейинги энг афзал намоз тун қаърида ўқилган намоздир»[2].

[1] Бухорий (729, 1129), Муслим (761), Абу Довуд (1373), Насоий (3/202) ривояти.
[2] Муслим (1163), Абу Довуд (2429), Термизий (438), Насоий (3/206), Ибн Можа (1742) ривояти.

Изоҳ қолдиринг