Намоз: Қиёмул лайл намозига тегишли айрим одоб ва аҳкомлар

0

Учинчидан: Қиёмул лайл намозига тегишли айрим одоб ва аҳкомлар

1) Ётишдан олдин кечаси намозга туришни қатъий ният қилиш

Қиёмул лайл намози ўқимоқчи бўлган инсон ётишдан олдин кечаси намозга туришни азм қилиши лозим. Шояд шундай қилса, қуйидаги ҳадисда айтилган фазилат ва савобга ноил бўлса:

Абу Дардо разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ким тўшагига ётар экан, тунда уйғониб намоз ўқишни ният қилса, бироқ кўзи ғолиб келиб, бомдод вақти киргунга қадар уйғона олмаса, ният қилганининг савоби ёзилади. Уйқуси Раббидан унга садақа бўлади»[1].

2) Қиёмул лайл намозини доимий ўқиш мустаҳабдир

Инсон ҳаёти бўйича доимий равишда ўқишга қурби етадиган маълум ракаат қиёмул лайл ўқишга одатланиши ва зарурат бўлмаса ундан камайтирмаслиги мақсадга мувофиқдир.

Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Амалларни тоқатингиз етганича бажаринглар. Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сиз малолланмагунингизча малолланмайди»[2].

Яна Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Амалларнинг қай бири Аллоҳга суюклироқ?» деб сўралганда: «Гарчи оз бўлса-да, давомлироғи»[3], деб жавоб берганлар.

3) Қиёмул лайл намозини ташлаб қўйиш макруҳдир

Ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида тонг отгунча (яъни бомдод намози вақти киргунча) ухлаган киши тилга олинди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «У икки қулоғига шайтон сийган кишидир», дедилар»[4].

4) Ўқишга одатланган қиёмул лайл намозини ташлаб қўйиш макруҳдир

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Эй Абдуллоҳ, фалончидек бўлма! У қиёмул лайл намозини ўқир эди, кейин ташлаб қўйди»[5].

5) Кечаси уйғонган киши уйқуни қочириш учун кўзларини ишқалаши, мисвок ишлатиши, осмонга қараб Оли Имрон сурасининг охирги оятларини ўқиши суннатдир

Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «(Холам) Маймунаникида тунаб қолдим. Мен ёстиқнинг энига, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва завжалари эса унинг бўйига (бош қўйиб) ётдик. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кечанинг ярмига ёки шунга яқин вақтга қадар ухладилар. Сўнг уйғониб, уйқуни қочириш учун юзларини силадилар (Бошқа бир ривоятда: «…ўтириб, осмонга қарадилар»). Сўнг Оли Имрон сурасидан ўн оят (Бошқа бир ривоятда: «…Оли Имрон сурасининг охирги ўн оятини») ўқидилар. Сўнг осиғлиқ турган мешнинг олдига бориб, (ундаги сув билан) мукаммал таҳорат олдилар. Сўнг намоз ўқий бошладилар. Мен ҳам Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам  қилган ишни қилдим. Сўнг у зотнинг ёнларига бориб турдим. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўнг қўлларини бошимга қўйдилар, қулоғимдан тутиб, уни бураб қўйдилар. Сўнг икки ракаат, яна икки ракаат, яна икки ракаат, яна икки ракаат, яна икки ракаат, сўнг яна икки ракаат ўқидилар (Ҳар икки ракаатдан сўнг салом берганлар). Сўнг (тоқ ракаатли) витр намозини ўқидилар. Сўнг то муаззин келгунига қадар ёнбошлаб ётдилар. (Муаззин келгач), ўринларидан туриб икки ракаат (бомдоднинг суннатини) ўқидилар. Сўнг (масжидга) чиқиб, бомдод намозини ўқидилар»[6].

Ушбу ҳадис матнининг бошқа кўринишлари ҳам мавжуд бўлиб, уларни ўрганиш учун «Икки саҳиҳ ҳадислар тўплами»га мурожаат қилиш мақсадга мувофиқдир.

6) Кечаси уйқуси қочиб уйғонган киши қуйидаги дуони айтиши мустаҳабдир

 Рабеа ибн Каъб Асламий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга (яъни у зотнинг хизматларида шай туриш учун эшикларининг олдида) тунар эдим. (Бир гал одатдагидек) у зотга таҳорат олиш учун сув ва (таҳорат олишда ва бошқа ишларда) керакли нарсаларни олиб келдим. У зот қиёмул лайл намозини ўқир эдилар. Намозда узоқ вақт: «Субҳаана Роббий ва биҳамдиҳ, субҳаана Роббий ва биҳамдиҳ», дея, сўнг яна узоқ вақт: «Субҳаана Роббил ааламийн, субҳаана Роббил ааламийн», дея тасбеҳ айтар эдилар»[7].

سُبْحَانَ رَبِّي وَبِحَمْدِهِ  –  سُبْحَانَ رَبِّي وَبِحَمْدِهِ

سُبْحَانَ رَبِّ الْعَالَمِينَ   –  سُبْحَانَ رَبِّ الْعَالَمِينَ

Убода ибн Сомит разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Ким кечаси (тўшагида у ёқдан бу ёққа ағдарилаётиб) уйғонганида: «Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ. У шериги йўқ бўлган ёлғиздир. Барча мулк ва ҳамд-сано Унга хос. У барча нарсага қодирдир. Ҳамду сано Аллоҳга хосдир. Аллоҳни барча айбу нуқсондан поклайман. Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Аллоҳ барча нарсадан каттадир. Аллоҳнинг мадади ва тавфиқисиз бирон ҳолатдан бошқа ҳолатга ўтиш ҳам, ўша ҳолатда давом этиш ҳам йўқдир», деса, сўнг: «Ё Аллоҳ, гуноҳларимни мағфират қил», деса ёки (бошқа бирон) дуо қилса, дуоси мустажоб бўлади. Агар таҳорат олиб, (намоз ўқиса), намози қабул бўлади»[8].

لا إلَهَ إلَّا اللَّهُ وحْدَهُ لا شَرِيكَ له، له المُلْكُ وله الحَمْدُ، وهو علَى كُلِّ شيءٍ قَديرٌ، الحَمْدُ لِلَّهِ، وسُبْحَانَ اللَّهِ، ولَا إلَهَ إلَّا اللَّهُ، واللَّهُ أَكْبَرُ، ولَا حَوْلَ ولَا قُوَّةَ إلَّا باللَّهِ، اللَّهُمَّ اغْفِرْ لِي

Ўқилиши: «Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду, ва ҳува ала кулли шайъин қодийр. Алҳамдулиллааҳ ва субҳааналлоҳ ва лаа илааҳа иллаллоҳу, валлоҳу акбар. Ва лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳ. Аллоҳумма иғфирлий».

Ибн Баттол раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аллоҳ таоло Пайғамбари орқали ваъда беряптики, ким кечаси уйғонганида Раббининг бор ва бирлигига, бутун мулку салтанат унга хос эканига иқрор бўлса, неъматларини эътироф этиб, унинг эвазига Аллоҳга ҳамд айтса, Унга тасбеҳ айтиб, Уни барча айбу нуқсондан покласа, такбир айтиб Унга бўйсунса, агар Рабби мадад бермаса ўзининг мутлақ ожизлиги ва ҳар қандай куч-қудратдан мосуво эканига иқрор бўлиб, Аллоҳга таслим бўлса, албатта Аллоҳ бундай бандасининг дуосини ижобат этар, намоз ўқиса, намозини қабул қилар экан. Шундай экан, ушбу ҳадис етиб борган ҳар бир киши унга амал қилиб қолиши, Парвардигорига ниятни холис қилиши лозим бўлади»[9].

Ундан ташқари, таҳажжуд намозига турганда уйқудан уйғонганда айтиладиган бошқа дуоларни ҳам айтиш мустаҳаб саналади.

7) Эр-хотин бир-бирини қиёмул лайл намозига уйғотиши мустаҳабдир

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Кечаси қиёмул лайл намозига турган ва аёлини ҳам намозга уйғотган, агар туравермаса, юзига сув сепиб уйғотган эрга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин. Шунингдек, кечаси қиёмул лайл намозига турган ва эрини ҳам намозга уйғотган, агар туравермаса, юзига сув сепиб уйғотган аёлга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин»[10].

Абу Саид ва Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Агар эр киши кечаси аёлини уйғотса ва ҳар иккови намоз ўқиса ёки биргаликда икки ракаат намоз ўқишса, Аллоҳни кўп зикр қиладиган эркак ва аёллар қаторига ёзиладилар»[11].

8) Уйқу босганда намозни тўхтатиб, ухлаб олиш

Қиёмул лайл ўқиётганда уйқу босса, намозни тўхтатиб, тетик бўлиш учун ухлаб олиш мақсадга мувофиқ бўлади. Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Агар биронтангизни намозда мудроқ тутса, уйқу тарқаб тетик бўлиши учун ётиб ухлаб олсин. Зеро, инсон мудроқ тутганда намоз ўқиса, истиғфор айтаман деб ўзини ўзи дуойи бад қилиб қўйиши мумкин»[12].

Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидга кирдилар. Қарасалар, икки устун ўртасига арқон тортиб қўйилган экан. «Бу нима?» дедилар. «Бу Зайнабники. Намоз ўқиётиб дангасалик қилса ёки чарчаб қолса, унга осилиб олади», дейишди одамлар. Шунда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уни ечиб ташланглар. Тетик ва ғайратли бўлганингизда намоз ўқинглар. Агар дангасалик қилсангиз ёки чарчасангиз, ўтириб намоз ўқинглар», дедилар»[13].

9) Қиёмул лайл намозидан кейин истиғфор айтиш мустаҳабдир

Аллоҳ таоло айтади: «Ва улар саҳар пайтларида истиғфор айтадилар» (Оли Имрон, 17).

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Улар кечанинг охирига қадар намоз ўқиб, сўнг ўтириб, истиғфор айтадиган зотлардир».

[1] Насоий (3/258), Ибн Можа (1344), Ибн Хузайма (1172, 1175) саҳиҳ санад билан ривоят қилишган.
[2] Бухорий (43, 1151), Муслим (758), Насоий (3/218) ривояти.
[3] Муслим ривояти, 782.
[4] Бухорий (1144), Муслим (774), Насоий (3/304), Ибн Можа (1330) ривояти.
[5] Бухорий (1152), Муслим (1159, 185) ривояти.
[6] Бухорий (117, 138, 183, 697, 699, 776, 859, 992, 1198, 4569), Муслим (763) ривояти.
[7] Саҳиҳ. Ибн Ҳиббон (2594), Термизий (3416), Ибн Можа (3879) ривояти.
[8] Бухорий (1154), Термизий (3414), Насоий («Ал-явм вал-лайла», 861) ривояти.
[9] «Фатҳ ал-Борий», 3/41.
[10] Саҳиҳ. Абу Довуд (1308, 1450), Насоий (3/205), Ибн Можа (1336) ривояти.
[11] Саҳиҳ. Абу Довуд (1309, 1451), Насоий («Ал-кубро»), Ибн Можа (1335), Ибн Ҳиббон (2568) ривояти.
[12] Бухорий (212), Муслим (786), Абу Довуд (1310), Термизий (355) ривояти.
[13] Бухорий (1150), Муслим (784), Ибн Ҳиббон (2492) ривояти. Ҳадис матни Ибн Ҳиббонга оид.

Изоҳ қолдиринг