Маккада урушга рухсат берилмагани ва Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг руҳий томонга кўпроқ аҳамият қаратишлари сабаби
Табиийки, мусулмонлар ўзларини ҳимоя қилишни хоҳлардилар. Эҳтимол, тинч йўл билан иш олиб бориш айрим инсонларга, айниқса ёш йигитларга ёқмаган бўлиши ҳам мумкин. Абдураҳмон ибн Авф бир неча дўсти билан Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, биз мушриклик давримизда иззат-ҳурматга эга эдик. Иймонга келганимиздан кейин хорланиб қолдик”, дейишди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен афв этишга буюрилганман, уларга қарши уруш қилманглар”, дедилар[1].
Баъзи илм аҳллари Маккада нима сабабдан урушишга рухсат берилмагани ҳақида сўз юритганлар. Жумладан, Саййид Қутб раҳимаҳуллоҳ бундай дейди: “Аввало, биз ўзимиз ижтиҳод қилиб, бир ҳикматини топган бўлсак, Аллоҳ ирода қилган ҳикмат айни шу эди, деб айта олмаймиз. Чунки бундай дейиш Аллоҳ айтмаса ҳам биз унинг муродини биламиз, дегани бўлади. Қолаверса, биз баъзи нарсаларни сабаб деб биламиз, ҳолбуки у ҳақиқий сабабми ё сабаб эмасми, буни аниқ билмаймиз. Чунки мўмин киши ҳар қандай диний мажбурият ёки шариат ҳукми қаршисида мутлақо таслим бўлиши шарт. Аллоҳ таоло барча нарсани билувчи ва ҳамма нарсадан хабардор зотдир. Биз топган ҳикматлар ўзимизнинг қосир ақлимиздан келиб чиққан тахминдан бошқа нарса эмас ва хатодан холи бўлмайди ҳам. Чунки ҳақиқатни ёлғиз Аллоҳ билади. Зеро, Аллоҳ таоло Маккада уруш қилишга рухсат бермаган экан, унинг ҳикматини баён қилмади. Бизнинг қосир ижтиҳодимизга кўра, унинг ортидаги ҳикмат ва сабаблар ушбулардир:
Маккада урушга рухсат берилмаганига сабаб Макка даври муайян шароитда муайян шахсларни тарбиялаш босқичи бўлган эди. Бундай шароитда мусулмон шахсни оғир мусибатлар қаршисида сабрли бўлишга ва қарши чиққанларга оғир-босиқлик билан жавоб қилишга ўргатиш тарбиянинг мақсадларидан эди. Шу билан мусулмон киши шахсий ғараздан қутулади, ташқи босим олдида нафси учун ўч олмайди. Табиати ҳам, ҳаракати ҳам мўътадиллашади. Натижада, исломий жамиятнинг янги тузумига осонлик билан мослашади. Янги раҳбарнинг буйруқларига итоат этади. Хуллас, янги тузумнинг буйруқларига, гарчи унинг табиатига, урф-одатига тўғри келмаса ҳам, сўзсиз бўйсунади. Бу эса ўз ўрнида исломий жамиятни қуриш учун араб мусулмон шахсини тарбиялаш учун асосий пойдевор ҳисобланади.
Тинч йўл билан даъват қилиш Қурайшга кўпроқ таъсир ўтказиши мумкин эди. Чунки улар ўз шарафлари йўлида ҳар қандай қонли урушга ҳеч иккиланмай кирар эдилар. Борди-ю, уларга қарши жавоб қилинса, Доҳис, Ғабро ва Басус урушларида бўлгани каби янги урушни бошлаб юборишлари эҳтимолдан холи эмас эди. Сўнг Исломдан бўлган асосий мақсад унутилиб, қонли урушга ўтиб кетилиши мумкин эди.
Агар уруш бошланиб кетса, Макка аҳли умумий бир тузум остида яшаб келмаганлари боис ҳар бир хонадонда қон тўкилиши эҳтимоли бор эди. Демак, бундай шароитда урушга рухсат бериш кўпчиликнинг ёстиғини қуритарди. Кейин Ислом мана шундай хунрезлик дини, деб Исломни бадном қилинарди. Ўзи шундоқ ҳам ҳаж мавсумларида Қурайш Муҳаммад ота билан ўғилнинг, эр билан хотиннинг ўртасини ажратяпти, деб ташвиқот олиб борар эди. Агар уруш содир этилса, бу гап ўз тасдиғини топар ва Қурайш: “Бу дин фарзандга ўз отасини, қулга ўз хожасини ўлдиришни буюрмоқда”, деб айтарди.
Эҳтимол, Аллоҳ таоло мусулмонларни диндан қайтариш учун қийноқларга солаётганларнинг ўзлари ҳам келажакда Исломнинг холис аскарларига ва ҳатто шавкатли қўмондонларига айланишларини билгани учун ҳам урушга рухсат бермагандир. Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу бунга ёрқин далил бўлади.
Эҳтимоллардан яна бири шуки, қабилачилик шароитида араблар мазлумнинг ёнини олиб, золимга қарши курашишлари ва урушдан асло қайтмасликлари улар учун фахр эди. Хусусан, ҳурмат-эътиборли кишиларга зулм қилинса, асло чидаб тура олмас эдилар. Бунга талайгина мисоллар бор. Масалан, Ибн Дуғунна Абу Бакрнинг Маккадан чиқиб кетишини хоҳламади ва буни араблар учун ор деб билди. Чунки Абу Бакр улар ичида обрў-эътиборли кишилардан эди. Шунинг учун уни ўз ҳимоясига олишини айтди. Ёки бўлмаса, баъзи араблар Бани Ҳошим уруғини Абу Толиб дарасида қамал қилиш борасида тузилган битимни бузиб юборишлари ҳам бунга мисол бўлади.
Ёки ўша даврда мусулмонлар жуда ҳам озчиликни ташкил этганликлари ҳамда даъват Макка шаҳрига чекланиб, Арабистон яриморолининг бошқа қисмларига ҳали етиб бормаганлиги ёки етиб борган бўлса ҳам у ер-бу ерга етиб борганлиги ҳам урушга рухсат берилмаганига сабаб бўлган бўлиши мумкин. Барча қабилалар Қурайшнинг ички курашларидан ўзларини четга олиб, натижани кутар эди. Мана шундай қалтис вазиятда озчилик мусулмонларнинг мутлақ кўпчилик бўлган кофирларга қарши урушишлари, гарчи урушда мусулмонлар кофирларга қараганда кўпроқ одам ўлдирсалар ҳам, пировардида бу уларнинг бутунлай қирилиб кетишларига сабаб бўлиши мумкин эди. Натижада яна ширк ўз жойида қолаверар, воқеда Исломнинг ҳеч қандай ўрни қолмас эди. Ҳолбуки, Ислом ҳаёт қонуни, дунё ва охират тузумидир.
Урушга ҳали катта эҳтиёж туғилмаган эди. Чунки даъват иши ўз ўрнида юриб турган эди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Бани Ҳошимнинг ҳимоясида туриб даъват ишини юргизиб турган эдилар. У зотга таҳдид соладиган куч йўқ эди. Даъватни тўхтатишга ҳеч ким журъат қила олмаётган эди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Қурайш йиғинларида Каъба олдида, Сафо тоғи устида, барча оммавий тўпланишларда Исломга даъват қилаётган эдилар. Биров у зотни қамаб қўйишга ёки ўлдиришга ёки у зотга ўзининг сўзини ўтказишга журъат қила олмаётган эди.
Бу айтганларимиз Аллоҳнинг иродаси тақозо этган ҳикматларга киради. Ўша даврда мусулмонларни урушдан ман этилса ва намозни адо этишга буюрилса, келажакда етук хулқ эгалари бўлиб етишишлари, раҳбарга бўйсунишни ўрганишлари, шахсий ғаразлардан қутулиб, Аллоҳ йўлида холис амал қилувчи бўлишлари умид қилинарди[2].
[1] “Ас-сийра ан-набавия ас-саҳиҳа”, 1/158-бет.
[2] Муҳаммад ал-Қаҳтоний, “Ал-вало вал-баро” (“Тафсири зилол”дан қисқартма), 169-171-бет. “Тафсири зилол”, 2/714,715-бетлар. “Маолим фит-тариқ”, 69-71-бетлар.