Чақалоққа оид ҳукмлар (25): Ақиқага яроқли жонлиқ ёши

0

Ўн тўртинчи бўлим

Ақиқага яроқли жонлиқ ёши

Халлол «Жомеъ»да айтади: «Ақиқада сўйиш мустаҳаб бўлган жонлиқлар ҳақида боб».

Кейин Абу Толибдан талай масалаларни зикр қилади. Жумладан, у Абу Абдуллоҳ (Имом Аҳмад)дан «Совлиқ ёки катта қўзи ақиқага ярайдими?» деб сўради. Абу Абдуллоҳ бундай жавоб беради: «Қўчқор яхши. Дарҳақиқат, ҳадисда: “Қўчқор ёки совлиқ”, деб ривоят қилинди. Совлиқ ҳам бўлаверади». У:  «Қўзичи?» деб сўраган эди, «Ёши каттароқ бўлгани яхши», деди.

Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Кимнинг фарзанди туғилса ва унинг номидан қурбонлик қилишни яхши кўрса, қилсин»[1], деган сўзларида қурбонликда яроқли бўлган жонлиқ ақиқа учун ҳам яроқли бўлишига далил бор. Чунки у суннат сўйишдир. Унинг ҳукми ё вожиб ёки мустаҳаб. Садақа қилиш, ҳадя қилиш, ейиш ва Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш каби ишларда ақиқа қурбонликка ўхшайди. Бинобарин, қурбонликк учун яроқли бўлган ёш ақиқада ҳам меъёр қилиб олинди. Чунки жонлиқ бекаму кўст ва мукаммал бўлиши сифатида жорий этилди. Шу боис ўғил бола номидан икки қўй белгиланди, бири иккинчисидан кам бўлмаслиги жорий этилди. Иккаласининг ёши сўйишга буюрилган ҳайвонлар ёшида бўлиши эътиборга олинди. Шунинг учун ақиқа барча ҳукмларда қурбонликка эргашди.

Абу Умар ибн Абдулбар айтади: «Ақиқада ҳам фақат қурбонликда жоиз деб билинган саккиз тур чорва моллари жоиз эканига уламолар ижмо қилган, фақат гаплари ихтилоф ўлароқ эътиборга олинмайдиган айрим шоз фикрли кишилардан ташқари.

Имом Молик «Муватто»да Рабеа ибн Абдураҳмондан, у Муҳаммад ибн Иброҳим ат-Таймийдан ривоят қилишича, у: “Отам «чумчуқ сўйиб бўлса-да ақиқа қилиш мустаҳабдир» деганини эшитдим”, дейди[2]. Бу ердаги гапдан қўлдан келганча ақиқа қилишга тарғиб ва муболаға мақсад қилинган. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Умар разияллоҳу анҳуга бир от ҳақида: “Уни сенга бир дирҳамга берса ҳам олма”, деганлари[3] ҳамда бир чўри ҳақида: “Агар зино қилса, бир арқон эвазига бўлса-да сотиб юборинглар”, деганлари[4] ҳам шу қабилдан.

Молик айтади: “Ақиқа қурбонлик манзилатидадир. Унда на ғилай, на ориқ, на синган ва на касал жонлиқ сўйиб бўлади. На гўштидан ва на терисидан бирор қисмини сотиб бўлади. Суяги синдирилади, эгалари ундан ейди ва садақа ҳам қилади”»[5].

[1] Ҳадис тахрижи аввалроқ ўтди.
[2] «Ал-муватто», 1/419, «Ақиқа китоби».
[3] Бухорий (3/352) ва Муслим (3/1620) ривояти.
[4] Бухорий (6/421) ва Муслим (3/1329, 1703) ривояти.
[5] Ибн Абдулбардан иқтибос тугади. Қаранг: «Ат-тамҳид», 4/320; «Ал-истизкор», 5/558
Шунингдек, қуйидаги манбаларга мурожаат этинг: «Ал-муғний», 13/396; Рофеий. «Фатҳ ал-азиз шарҳ ал-важиз», 12/116; Мовардий. «Ал-ҳовий», 15/129.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг