Дард ва даво (99): Гуноҳлар орасида ширк кечирилмас гуноҳ саналишининг сири нимада? (4)

0

Аллоҳ таоло ўлганларни тирилтирмайди, қабрдан қайта чиқармайди, яхшини яхши амалига ва ёмонни ёмон амалига яраша ҳисоб-китоб қилиш, мазлумга золимдан ҳаққини олиб бериш, Аллоҳнинг розилиги учун бу дунёда қийинчиликларга сабр қилган бандаларни икром қилиш, бандаларига ихлофлашган нарсаларини баён қилиш ва кофир кимсаларга (Аллоҳ йўқ ёки Унинг шериклари бор деган даъволарида) ёлғончи эканларини билдириш учун одамларни маҳшарга жамламайди, деганлар Аллоҳни ҳақиқий қадрламаган бўладилар.

Аллоҳ таолонинг буйруқларига, қайтариқларига, ҳаққига ва зикрига бефарқ бўладиган, буйруғини бажармайдиган, қайтариғидан тийилмайдиган , ҳаққини зое қиладиган, зикрини беэътибор қолдирадиган, қалби Аллоҳнинг зикридан (Уни эслашдан) ғофил бўладиган, ҳавои нафсини Аллоҳнинг розилигидан устун қўядиган, бандага итоат қилишни Аллоҳга итоат қилишдан муҳим санайдиган банда Аллоҳни чинакам улуғлаган бўлмайди. Бундай кимсанинг қалби, сўзи ва амалида Аллоҳ таоло иккинчи, бошқалар эса биринчи ўринда туради. Чунки унинг учун бандаларнинг розилиги ва фикри Аллоҳнинг розилиги ва ҳукмидан аҳамиятлироқ ҳисобланади. Ўзи Аллоҳнинг чангалида, пешонаси (тақдири) Аллоҳнинг қўлида бўла туриб, Аллоҳ уни кўриб-билиб турганига беписанд қарайди. Одамларнинг назари ва уни кўришини қалби ва танаси билан ҳис этиб, унга қаттиқ эътибор қаратади. Одамлардан уялади, Аллоҳдан эса уялмайди. Одамлардан қўрқади, Аллоҳдан эса қўрқмайди. Одамларга муомала қилганда қўлидан келганча энг яхши муомала қилади, Аллоҳга эса юзаки ва ҳақир услубда муомала қилади. Илоҳлик даражасига кўтариб олган одамига хизмат қиладиган бўлса, бор кучини сарфлаб, сидқи дилдан хизмат қилади, бутун танасини унга бағишлайди, керак бўлса, уни рози қилиш йўлида ўз манфаатларидан ҳам воз кечади. Раббининг ҳаққига келганда эса, Аллоҳ насиб этиб бажарадиган бўлса, ҳатто ўзига ўхшаган бошқа бир инсон ҳам рози бўлмайдиган кўринишда адо этади. Мол-мулкидан бирон нарсани Аллоҳ учун сарфлайдиган бўлса, ҳатто одам боласига беришга уяладиган нарсани сарфлайди. Шундай сифатларга эга одам Аллоҳни чинакам қадрлаган ҳисобланадими?!

Улуғлаш, қадрлаш, итоат қилиш, хокисор бўлиш, бўйсуниш, қўрқиш ва умид қилиш каби холис Аллоҳнинг ҳаққи бўлган ишларда Унга душманини шерик қилган одам Аллоҳнинг қадрини билган ҳисобланами?! Маълумки, мазкур ишларда ҳатто Аллоҳнинг энг яқин бандасини Унга шерик қилинса, Аллоҳнинг холис ҳаққига тажовуз ва зулм қилиш, Унинг қадрини тушириш, Ундан бошқасига тўғри ҳам келмайдиган, мумкин ҳам бўлмайдиган ишда Унга шерик қилинган бўлинади. Энди, Аллоҳнинг ҳузурида энг манфур ва энг ҳақир бўлган, У энг ёмон кўрган бандани (яъни шайтонни) Аллоҳга шерик қилишга нима дейсиз?! Аслида шайтон Аллоҳнинг душманидир. Чунки Аллоҳдан бошқа нарсага ёки кимсага қилинган ибодат аслида шайтонга қилинган ибодатдир (Яъни шайтоннинг васваси ва озғириши билан Аллоҳдан ўзгага ибодат қилинади, ширк ва куфрнинг ортида шайтон туради). Аллоҳ таоло айтади: “Мен сизларга: «Эй Одам болалари, шайтонга ибодат қилмангиз, чунки у сизларга очиқ душмандир. Менгагина ибодат қилинглар! Мана шу тўғри йўлдир», деб буюрмаганмидим?!” (Ёсин, 60-61). (Оятда шайтоннинг сўзига эргашиш унга ибодат қилиш деб айтилмоқда.)

Мушрикларнинг фаришталарга қилган ибодати шайтонга қилинган ибодат саналди. Аммо улар фаришталарга ибодат қилмоқдамиз, деб ўйлашган эди. Аллоҳ таоло айтади: “Эсланг, Аллоҳ мушрикларнинг барчаларини тўплайди. Сўнгра фаришталарга: «Анавилар сизларга ибодат қилганмиди?» дейди. Фаришталар: «Биз Сени барча айб-нуқсондан поклаймиз. Сен ўзинг бизларнинг дўстимиздирсан, улар эмас. Йўқ, улар жинларга ибодат-итоат қилар эдилар. Уларнинг кўплари жинларга иймон келтирганлар», дерлар” (Сабаъ, 40-41). Шайтон мушрикларни ўзига ибодат қилишга чорлайди ва уларга ўзини фаришта қилиб кўрсатади.

Қуёш, ой ва юлдузларга ибодат қиладиган мушриклар мазкур сайёралардаги руҳий кучга ибодат қилишларини, шу куч улар билан сўзлашиши ва эҳтиёжларини қондиришини даъво қилишади. Шу сабабли қуёш чиққан пайтда шайтон унинг олдига туриб олади. Бу вақтда кофирлар қуёшга сажда қилишар экан, аслида шайтонга сажда қилган бўладилар. Қуёш ботишида ҳам худди шу ҳолат рўй беради.

Шунингдек, Масиҳ Исо алайҳиссалом ва унинг онасига ибодат қилганлар ҳам аслида шайтонга ибодат қилган бўладилар. Уларнинг даъвосича, Исо алайҳиссалом ўзи ва онасига ибодат қилишга буюрган ва шунга рози бўлган. Аслида бунга буюрган малъун шайтондир, Аллоҳнинг бандаси ва элчиси Исо алайҳиссалом эмас.

Юқорида айтилган гапларнинг тасдиғини Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзидан топасиз: “Мен сизларга: «Эй Одам болалари, шайтонга ибодат қилмангиз», деб тайинламаганмидим” (Ёсин, 60). Одам боласи Аллоҳдан бошқа ким ва нимага ибодат қилишидан қатъи назар, албатта шайтонга ибодат қилган ҳисобланади. Одам боласи ўзининг баъзи истакларини рўёбга чиқаришда шайтондан фойдаланиши, шайтон эса одам боласи уни улуғлаши, Аллоҳга шерик қилишидан фойдаланиши мумкин. Зеро, шайтонни Аллоҳга шерик қилиш уни энг кўп рози қиладиган амалдир.

Аллоҳ азза ва жалла айтади: “(Эй Муҳаммад, эсланг: Аллоҳ) уларнинг барчаларини тўплайдиган кунда: «Эй жинлар жамоаси, инсонлардан жуда кўпини (адаштирдингиз), дер». Шунда у жинларнинг инсонлардан бўлган дўстлари: «Парвардигоро, бизлар бир биримиздан фойдаландик ва Ўзинг биз учун белгилаб қўйган ажалимизга етиб келдик», деганларида, Аллоҳ айтади: «Жойингиз дўзахдир! Унда абадий қоласиз. Фақат Аллоҳнинг хоҳиши (билан ундан чиқишингиз) бундан мустаснодир». Албатта, Парвардигорингиз ҳикмат ва билим соҳибидир” (Анъом, 128).

Юқорида келтирилган сўзлар билан Аллоҳнинг ҳузурида энг катта гуноҳ ширк эканига, уни тавбасиз асло кечирмаслигига, ширк дўзахда мангу азобланишга сабаб бўлишининг сири нимада эканига, ширкнинг ҳаромлиги ва қабиҳлиги фақат шариат ундан қайтарганидан келиб чиқмагани, балки Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бандаларга Ўзидан бошқа илоҳга ибодат қилишга рухсат бериши амри маҳол эканига, шунингдек, ширк Аллоҳнинг комиллик ва улуғлик сифатларига зид келадиган амри маҳол иш эканига нозик ишора қилиб ўтдик. Рубубияти, улуҳияти, улуғлиги, юксаклигида ёлғиз бўлган Аллоҳ ушбу хусусиятларда Ўзига бировни шерик қилишга рухсат бериши ёки рози бўлиши мумкин дейиш қандай қилиб ақлга сиғади?! Аллоҳ таоло бундай ишдан пок ва олий Зотдир.

Изоҳ қолдиринг