Намоз: Қиёмул лайл намозининг вақти ва ўқиш тартиби

0

Тўртинчидан: Қиёмул лайл намозининг вақти

Қиёмул лайл намозини кечанинг ҳар қандай бўлагида ўқиш жоиздир. Бу намозни кечанинг бошида ҳам, ўртасида ҳам, охирида ҳам ўқиса бўлаверади. Қиёмул лайл намози тўғрисидаги ҳадисларда собит бўлишича, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам мазкур вақтларнинг барчасида намоз ўқиганлар.

Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламни кечаси намоз ўқиётган ҳолларида кўришни истасак, албатта кўрар эдик. Шунингдек, у зотни кечаси ухлаётган ҳолларида кўришни истасак ҳам, албатта кўрар эдик. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ойнинг бирон қисмида рўза тутар эдилар, ҳатто бу ойда бирон кун рўзасиз юрмасалар керак, дер эдик. Шунингдек, ойнинг бир қисмини рўзасиз ўтказар эдилар, ҳатто бу ойда бирон кун рўза тутмасалар керак, деб айтар эдик»[1].

Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтади: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таҳажжуд намозлари учун муайян вақт йўқ эди, балки намозга туриш имкони бўлганда ўқийверар эдилар».

Шундай бўлса-да, қиёмул лайл намозини кечанинг охирги учдан бир қисмида ўқиш афзалдир.

Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳга энг суюкли рўза Довуд алайҳиссаломнинг рўзаси ва Аллоҳга энг суюкли намоз Довуд алайҳиссаломнинг намозидир. У туннинг ярмида ухлар, учдан бирида намоз ўқир, олтидан бирида ухлар ва бир кун рўза тутиб, бир кун рўза тутмас эди»[2].

Ойша разияллоҳу анҳодан «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам кечаси қандай намоз ўқир эдилар?» деб сўралганда бундай деган: «У зот кечанинг бошида ухлар, охирида туриб намоз ўқир, сўнг тўшакларига қайтиб ётар эдилар. Сўнг муаззин азон айтса, ўрниларидан турар, агар жунуб бўлсалар ғусл қилар, акс ҳолда, таҳорат олиб, (масжидга) чиқар эдилар»[3].

Ҳадисда келади: «Аллоҳ кечанинг охирги учдан бир қисмида дунё осмонига тушади ва айтади: «Бирон дуо қилгувчи борми, дуосини ижобат қилсам, бирон (нарса) сўрагувчи борми, сўраганини берсам, бирон истиғфор айтувчи борми, уни мағфират қилсам?!»[4]

Бешинчидан: Қиёмул лайл намозини ўқиш тартиби

Абу Салама ибн Абдураҳмондан ривоят қилинишича, у Ойша разияллоҳу анҳодан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам рамазон ойида қиёмул лайл намозини қандай ўқишлари ҳақида сўрайди. Шунда Ойша разияллоҳу анҳо бундай жавоб беради: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам рамазонда ҳам, рамазондан бошқа ойларда ҳам ўн бир ракаатдан ортиқ тун намозини ўқимас эдилар. Дастлаб турт ракаат ўқир эдилар. Шундай чиройли ва узун намозки, асти қўяверасиз. Сўнг яна тўрт ракаат ўқир эдилар. Шундай чиройли ва узун намозки, асти қўяверасиз. Сўнг уч ракаат ўқир эдилар»[5]. Ҳадиснинг баъзи ривоятларида бундай дейилади: «Саждада бир киши эллик оят тиловат қилгунчалик муддат турар, сўнг бош кўтарар эдилар»[6].

Ушбу ҳадисга кўра, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ишларидан (яъни феълий суннатларидан) собит бўлган қиёмул лайл намози ўн бир ракаатдан ошмайди. Бироқ баъзи ҳадисларда у зотнинг кечаси ўн уч ракаат ўқиганлари, сўнг бомдод азонини эшитсалар, енгилгина икки ракаат ўқиганлари ҳам келган[7]. Ўн уч ракаат қиёмул лайл ўқиш, яқинда ўтганидек, Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан[8], шунингдек, Зайд ибн Холид Жуҳаний разияллоҳу анҳудан[9] ривоят қилинган ҳадисларда ҳам собит бўлган.

Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ойша разияллоҳу анҳо қиёмул лайл намозига хуфтоннинг суннатини ҳам қўшиб ҳисоблаган бўлиши мумкин. Чунки Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу суннатни уйларида ўқир эдилар. Ёки у Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам қиёмул лайл намози учун дебоча ўлароқ ўқийдиган енгил икки ракаатни ҳам ҳисоблаб айтган бўлиши ҳам мумкин. Менимча, шу эҳтимол тўғрироқдир. Негаки, Абу Салама разияллоҳу анҳунинг ҳадиси қиёмул лайл намозининг ўн бир ракаатга чекланишини ифода этилган ҳамда Бухорий ва бошқалар ривоятида мазкур ўн бир ракаат дастлаб тўрт ракаат, сўнг яна тўрт ракаат, сўнг уч ракаат кўринишида ўқилиши айтилган, дебоча сифатида ўқиладиган енгил икки ракаат айтилмаган. Зуҳрий ривоятида эса мазкур икки ракаат айтилган. Маълумки, ҳофиз муҳаддиснинг қўшимчаси қабул қилинади»[10].

Қуртубий раҳимаҳуллоҳ айтади: «(Бу борада) Ойша разияллоҳу анҳодан келган ривоятлар кўп аҳли илмларда чигаллик туғдирган. Ҳатто баъзи уламолар унинг ҳадисини «музтариб» (турли иборалар билан ривоят қилинган, бироқ уларни мувофиқлаштириш имконсиз бўлган заиф) ҳадис турига нисбат беришган… Тўғрироқ фикрга кўра, Ойша разияллоҳу анҳо бу борада айтган ҳар бир маълумот ўз ўрнида тўғридир. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам куч-ғайратларига қараб, ҳолат ва вақт тақозосига кўра, қолаверса, жоизлигини кўрсатиб қўйиш мақсадида бир бундай, бир ундай намоз ўқиганлар»[11].

Қиёмул лайл намози хусусида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит бўлган суннат шундан иборат. Маълум бўлдики, қиёмул лайл намозини дастлаб енгил икки ракаат билан бошлаш, сўнг қолган ракаатларни чўзиб ўқиш суннат экан. Умумий ракаатлар сони ўн бир ёки ўн уч ракаатни ташкил этади. Одамларни таровиҳ намозига жамлаш хусусидаги Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳудан келган собит ва саҳиҳ ривоятга кўра, улар таровиҳ намозини ўн бир ракаат ўқиганлар. Умар ибн Хаттоб одамларга таровиҳ намозини йигирма ракаат ўқигани тўғрисидаги ривоятга келсак, бу ривоят «шоз» – заиф ривоятдир. Дарҳақиқат, Шайх Албоний раҳимаҳуллоҳ ўзининг «Солат ат-таровиҳ» рисоласида ушбу мавзуни тадқиқ қилган ва мухолиф томоннинг шубҳа ва эътирозларига жавоб берган[12].

[1] Бухорий (1141), Термизий (769), Насоий (3/213) ривояти.
[2] Бухорий (1131), Муслим (1159), Абу Довуд (2448), Насоий (3/214), Ибн Можа (1712) ривояти.
[3] Бухорий (1146), Муслим (739) ривояти.
[4] Бухорий (1145), Муслим (758), Абу Довуд (1315), Термизий (446) ривояти.
[5] Бухорий (1147), Муслим (738), Абу Довуд (1341), Термизий (439), Насоий (3/234) ривояти.
[6] Саҳиҳ. Абу Довуд (1336), Ибн Можа (1358), Ибн Ҳиббон (2431) ривояти.
[7] Бухорий (1164), Абу Довуд (1339) ривояти.
[8] «Қиёмул лайл намозига тегишли айрим одоб ва аҳкомлар» мавзусида ўтди.
[9] Муслим (765), Абу Довуд (1366), Ибн Можа (1362) ривояти.
[10] Қаранг: «Фатҳ ал-Борий», 3/21-бет.
[11] Ўтган манба.
[12] Кейинроқ Шайх Исмоил Ансорийнинг раддиясини кўрдим. Шайх раддиясида мазкур ривоятнинг саҳиҳ эканини, «шоз» – заиф эмаслигини баён қилган.

Изоҳ қолдиринг