Сийрат: Маккада урушга рухсат берилмагани сабаби (2)

0

Саҳобалар Қуръон таълимотларидан фойда ва зарар фиқҳини ва уни ҳаётга қандай татбиқ этиш кераклигини таълим олган эдилар. Аллоҳ таоло айтади:

“(Эй мусулмонлар), гуноҳнинг олдини олиш учун сизлар мушриклар ибодат қилаётган бут-санамларни сўкманг, бу уларнинг илмсиз равишда, жоҳиллик ва тажовузкорлик билан Аллоҳни сўкишларига сабаб бўлиши мумкин. Биз уларга нотўғри танловларига жазо ўлароқ ёмон ишларини ўзларига чиройли кўрсатиб қўйганимиз каби ҳар бир умматга ўзи қилаётган ишларни чиройли кўрсатиб қўйдик. Кейин барчалари Парвардигорлари ҳузурига қайтадилар. Парвардигорлари уларга дунёда қилиб ўтган иш-амаллари хабарини беради, сўнг уларга муносиб жазо ё мукофотлар беради…” (Анъом, 108).

Шуниндек, улар бир фойдали ишни қилиш сабабли ундан каттароқ зарар юзага чиқиши эҳтимоли бўлса, ўша фойдали ишни тарк этиш кераклигини ҳам таълим олган эдилар[1].

 Уламолар айтадилар: “Ҳукм ҳар қандай ҳолатда ҳам ўз кучида қолади. Агар кофир кимса куч-қудратли бўлиб, Исломни ва мусулмонларни писанд қилмайдиган бўлса, агар шу ҳолатда унга бирон қаршилик кўрсатилса, Исломни ёки Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳақорат қилиши эҳтимоли бўлса, у ҳолда мусулмон киши уларнинг хочларини, динларини, черковларини ҳақорат қилиши асло дуруст эмас. Ҳатто ҳақоратга элтадиган бирон ишга қўл уриши ҳам мумкин эмас. Чунки бу иши кофирни гуноҳга ундайди. Шариатда ёмон ишга олиб борувчи йўлларни тўсиш вожибдир”[2].

Ўн уч йил фақат тарбия ва тайёргарликка аҳамият қаратган, “ла илаҳа иллаллоҳ” тушунчасини ёйишга уринган Макка босқичининг ҳолатига назар солган киши шошилмай, оғир-босиқлик билан иш тутишнинг Ислом динидаги аҳамиятини англаб етади. Ақида давомий парваришга ва аҳамият берилишга муҳтож ниҳол экани мусулмонлар онгига сингдирилиши керак. Бунда шошқолоқликка, тартибсизликка ўрин бўлмаслиги лозим. Даъватчилар Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларига берган таълимотларига ўта муҳтождирлар. У зотдан ибрат ва ўрнак олсинлар. Чунки жоҳилиятнинг эскисига ҳам, янгисига ҳам қарши курашиш учун қалби иймонга тўлган, тавҳид калимаси қалбларида чуқур илдиз отган раббоний инсонлар зарур бўлади[3].

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларини ўзларини тутишга, сабрли бўлишга чорлар эдилар. Саҳобалар у зотнинг кўз ўнгиларида тарбия топишар эди. У зот уларни Аллоҳга боғланишга, унга ибодатлар билан яқинлашишга буюрар эдилар. Аллоҳ таоло айтади:

Эй кийимларига ўраниб олган зот, кечанинг кўпроқ қисмида намозда туринг! Кечанинг ярмида туриб намоз ўқинг, ёки ярмидан камайтириб, учдан бирига туширинг. Ёки ярмидан бир оз кўпайтириб, учдан иккисига етказинг. Қуръонни шошмасдан, дона-дона қилиб, ҳарфларини ва тўхташ ўринларини аниқ қилиб, тиловат қилинг” (Муззаммил, 1-4).

Муззаммил сурасининг илк оятларида Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам кечанинг бир қисмини намоз учун ажратишга буюрилдилар. Аллоҳ таоло у зотга бунда ихтиёр берди. Хоҳласалар кечанинг ярмини намоз билан ўтказишлари ёки ундан кўпроқ ё камроқ вақт намоз ўқиб чиқишлари мумкин эди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоблари билан бир йил шу ҳолатда намоз ўқидилар.  У зот намозда кўп турганларидан оёқлари ёрилиб кетарди. Аллоҳ таоло ибодатга бўлган жидду жаҳдларини кўргандан кейин уларга енгиллик берди:

“(Эй Пайғамбар), Раббингиз сизни гоҳо кечанинг учдан иккисидан камроғида таҳажжуд намозида туришингизни, гоҳо кечанинг ярми миқдорида туришингизни, гоҳо кечанинг учдан бири миқдорида туришингизни ва сиз билан бирга асҳобларингиздан бир гуруҳи ҳам ибодатда туришини билади. Кеча ва кундузни Аллоҳнинг ўзи белгилайди ва уларнинг миқдорини ҳам, қанчаси ўтиб, қанчаси қолаётганини ҳам яхши билади. Аллоҳ таоло кечанинг ҳаммасини намозда ўтказиш сизлар учун имконсиз эканини билди. Шу туфайли У сизларга енгиллик қилиб берди. Энди сизлар тунги намозда қодир бўлганингизча Қуръон тиловат қилинглар. Аллоҳ билдики, орангизда беморлик туфайли тунги намозга туролмайдиган кишилар бўлади. Аллоҳнинг ҳалол ризқини талаб қилиб, тижорат қилиш ва ишлаш учун ер юзида юрадиганлар бўлади. Яна Аллоҳнинг калимасини олий қилиш ва динини ёйиш мақсадида Аллоҳ йўлида жиҳодга чиқадиганлар бўлади. Шундай экан, намозларингизда қодир бўлганингизча Қуръон тиловат қилинглар. Фарз намозларни вақтида ўқинглар, зиммангиздаги фарз закотни беринглар ва Аллоҳнинг Юзини умид қилиб, молларингиздан яхшилик ва эҳсон йўлида садақа қилинглар. Нимаики яхши ишларни ва тоат-ибодатларни қилсангиз, қиёмат куни Аллоҳнинг ҳузурида уларнинг мукофотини дунёда қилганингиздан кўра яхшироқ ва савоби улуғроқ ҳолда топасиз. Шундай экан, барча ҳолатингизда Аллоҳдан мағфират сўранглар. Шубҳасиз, Аллоҳ гуноҳларингизни кечирувчи ва сизларга раҳмли зотдир” (Муззаммил, 20).

Тўшакдан туриш, уйқуни ва нафс истакларини енгиш ҳавои нафсга бўйсунишдан қутулиш йўлидаги синов, келажакда бутун дунёга раҳбарликка тайёргарлик эди. Чунки оламга етакчи бўлиш учун руҳий таёргарлик зарурдир. Аллоҳ таоло Ўзининг улкан рисолатини етказиш учун бутун халқлар ичидан уларни танлаб олди. Даъват омонатини уларга топширди. Улардан шаҳидлар олди. Ўша даврда ўнлаб буюк даъватчилар етишиб чиқди. Улар одамларни тавҳидга, ширкдан қутулишга чақирдилар. Бу жуда ҳам улкан масъулият эди. Аллоҳ таоло айтади:

У зотларнинг ёнлари хобгоҳларидан (ётар жойларидан) узоқ бўлади. Улар кечалари Парвардигорлари учун таҳажжуд намозларида турадилар, азобдан қўрқиб, савобни умид қилиб, дуо-илтижо қиладилар” (Сажда, 16).

Аллоҳ таоло таҳажжуд намози ва кечалари Қуръон ўқиш ҳақида бундай дейди:

Шубҳасиз, тунда қилинадиган ибодатнинг қалбга таъсири кучлироқ ва ундаги сўзлар аниқроқ-тушунарлироқ бўлади” (Муззаммил, 6).

Тунда Қуръон ўқишнинг қалбга таъсири каттадир. Чунки бу пайтда қалб дунё ташвишларидан фориғ бўлиб, зикр ва муножотга тайёр бўлади. Ва бу билан илоҳий ваҳийни қабул қилишга тайёргарлик ҳосил бўлади. Аллоҳ таоло айтади:

Эй Пайғамбар, Биз яқинда сизга Улуғ Сўзни туширамиз” (Муззаммил, 5).

Улуғ сўз Қуръони каримдир. Бу тайёргарлик саҳобалар ҳаётида ўз таъсирини кўрсатмай қўймади, албатта. Улар Аллоҳ йўлида жиҳод қилдилар. Исломга холис хизмат қилдилар. Ҳаётга динни татбиқ этиб, уни бутун оламга ёйиш йўлида улкан фидоийликлар кўрсатдилар[4].

[1] Зуҳайлий, “Ат-тафсир ал-мунир”, 7/325-бет.
[2] Зуҳайлий, “Ат-тафсир ал-мунир”, 7/326-бет.
[3] “Ал-вало вал-баро”, 171-бет.
[4] “Ас-сийра ан-набавия ас-саҳиҳа”, 1/160-бет.

Изоҳ қолдиринг