Ёлғон қабрлар (1)

0

260 – Ёлғон қабрлар

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ёлғон қабрлар кўп. Жумладан:

  • Дамашқда Убай ибн Каъбга нисбат бериладиган қабр. Убай ибн Каъб Мадина набавияда вафот этганига одамлар иттифоқ қилган. Дамашқ атрофида Умму Ҳабиба, Умму Салама ёки Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бошқа бирор аёлларининг қабри бор деган одам ёлғон айтибди. Бироқ Шомда саҳобиялардан бўлган Умму Салама бинти Язид ибн Сакан исмли аёл ўтган. Бу аёл Шомда вафот этган. Эҳтимол, қабр ўша аёлникидир.

Билолнинг қабрига келсак, у тўғри бўлиши мумкин. Чунки у Дамашқда «Боб ас-сағир» қабристонига кўмилган. У ўша ерга дафн этилгани маълум, бироқ қабрини аниқ белгилаш тўғри эмас. Чунки айтилишича, у ерлар экинзорга айлантирилган.

  • Дамашқ ғарбидаги Увайс ал-Қаранийга нисбат бериладиган қабр. Чунки Увайс Шомга келмаган, балки Ироққа борган.

  • Дамашқ жомесидаги Ҳуд алайҳиссаломга нисбат бериладиган қабр ёлғон эканига илм аҳли иттифоқ қилган. Чунки Ҳуд алайҳиссалом Шомга келмаган, балки Яманга пайғамбар қилиб юборилган, кейин Маккага ҳижрат қилган. Баъзилар: «У киши Яманда вафот этган», деса, яна баъзилар: «Йўқ, Маккада вафот этган, у қабр эса Муовия ибн Абу Суфён қабрининг қаршисидадир», дейди. «Боб ас-сағир» ташқарисида жойлашган, «Муовиянинг қабри» деб айтиладиган қабр эса Муовия ибн Язид ибн Муовияга оиддир. У қисқа муддат халифа бўлган, кейин вафот этган, ортидан бирортани валиаҳд этиб қолдирмаган. У диндор, солиҳ инсон бўлган.

  • Холиднинг Ҳимсдаги қабри. У қабр мазкур Муовиянинг акаси Холид ибн Язид ибн Муовиянинг қабри экани айтилади. Қабр Холид номи билан танилгани ва омма орасида Холид ибн Валид машҳур бўлгани боис уни Холид ибн Валидга тегишли деб ўйлаб қолишган. Дарҳақиқат, қабр у кишига тегишлими ёки Холид ибн Язидгами деган масалада ихтилоф қилинди. Абу Умар ибн Абдулбар «Ал-истийъоб» китобида келтиришича, Холид ибн Валид Ҳимсда вафот этган. «У ҳижрий йигирма биринчи ёки йигирма иккинчи санада Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу халифалик даврида Мадинада вафот этган ва васиятини Умарга қолдирган», деганлар ҳам бор. Валлоҳу аълам.

  • Абу Муслим Хавлонийнинг Дорийёдаги қабри. Унда ихтилоф бор.

  • Али ибн Ҳасаннинг Мисрдаги қабри. У шак-шубҳасиз ёлғондир. Чунки Али ибн Ҳусайн Мадинада вафот этиб, Бақеъга кўмилганига барча иттифоқ қилган.

  • Қоҳирадаги «Раъс» (бош) мақбараси. Чунки Ҳусайн разияллоҳу анҳу ўлдирилиши ҳақида ёзган муаллифларнинг барчалари бир овоздан Ҳусайннинг боши Мисрда эмаслигини айтганлар ва бу мақбара уйдирма эканини аниқ билганлар[1]. Аслида бу бош Асқалондаги мақбарадан кўчирилган. Мазкур мақбара (Раъс) бундан олтмиш йиллар аввал бешинчи юз йилликнинг охирларида барпо этилган. Буниси эса Ҳусайн разияллоҳу анҳу ўлдирилганидан чамаси беш юз йил ўтиб олтинчи юз йиллик асносида қурилган. Қоҳира шаҳри эса Ҳусайн ўлдирилганидан уч йил чамаси кейин барпо этилган.

Дарҳақиқат, Ибн Диҳя «Ал-алам ал-машҳур» китобида мазкур мақбара уйдирма эканини баён қилган ва бош Мадинага кўмилганини айтган. Шунингдек, Зубайр ибн Баккор ҳам шундай деган[2].

Бошнинг бошқа жойга кўчирилиши ҳақидаги саҳиҳ хабарни Бухорий «Саҳиҳ»да қуйидагича келтиради: “Бош Убайдуллоҳ ибн Зиёдга олиб келинди. У бошнинг олд тишларига дарахт новдаси билан ниқтар эди”[3]. Анас ибн Молик бу воқеага гувоҳ бўлган. Бир ривоятда Абу Барза Асламий дейилган. Икковлари ҳам Ироқда бўлган.

Узуқ ёки номаълум санад билан ривоят қилинади: “Бош Язидга олиб келинди. У бошнинг олд тишларига дарахт новдаси билан ниқтар, ўша ерда Абу Барза ҳам бор эди”. Уламолар бунга эътироз этишган. Бу хабар ёлғондир. Чунки Абу Барза Шомда Язид ҳузурида бўлмаган, балки у Ироқда бўлган.

Ҳусайннинг жасадига келсак, у билиттифоқ Карбалодадир. Абул Аббос айтади: “Менга «сиқа» (ишончли) кишилар сўзлаб берган. Уларнинг бир гуруҳи Ибн Дақиқ ал-Ийддан, яна бир гуруҳи Абу Муҳаммад Абдулмалик ибн Халаф ад-Димётийдан, яна бир гуруҳи Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Қасталлонийдан, яна бир жамоа тафсир соҳиби Абу Абдуллоҳ ал-Қуртубийдан сўзлаб берган. Улардан менга сўзлаб берган кишиларнинг барчалари ростгўйлигида мен шубҳа қилмайдиган кишилардир. Уларнинг баъзиларидан жуда кўпчилик менга сўзлаб берган. Барчалари ўзларига сўзлаб берган кишиларнинг ушбу гапларини менга етказдилар: Мазкур мақбара иши инкор этилар ва ёлғон экани айтилар эди. Унда Ҳусайн разияллоҳу анҳунинг на боши ва на бирор аъзоси мавжуд эмас. Менга Ибн Қасталлонийдан сўзлаб берганлар айтишича, у киши: «У жойда насронийнинг жасади бор», деган экан”.

  • Али разияллоҳу анҳунинг Нажаф ичкарисида жойлашган қабри. Уламолар наздида маълум бўлган нарса шуки, Муовия разияллоҳу анҳу Шомдаги амирлик қасрига ва Амр ибн Ос разияллоҳу анҳу Мисрдаги амирлик қасрига кўмилганидек, Али разияллоҳу анҳу ҳам Кўфадаги амирлик қасрига дафн этилган. Хаворижлар уларнинг қабрларини ковлаб олишларидан қўрқилгани учун шундай қилинган. Бироқ Нажафдаги қабр Муғийра ибн Шуъба разияллоҳу анҳуга оид экани айтилади. Уч юз йилдан ошиқ вақт ҳеч ким уни Али разияллоҳу анҳунинг қабри деб айтмаган, у ерни кўзлаб бормаган.

  • Абдуллоҳ ибн Умарнинг Жазирадаги қабри. Абдуллоҳ ибн Умар Абдуллоҳ ибн Зубайр ўлдирилган йили Маккада вафот этганига одамлар иттифоқ қилган. У киши муҳожирлардан бўлгани боис ўзини ҳарам ташқарисига кўмишларини васият қилган. Одамларга бу оғир келган ва уни Макканинг юқори қисмига дафн этганлар.

  • Жобирнинг Ҳаррон атрофидаги қабри. Жобир разияллоҳу анҳу Мадинаи набавияда вафот этганига одамлар иттифоқ қилган. У Мадинада вафот этган охирги саҳобийдир.

  • Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари Умму Кулсум ва Руқайяга нисбат бериладиган Шомдаги қабр. У иккиси Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам тириклик пайтларида Усмон разияллоҳу анҳунинг никоҳида бўлган ҳолларида Мадинада вафот этганликларига барча иттифоқ қилган.

Ушбу ёлғон қабрлар вужудга келишининг сабаби исмлардаги ўхшашликдир. Мазкур саҳобалар исми билан номланган бирортаси вафот этган, кейин ўша жойлардан бирига кўмилган, сўнг баъзи жоҳиллар бу қабр саҳобалардан бирига тегишли деб ўйлаб қолган бўлиши мумкин. Аллоҳ таоло барча саҳобалардан рози бўлсин. Валлоҳу аълам»[4].

[1] Имом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бош Мисрга олиб келингани ёлғон эканига барча одамлар итифоқ қилган. Мисрнинг Қоҳира шаҳрида жойлашган, «Ҳусайн мақбараси» деб аталадиган бу мақбара чўпчак экани, унда Ҳусайн разияллоҳу анҳунинг на боши ва на бошининг бирор парчаси йўқ эканига уламоларнинг барчалари иттифоқ қилганлар. Балки бу гап Миср диёрида икки юз йил ҳукмронлик қилган Бани Абдуллоҳ ибн Қаддоҳ давлати даврида ўйлаб топилган. Охир-оқибат уларнинг давлати Нуриддин Маҳмуд даврида тугаб битган… Ҳусайн ўлими тўғрисида китоб битган барча шу гапни айтган: мукаррам бош асло бошқа ўлкаларга кўчирилмаган. Абул Хаттоб ибн Диҳя бу мақбара воқеаси ҳамда унинг ёлғон ва уйдирма экани ҳақида айтган ушбу гаплар илм аҳли наздида иттифоқ қилинган гаплардир» («Мажмуъ ал-фатово», 4/508-510).
[2] Қуртубий шу гапни тўғрироқ деб билган ва: «Бу ҳақда айтилган энг тўғри гап шудир», деган («Ат-тазкира», 2/739).
[3] «Саҳиҳи Бухорий», 3748-ҳадис.
Ҳадис лафзи қуйидагича: Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Убайдуллоҳ ибн Зиёдга Ҳусайн алайҳиссаломнинг боши бир тоғорага солиб келтирилди. У бошга тегина бошлади. Кейин унинг чиройи ҳақида бир нарсалар деди»
Анас айтади: «Ҳусайн Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга энг кўп ўхшайдиган киши эди. (Соч-соқоли) нил бўёғи билан бўялган эди».
[4] Шайхулислом Ибн Таймия. «Ал-ихтиёрот ал-фиқҳийя», 141-145 бетлар
Кўпроқ маълумот олишни истаганлар бу китобга мурожаат қилсинлар: Шайхулислом Ибн Таймия. «Жомеъ ал-масоил», учинчи тўплам, 154-161 бетлар. Муҳаққиқ: Муҳаммад Азиз Шамс. «Дор олам ал-фавоид» нашриёти, биринчи нашр, 1422 ҳ.й.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг