Пайғамбар уйида бир кеча: тўртинчи аёлнинг ҳикояси (давоми)

0

Аёлнинг кучи заифлигида

Аёл заиф бўлсада, заифлиги унинг асосий кучи ҳисобланади. Аёлни “озод” қилмоқчи бўлганлар уни ўз эридан “озод” қилиб, эркак сифат қилмоқчи бўлишади. Бундай бўлиши мумкин эмас, чунки асло икки эркак ўзаро оила қуриб бир уйда яшай олмайди. Аёлнинг кучи заифлигида эканини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги ҳадисда бизга баён қилганлар: “Қатъиятли эркакнинг ақлини сизлардан кўра олувчини кўрмадим”. Эркакни аёлдан бошқаси алдай олмайди. Чунки унинг кучи заифлигидадир. Аёллар учун энг муҳим нарса хушмуомалалик. Аёл эридан совуқ муомала кўриши билан ундан беркитиб иш қила бошлайди. Гоҳида эрининг мол-мулкига хиёнат қилиб ўғирлайди. Эри уни маъзур кўрмагани учун ёлғон гапиради. Бир сўз билан айтганда эри уни ёлғон гапиришга мажбур қилади. Мана шу ҳақиқий “тероризм”дир. Агар аёлга яхши муомалада бўлсанг, у сенга истаганингни беради ва солиҳа хотин бўлади.

Аёл эрининг олдида хотиржам ўтиришни севади

Бу аёл: “Эрим Тиҳома оқшоми. На иссиғу на совуқ” – деди, яъни унинг эри арзимас нарсага ловиллаб ёниб кетмайди, гапирса сўзларидан ёмонлик уфуриб турмайди. Ҳис-туйғуси ўлиб кетмаган. “Қўрқув нима билмассан”, яъни бу аёл эрининг олдида гапиришдан қўрқмас эди. Чунки эри уни маломат қилмас эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари ҳам худди шундай бўлишган. Масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ойша розияллоҳу анҳога: “Мен сизни жаҳлингиз чиққанини ҳам, хурсанд бўлганингизни ҳам яхши биламан” – дедилар. Ҳолбуки шариат нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, Ойша онамизнинг хурсанд бўлиб, бўлмагани муҳим эмас. Аксинча, Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рози бўлиб, бўлмаганлари муҳим. Чунки у киши Аллоҳнинг элчиси, барча унга итоат этиши шарт. Шундай бўлсада, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Менга жаҳл қилганингизни ёки хурсанд бўлганингизни гапингиздан биламан” – дедилар. Ойша онамиз: “Қандай биласиз, эй Расулуллоҳ?” – дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар мендан хурсанд бўлсангиз “Муҳуммаднинг Раббига қасамки, ундай эмас!” – дейсиз. Агар менга жаҳл қилсангиз “Иброҳимнинг Раббига қасамки, ундай эмас!” – дейсиз” – дедилар. Ҳолбуки  иккала сўзнинг ҳам маъноси бир.

Ойша розияллоҳу анҳо бу нарсани эътироф этиб: “Аллоҳга қасамки, ҳақиқатдан ҳам мен ўша (яъни жаҳлим чиққан) вақтда сизни исмингизни айтмайман” – деди. Ойша розияллоҳу анҳо бу нарсани хотиржам эътироф этаяпти. Чунки Ойша онамиз агар Аллоҳ таолога осий бўлмаган бўлса, эрига ёмон муносабатда бўлганидан қўрқмас эди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларида ўзини хотиржам ҳис қилар эди. Аёл киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам каби олдида хотини хотиржам яшай оладиган эркакларни севади.

(Давоми бор)

Изоҳ қолдиринг