Тафсири муяссар, Нисо сураси, 79-83 оятлар

0

مَا أَصَابَكَ مِنْ حَسَنَةٍ فَمِنَ اللَّهِ وَمَا أَصَابَكَ مِنْ سَيِّئَةٍ فَمِنْ نَفْسِكَ وَأَرْسَلْنَاكَ لِلنَّاسِ رَسُولاً وَكَفَى بِاللَّهِ شَهِيداً (79)

  1. Эй инсон, сенга етган ҳар бир яхшилик ва неъмат ёлғиз Аллоҳ таолонинг фазли ва эҳсонидандир. Сенга етган ҳар қандай қийинчилик ва машаққат эса ёмон қилмишинг ва қилган хато ва гуноҳларинг сабаблидир. Эй Расул, Биз сизни барча одамларга Раббингизнинг рисолатини етказадиган элчи қилиб юбордик. Аллоҳ таоло рисолатингиз ҳақ эканига Ўзи етарли гувоҳдир.

مَنْ يُطِعِ الرَّسُولَ فَقَدْ أَطَاعَ اللَّهَ وَمَنْ تَوَلَّى فَمَا أَرْسَلْنَاكَ عَلَيْهِمْ حَفِيظاً (80)

  1. Ким Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилса ва сунналарига амал қилса, Аллоҳ таолога итоат қилган ва буйруқларига амал қилган бўлади. Эй Пайғамбар, ким Аллоҳ ва Расулига итоат қилишдан бош тортса, Биз сизни ундай кимсалар устида кузатувчи ва ишларини ҳисоб-китоб қиладиган назоратчи қилиб юбормадик. Уларни ҳисоб-китоб қилиш Бизнинг зиммамиздадир.

وَيَقُولُونَ طَاعَةٌ فَإِذَا بَرَزُوا مِنْ عِنْدِكَ بَيَّتَ طَائِفَةٌ مِنْهُمْ غَيْرَ الَّذِي تَقُولُ وَاللَّهُ يَكْتُبُ مَا يُبَيِّتُونَ فَأَعْرِضْ عَنْهُمْ وَتَوَكَّلْ عَلَى اللَّهِ وَكَفَى بِاللَّهِ وَكِيلاً (81)

  1. Аллоҳ ва Расулига итоат этишдан бош тортган ўша кимсалар Пайғамбар ҳузурида ўтирган пайтларида у зотга ва келтирган шариатларига итоат этишларини намоён қиладилар. Пайғамбар ёнидан тарқалгач, тунда улардан бир гуруҳи у зотга итоат қилмаслик ҳақида режа тузадилар. Билмадиларки, Аллоҳ улар режалаштираётган ишларни ўзларининг зиёнига ёзиб қўяди ва бу қилмишларига яраша тўла-тўкис жазо беради. Эй Расул, улардан юз ўгиринг ва уларга парво қилманг. Зеро, улар сизга ҳаргиз зарар етказа олмайдилар. Аллоҳга таваккул қилинг, Аллоҳнинг ўзи сизга етарли дўст ва ёрдамчидир.

أَفَلا يَتَدَبَّرُونَ الْقُرْآنَ وَلَوْ كَانَ مِنْ عِنْدِ غَيْرِ اللَّهِ لَوَجَدُوا فِيهِ اخْتِلافاً كَثِيراً (82)

  1. Улар Қуръон ва ундаги ҳақиқатларни мушоҳада этиб, тафаккур қилсалар бўлмайдими?! Қуръон оятлари шу қадар мутаносиб ва бир-бирига уйғун тартибда келганки, бу унинг ягона Аллоҳдан нозил бўлганига қатъий далил бўлади. Агар у Аллоҳдан бошқанинг каломи бўлганда эди, унда жуда кўп номутаносибликларни топган бўлар эдилар.

وَإِذَا جَاءَهُمْ أَمْرٌ مِنَ الأَمْنِ أَو الْخَوْفِ أَذَاعُوا بِهِ وَلَوْ رَدُّوهُ إِلَى الرَّسُولِ وَإِلَى أُوْلِي الأَمْرِ مِنْهُمْ لَعَلِمَهُ الَّذِينَ يَسْتَنْبِطُونَهُ مِنْهُمْ وَلَوْلا فَضْلُ اللَّهِ عَلَيْكُمْ وَرَحْمَتُهُ لاتَّبَعْتُمُ الشَّيْطَانَ إِلاَّ قَلِيلاً (83)

  1. Иймон дилларига ўрнашмаган ана ўша кимсаларга Ислом ва мусулмонлар манфаатига хизмат қиладиган, уларнинг хавфсизлигига тааллуқли ва яшириш зарур бўлган бирор хабар келиб қолса, ёки аксинча, мусулмонлар қалбини изтиробга солувчи хавф-хатарга тааллуқли бирор хабар келиб қолса, уни одамлар ичида ёйиб юборадилар. Улар ўзларига келган хабарни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга ёки илм ва фиқҳ эгалари бўлган олимларга ҳавола қилганларида эди, улар ичидан истинбот аҳли (ҳукм чиқаришга лаёқатли кишилар) унинг маъно-моҳиятини (яъни уни тарқатиш керакми йўқлигини) билган бўлар эдилар. Агар сизларга Аллоҳнинг фазл-марҳамати бўлмаганда эди, жуда кўпчилигингиз шайтон ва унинг васвасаларига эргашиб кетган бўлар эдингиз.

Изоҳ қолдиринг