Сийрат: Маккада урушга рухсат берилмагани сабаби (3)

0

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам исломий жамиятни руҳий-маънавий томондан тарбиялашга кўпроқ аҳамият қаратар, асҳоблари онгига асло эгилмайдиган ва синмайдиган кучли ақидани жойлаштирар эдилар. Бу эса мусулмон кишини даъват йўлида оғир азиятларга бардошли қилиб тарбиялар эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам тарбия этган илк жамоа бир тану бир жонга айланган эди. Уларга душманнинг руҳий курашлари таъсир ўтказа олмас эди. Аллоҳ йўлидаги қардошлик насл-насаб қардошлигидан кучли эди. Саҳобалар қардошликнинг барча маъноларини ўзларида мужассам этиб, бир-бирларига муҳаббатли, меҳрибон, фидоий инсонларга айланган эдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таълим-тарбиялари саҳобаларни тамоман ўзгартириб юборди. У зот саҳобаларни ўзаро меҳр-муҳаббатга, бирдамликка, бир-бирларига кўмак беришга, бир-бирларининг қайғуларини аритишга чорлар эдилар. Уларга бу ишларнинг барчасини яхшиликка яхшилик қайтариш важидан эмас, балки фақат Аллоҳнинг розилиги учун қилиш кераклигини уқтирар эдилар. Мазкур одоб-ахлоқлар исломий қардошликнинг давомий бўлишига, исломий жамиятнинг вужудга келишига сабаб бўлди[1]. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ҳадис қудсийда Аллоҳ таолодан ривоят қиладилар, Аллоҳ айтади: “Улуғлигим йўлида бир-бирларига муҳаббат қўйганлар учун нурдан бўлган минбарлар бордир. Уларга пайғамбарлар ҳам, шаҳидлар ҳам ҳавас қилишади”[2].

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам жамиятни ички тарафдан тарбиялашга, ўзаро бирдамликни ўрнатишга ҳаракат қилдилар. Токи жамият ўзига қарши олиб борилган руҳий урушларга бардош берсин. Бу ишда жамият аъзолари ўртасида тенгликни ўрнатдилар, ҳар бир кишига эркинлик бердилар. Бу жамиятга қўшилмоқчи бўлган киши тўла эркинлик билан қўшилар, сўнг жамият ичида ҳам ўз эркинлигига, фикр-мулоҳазасини билдириш ҳуқуқига эга бўлар эди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга тенг ҳуқуқликни олиб келдилар. Ҳоким ҳам, маҳкум ҳам, бой ҳам, камбағал ҳам илоҳий қонун олдида баробар бўлди. Табақачиликка тамоман чек қўйилди. Бу буюк асос Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг издошлари бўлмиш саҳобаларга кўп таъсир кўрсатди. Улар ўша асосга суяниб, бир-бирлари билан ака-укага айландилар, бир-бирларини қўллаб-қувватлайдиган, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳимоя қилиш учун бор имкониятларини сарфлайдиган бўлдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам жамиятда табақачиликка қарши курашар эканлар, одамларни ватани, миллати, ирқи, ранги билан ажратишга барҳам бердилар. Насл-насаб, жинс, рангдаги фарқлиликнинг ҳуқуқларга, бурчларга, ибодатларга алоқаси бўлмай қолди. Аллоҳнинг олдида ҳамма баробар саналарди. Макка зодагонлари Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан улар билан суҳбатлашиш учун алоҳида вақт ажратишларини, у мажлисда камбағаллар бўлмаслигини сўрашганда у зот уларга одамлар ваҳий ва ҳидоят масаласида тенг ҳуқуқли эканини баён қилдилар. Макка кофирлари кибр қилиб, у зотга эргашган заиф-бечора қуллар билан бир мажлисда ўтиришни хоҳламадилар. Аллоҳ таоло улар ҳақида қуйидаги оятларни нозил қилди:

“(Эй Пайғамбар), Аллоҳнинг юзини истаб, ёлғиз Рабларига ибодат қиладиган ва эртаю кеч фақат Унга дуо қиладиган фақир ва бечора мўмин асҳобларингиз билан бирга бўлишда сабр-тоқатли бўлинг! Улар билан бирга ўтиринг ва улар билан аралашиб юринг! Бу дунёнинг зеб-зийнатларидан ҳузурланиш истагида кўзингизни улардан кофирлар тарафига бурманг! Биз қалбини Ўз зикримиздан ғофил қилиб қўйган ва хоҳиш-ҳавосини хожасининг тоатидан афзал билган, қилган барча ишлари зое ва бекор кетган кимсаларга итоат қилманг! Сиз ўша ғофилларга айтинг: “Мен сизларга келтирган нарса Раббингиздан келган ҳақдир. Сизлардан қай бирингиз унга ишонишни ва унга амал қилишни истаса, шундай қилсин. Бу унинг ўзи учун яхши. Ким уни инкор қилмоқчи бўлса, инкор қилаверсин. У фақат ўзига зулм қилган бўлади. Албатта, Биз кофирлар учун деворлари ҳамма тарафдан уларни ўраб оладиган шиддатли дўзахни ҳозирлаб қўйганмиз. Кофирлар дўзахда ташналикнинг зўридан сув сўраб ёлворсалар, уларга доғланган қуйқа ёғсимон, юзларини пишириб қўядиган қайноқ сув берилгай. Ташналикларини қондириш у ёқда турсин, аксинча яна ҳам зиёда қиладиган бу ичимлик нақадар ёмон! Уларнинг қароргоҳлари ва манзиллари бўлмиш дўзах нақадар ёмон!” (Каҳф, 28-29).

Мазкур оятларда ҳақдан юз ўгириб, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рисолатларига иймон келтирмаган ва унинг тақозосига кўра амал қилмаган кишиларга жуда қаттиқ таҳдидлар бор.

Бир куни Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам қурайшлик баъзи зодагонларни даъват этиб турганларида кўзи ожиз саҳоба Абдуллоҳ ибн Умму Мактум келиб қолди ва у зотдан савол сўради. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Қурайш зодагонларига хитоб қилиб турганликлари боис унинг саволига жавоб бермай, ундан юз ўгирдилар. Аллоҳ таоло у зотни бу ишлари учун танқид қилди.

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларни ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан бирлик ва бирдамликка чақирдилар. Бу у зотнинг исломий жамиятни бирлаштириш, мусулмонларни руҳий курашга сабр-матонатли қилиб, бир-бирига чамбарчас қурилган бинодек мустаҳкам қилиб тарбиялаш йўлида қилган саъй-ҳаракатларининг бир қисми эди. Бу билан кучлилар заифларга ёрдам берадилар, бойлар камбағалларга ғамхўрлик қиладилар. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам исломий жамиятга қарши руҳий курашга очиқ жой қолдирмадилар. Исломий жамият катта харсангтош каби метин эди, унга урилган ҳар қандай чўкич синиб кетар эди. Шу сабабдан Макка зодагонлари даъватни синдириш учун қилган барча саъй-ҳаракатлар бекорга кетди[3].

[1] Доктор Абдулваҳҳоб Куҳайл, “Ал-ҳарб ан-нафсийя зиддал-ислам”, 128-бет.
2] Термизий ривоят қилган ва саҳиҳ санаган. “Китаб аз-зуҳд”, 4/515-бет. Ҳадис рақами: 2390.
[3] “Ал-ҳарб ан-нафсийя зиддал-ислам”, 120, 140-бетлар.

Изоҳ қолдиринг