Сийрат: Саҳобаларнинг маънавиятларини юксалтиришда Қуръоннинг таъсири

0

Қуръони карим саҳобаларнинг маънавиятларини кўтарди

Қуръон оятлари бир тарафдан мўминларга руҳий-маънавий куч-қувват бағишлаши, иккинчи тарафдан кофирларга дўзах азобини ваъда этиши кофирларнинг қалбларига бомба каби қаттиқ зарба урар эди. Қуръон оятлари саҳобаларни ҳимоя қилиши икки нуқтада намоён бўлади:

Биринчиси:  Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни ўз тобеларига яхши муомала қилишга чорлаб, даъват иши сабабли баъзи кишиларга эътиборсизлик қилганликлари учун у зотга танбеҳ ўлароқ оятлар нозил бўлди.

Иккинчиси: саҳобаларга енгиллик қилишга буюриб оятлар нозил қилинди. Оятларда ўтмиш умматларнинг ҳаётларидан ибратли қиссалар ва мисоллар келтирилди. Ўтмиш пайғамбарларнинг ўз қавмларидан оғир азиятлар тортиб, уларга бардош берганликлари хабар қилинди. Шунингдек, уларнинг мақтовга сазовор амалларига ажр-савоблар ваъда берилгани, душманларига эса аламли азоблар таёрлаб қўйилганлиги айтилди[1].

Биринчи нуқтага келсак, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Қурайш менсимайдиган Хаббоб, Аммор, Ибн Фукайҳа, Сафвон ибн Уммайянинг мавлоси Ясар, Суҳайб каби заиф-бечора саҳобалар билан масжидда ўтирганларида Қурайш зодагонлари келиб қолишди ва бир-бирларига: “Мана, кўриб турганингиздек, Муҳаммаднинг дўстлари шу заифлардир. Аллоҳ ичимиздан шуларни танлаб олиб, уларга ҳидоят ва ҳақни бердими?! Агар Муҳаммад ҳақ бўлганда эди, булар унга биздан олдин эргашмаган бўлар эдилар. Чунки Аллоҳ бизни қўйиб, яхшиликни уларга раво кўрмайди”, дейишди[2].

Аллоҳ таоло бу кофирларнинг масхараомуз айтган сўзларига раддия жавобини бериб, Унинг ризолиги бандаларнинг дунёдаги мартабаларига қараб белгиланмаслигини хабар қилди:

Эй Расул, эртаю кеч Парвардигорларига ибодат қиладиган ва солиҳ амаллари билан Аллоҳнинг розилигини истайдиган заиф-бечора мусулмонларни ҳузурингиздан қувманг! Уларни ҳисоб-китоб қилиш асло сизнинг зиммангизда эмас, балки бу иш Аллоҳнинг зиммасидадир. Сизни ҳисоб-китоб қилиш ҳам асло уларнинг зиммасида эмас. Агар уларни ҳайдасангиз, у ҳолда Аллоҳнинг чегараларидан чиқувчи, беҳикмат иш юритадиган золимлардан бўлиб қоласиз. Шундай қилиб, ризқда ва хулқ-атворда насибаларини ҳар хил қилиш билан Аллоҳ бандаларни бир-бири билан имтиҳон қилди. Баъзиларини бой, баъзиларини камбағал қилди, айримларини куч-қувватли, айримларини заиф-нотавон қилди. Токи бой-бадавлат кофирлар: “Наҳот Аллоҳ ичимиздан Исломга ҳидоят қилиш билан ўз марҳаматига лойиқ кўрган кишилар шулар бўлса?!” деб айтишлари учун, синов ўлароқ, уларни бир-бирига муҳтож қилиб қўйди. Аллоҳ таоло ўзининг неъматларига шукр қиладиган кишиларни яхши билувчи ва уларни ўз динига ҳидоят этувчи зот эмасми?! Эй Пайғамбар, сизнинг ҳақ пайғамбарлигингизга гувоҳ бўлувчи Қуръон оятларини ва бошқа оят-аломатларни тасдиқ этган мўминлар ўзларининг ўтмишдаги гуноҳлари кечирилиши ҳақида фатво сўраб келишса, саломларига чиройли алик олиш билан уларга иззат-икром кўрсатинг ва уларга Аллоҳнинг раҳмати кенглигини айтиб, хушхабар беринг. Зеро, Аллоҳ азза ва жалла лутфи ила бандаларига раҳм қилишни Ўз зиммасига олган. Аллоҳнинг раҳмати ўта кенг бўлиб, банда гуноҳнинг ёмон оқибатини ва Аллоҳнинг ғазабига сабаб бўлишини билмасдан жоҳиллик билан унга қўл урса, сўнг тавба қилса ва солиҳ амалларда давомли бўлса, Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини кечиради. У тавба қилувчи бандаларининг гуноҳларини кечирувчи ва уларга раҳмли зотдир” (Анъом, 52-54).

Аллоҳ таоло Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга саҳобаларнинг мартабалари, қадр-қимматлари мана шундай баланд эканини билдирди. Кофирлар буни билмайдилар, уларга азият берадилар. Аллоҳ таоло эса Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламни уларни ўз даргоҳларидан қувмаслика, уларга чиройли муоалада бўлишга ва иймонга келганларидан кейин ўтмиш гуноҳлари мағфират қилинганини хабар бериб, уларни хурсанд қилишга буюрди.

Улар Аллоҳнинг мағфиратини эшитганларидан кейин албатта маънавиятлари кўтарилади, кофирлардан чекаётган азиятларга бардош берадилар. Балки улардан етган мусибатлар сабабли мартабалари юксалишини билиб янада хурсанд бўладилар[3].

Сўнг Аллоҳ таоло Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга танбеҳ бериб бир нечта оятлар нозил қилди. Бу танбеҳ саҳобалардан кўзи ожиз фақир киши ҳақида эди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккалик баъзи зодагонларни Исломга даъват қилиб турган пайтларида у кўзи ожиз одам келиб, бир савол сўрайди. Шунда у зот унга илтифот қилмайдилар[4]. Шундан сўнг Аллоҳ таоло у зотга танбеҳ берди:

“(Пайғамбар) кўзи ожиз киши – Абдуллоҳ ибн Умму Мактум унинг ҳузурига диндан таълим беришини сўраб келганида қовоқ солиб, ундан юз ўгирди. Сиз қаердан биласиз, эҳтимол сизга берган саволлари билан унинг нафси покланиб, тозаланар ёки унга қўшимча ибрат ва насиҳат ҳосил бўлар?! Аммо сиз сизнинг йўлингизни ўзига кераксиз деб кўрган кимсага юзланмоқдасиз, унинг гапига қулоқ солмоқдасиз. Унинг куфридан тозаланмаслигидан сизга нима зарар етади?! Аммо тўғриликка йўлланишда хатога йўл қўйишидан хавфсираб, Аллоҳдан қўрқиб, сиз билан учрашишга интилган кишидан сиз юз ўгирмоқдасиз” (Абаса, 1-10).

Бу сурадаги йўл-йўриқлар сизга ва ибрат олишни истаган ҳар бир кишига панд-насиҳатдир. Ҳаққа даъват этишда бировнинг бошқа биров устидан ҳеч қандай афзаллиги йўқ. Бунда насл-насабнинг ҳам, мол-давлатнинг ҳам ҳеч қандай ўрни йўқ. Даъватдан мақсад одамларни ҳаққа, тенг ҳуқуқликка чақиришдир. Аллоҳ таоло Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга бундай оғир танбеҳ бериши ҳам табақачиликка чек қўйишнинг бир усулидир. Чунки у зот Убай ибн Халафни даъват этиб турганларида савол сўраб келган кўзи ожиз Ибн Умму Мактумга илтифот қилмаган эдилар. Ҳолбуки, Ибн Умму Мактум ҳақ тарозисида Убай ибн Халафга ўхшаганларнинг миллионтасидан афзалдир[5].

Мазкур ҳодисада улкан ибратли дарслар бор. Бу дарслардан саҳобалар ва улардан кейин келган тобеинлар катта фойдалар олдилар.

Қиссадан олинадиган сабоқлардан бири – даъватчиларнинг зиммасида етказиш мажбурияти бор. Лекин ҳидоят Аллоҳнинг қўлида.

Қиссада Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳақ пайғамбар эканликларига далил бор. Чунки ундай бўлмаганда эди, бу воқеани яширар ва уни одамларга айтиб ўтирмаган бўлар эдилар. Чунки қиссада  у зотнинг шаънларига тегишли танбеҳ бўлди. Агар у зот чиндан ҳам ваҳийдан бирон нарсани яширганларида эди, мазкур ҳодиса ҳақида нозил бўлган оятларни ва яна Зайд билан Зайнаб бинти Жаҳшнинг қиссаси ҳикоя қилинган оятларни яширган бўлар эдилар[6].

Қиссадан солиҳ ва иймонли кишиларни бошқалардан устун билиш кераклиги ҳам маълум бўлади.

 

[1] “Ал-ҳарб ан-нафсийя зиддал-ислам”, 269-бет.
[2] “Ал-ҳарб ан-нафсийя зиддал-ислам”, 270, 271-бет
[3] “Ал-ҳарб ан-нафсийя зиддал-ислам”, 270, 271-бет.
[4] “Ал-ҳарб ан-нафсийя зиддал-ислам”, 271-бет.
[5] “Ас-сийра ан-набавия ас-саҳиҳа, 1/167-бет.
[6] “Тафсир Ибн Атия”, 15/316. Ал-Қосимий, 17/54-бет.

Изоҳ қолдиринг