Сийрат: Саҳобаларнинг маънавиятларини юксалтиришда Қуръоннинг таъсири (2)

0

Қуръони карим саҳобаларни ҳимоя қилишидаги иккинчи нуқта шуки,  Қуръон саҳобаларга далда бериб, уларнинг мусибатларини енгиллаштирар эди. Қуръонда уларга мушриклар тарафидан берилаётган азиятлар янгилик эмаслигини, бундан олдин ҳам Аллоҳнинг мўмин бандаларига шундай азиятлар берилгани айтилди. Пайғамбарларнинг ҳаётларидан қиссалар келтирилди. Жумладан, Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Исо алайҳиссаломларнинг Аллоҳ йўлида чеккан заҳматлари ҳикоя қилинди. Қиссалар мусулмонларга сабот бахш этар, уларни дин йўлида жонларини фидо қилишга таёрлар, ҳар қандай оғир мусибатларга бардошли этиб қўяр эди. Уларга ўтмишдаги ахборот, таълим-тарбия майдонларида қўлланган ижобий воситаларни баён қилинар эди. Албатта, Қуръон қиссалари кўпдан-кўп ибратли, ҳикматли ҳикояларни ўз ичига олгандир.

Саҳобаларнинг мусибатларини енгиллаштириш учун уларни ва улар қилган солиҳ амалларни мақтаб оятлар нозил бўлди. Бу эса уларнинг руҳиятларини кўтарарди. Мисол учун, Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг саҳобалардан етти нафарини қулликдан озод этгани ҳақида оятлар нозил бўлди. Ва бир вақтнинг ўзида ўша оятларда Билол разияллоҳу анҳуни қийноққа солган Умайя бин Халафни қораланди. Қуръон ўзининг ахлоқий услубига мувофиқ олдин савобни, кейин жазони зикр қилади. Мўминларни савоб амалларга рағбатлантириб, кофирларни дўзах азоби билан қўрқитади. Бу усул саҳобаларни ҳақда собитқадам бўлишларига катта ҳисса қўшди. Кофирларга эса ғам-ғайғу келтирди. Аллоҳ таоло айтади: “(Эй одамлар), Мен сизларни ловуллаб турган ўтдан – жаҳаннам оловидан огоҳлантирдим ва қўрқитдим. Унга Аллоҳнинг пайғамбари Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламни ёлғончига чиқарган, Аллоҳга ва пайғамбарига иймон келтиришдан ва уларга итоат этишдан юз ўгирган ўта бадбахт одам киради. Молини яна ҳам кўпроқ яхшиликларни қўлга киритиш мақсадида сарфлаган ўта тақволи киши ундан узоқ қилинади. Унинг мол сарфлаши ўзига бирон яхшилик қилган кишини мукофотлаш учун бўлмади. Балки у бу иши билан олий Раббининг юзини истайди. Яқинда у (Аллоҳ жаннатда ўзига ато этадиган мукофотлар билан) албатта рози бўлади” (Лайл, 14-21).

Шунингдек, Нажрон насронийлари вакиллари Қуръонни эшитиб Исломга кирдилар. Кофирлар уларни Исломдан тўсишга ҳар қанча уринишмасин, фойдаси бўлмади. Баъзи тарихшунослар улар ҳақида мана бу каби оятлар нозил қилинди, дейдилар[1]:

Биз Қуръондан илгари китоб берган кишилар – улар китобларини ўзгартириб юбормаган яҳудий ва насронийлардир – Қуръонга иймон келтирадилар. Уларга Қуръон тиловат қилинса, улар: «Биз унга иймон келтирдик. У Раббимиздан келган ҳақдир. Биз у нозил бўлишидан илгари ҳам Аллоҳни бир деб биладиган мусулмонлар эдик. Аллоҳнинг дини битта, у Исломдир», деб айтадилар. Юқорида сифатлари ўтган ўша кишиларга, сабр қилишгани туфайли, амалларининг савоби икки карра берилади. Улар ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтарадилар ва Биз уларга берган ризқлардан инфоқ-эҳсон қиладилар” (Қасас, 52-54).

Мазкур оятлар саҳобаларга Аллоҳ йўлида оғир мусибатларга сабр қилганликлари учун улкан савоблар ваъда этар, жаннатдаги мангу ноз-неъматлар хабари билан уларни шод этар эди. Бу эса уларни даъват йўлидаги ғайратларига ғайрат қўшар, озорлар қаршисида собитқадам қилиб қўяр, уларда охир-оқибат албатта ғалаба қозонишларига ишонч пайдо қилар эди. Аллоҳ таоло буни Қуръони каримда баён қилганди, шунингдек, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам бир нечта ҳадисларда айтган эдилар. Аллоҳ Макка кофирларининг қисматларини баён қилиб бундай дейди:

Албатта, Биз пайғамбарларимизга ва уларга эргашган мўминларга дунёда ҳам, гувоҳлар (фаришталар, пайғамбарлар ва мўминлар ўз пайғамбарларини ёлғончи қилган халқларга қарши) гувоҳлик берадиган кунда ҳам ёрдам берамиз. У кунда золимларга узрлари фойда бермайди. Улар учун энг ёмон жой – дўзах бор” (Ғофир, 51-52).

Аллоҳ таоло саҳобаларнинг Қуръонга иймон келтириб, унга амал қилишларини мақтаб, бундай дейди:

Қуръон ўқийдиган ва унга амал қиладиган кишилар, намозларини ўз вақтида тўкис адо қилган, Биз ризқ қилиб берган мол-дунёлардан инфоқ-эҳсон қилган кишилар – ана ўшалар ҳеч касод ва барбод бўлмайдиган тижоратни, яъни Парвардигорларининг розилиги ва мўл-кўл ажру савобига эришишни орзу қиладилар. Зеро, Аллоҳ таоло уларнинг амаллари мукофотини ҳеч камайтирмай, тўла-тўкис қилиб беради ва ўз фазлу марҳамати билан уларга ажру-савобларни бир неча баробар кўпайтиради. Аллоҳ кечирувчи, яхши амалларни тақдирловчи зотдир” (Фотир, 29-30).

Аллоҳ таоло қаттиқ тазйиқлар, оғир қийноқларга қарамай Унга ибодат қилишнинг фазилатини ва ибодат учун бериладиган мукофотларни баён қилиб бундай дейди:

Ёки Раббига тоат-ибодат қилаётган, тунларини намозда тик туриб ва саждалар қилиб ўтказаётган, охират азобидан қўрқадиган, Раббининг раҳматини умид қиладиган киши яхшироқми? (Эй Пайғамбар), айтинг, Парвардигорларини ва ҳақ динларини биладиган кишилар билан ҳеч нарсани билмайдиган кимсалар тенг бўладими? Фақат соғлом ақлли кишиларгина панду насиҳат олади. (Эй Пайғамбар), иймон келтирган бандаларимга айтинг: «Раббингиздан қўрқингиз. Дунёда Парвардигорларига тоат-ибодат билан гўзал амал қилган кишилар учун охиратда гўзал мукофот – жаннат бор. Аллоҳнинг ери кенг. Сабр қилувчиларга охиратда савоблари ҳисобсиз берилгай” (Зумар, 9-10).

Қуръон саҳобаларнинг руҳиятларини кўтариб, уларни оғир тазйиқлар олдида сабрли қилиб қўйди. Шунинг учун уларга душманларнинг фириб-найранглари таъсир қилмади. Мушриклар Исломга қарши қўллаган барча чоралар соғлом ақидали саҳобаларнинг мустаҳкам иродалари қаршисида барбод бўлди.

[1] Ибн Касир, “Ас-сийра ан-набавия”, 2/4-бет.

Изоҳ қолдиринг