Намоз: Қиёмул лайл намозига тааллуқли масалалар

0

Олтинчидан: қиёмул лайл намозининг қазоси

Қиёмул лайл намозини ўқий олмаган киши кундузи унинг қазосини жуфт ракаат қилиб ўқиб қўйиши жоиздир. Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам касаллик ёки бошқа бирон сабаб билан кечаси қиёмул лайл намозини ўқий олмасалар кундузи унинг (қазосини) ўн икки ракаат қилиб ўқир эдилар»[1].

Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким кечаси ухлаб қолиб (қиёмул лайл намози ёки Қуръон тиловатидан иборат) вазифасини ёки шу вазифанинг бир қисмини бажара олмаса, сўнг уни бомдод билан пешин намози ўртасида бажарса, гуёки кечаси бажаргандек савоб ёзилади»[2].

Қиёмул лайл намозига тааллуқли масалалар

  1. Қиёмул лайл намозини махфий ҳам, жаҳрий ҳам ўқиш жоиз. Бу борада мустаҳаб бўлган иш махфий билан жаҳрий ўртасида қироат қилишдир. Дарҳақиқат, ҳадисда собит бўлишича, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам (кечаси) гоҳида жаҳрий, гоҳида эса махфий намоз ўқир эдилар[3].

  2. Қиёмул лайл намозини узун ҳам, қисқа ҳам ўқиш жоиз. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашган ҳолда бу намозни узун ўқиш афзалроқдир.

  3. Рамазон ойида қиёмул лайл намозини масжидда жамоат бўлиб ўқиш мустаҳаб саналади. Нўъмон ибн Башир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Рамазон ойининг йигирма учинчи кечасида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга кечанинг биринчи учдан бирига қадар қиёмул лайл намози ўқидик. Сўнг йигирма бешинчи кечада у зот билан бирга ярим кечага қадар намоз ўқидик. Сўнг у зот йигирма еттинчи кечада бизларга намоз ўқиб бердилар. (Шунчалик узун ўқидиларки), ҳатто биз «нажот»га улгурмасак керак, деб ўйлаб қолдик. Биз саҳарликни «нажот» дер эдик»[4].

Шу мазмундаги бошқа ҳадислар Анас, Ойша ва Ҳузайфа разияллоҳу анҳумдан ҳам собит бўлган.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам рамазонда қиёмул лайл намозини имом билан бирга ўқиш фазлини баён қилиб бундай дедилар: «Ким имом намозни тугатмагунча у билан бирга қиёмул лайл ўқиса, унга кечаси билан намоз ўқиш савоби ёзилади»[5].

Шунинг учун Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ айтади: «Менга намозхоннинг таровиҳ ва витр намозларини имом билан бирга ўқиши маъқулроқдир». Шунингдек, Имом Аҳмаддан: «Қиёмул лайл (яъни таровиҳ) намозини кечанинг охирига кечиктириб, ёлғиз ўзи ўқиса-чи?» деб сўралганда: «Йўқ, мусулмонлар суннати (яъни кечанинг бошида бўлса ҳам мусулмонлар жамоати билан бирга ўқиши) менга суюклироқдир», деб жавоб берган.

  1. Рамазондан бошқа пайтда қиёмул лайл намозини жамоат билан ўқишга тарғиб этувчи далил келмаган. Бироқ мусулмонлар иттифоқо, одат қилиб олмасдан, намоз учун муайян вақтни белгиламасдан жамоат бўлиб қиёмул лайл ўқисалар, жоиздир. Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо холаси Маймуна разияллоҳу анҳонинг уйида Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга иқтидо қилиб қиёмул лайл намози ўқигани[6] мазкур ишнинг жоизлигини кўрсатади.

  2. Қиёмул лайл намозида қироат қилиш суннат саналган муайян суралар йўқ. Балки бу намозда муайян миқдорга чекланмаган тарзда узун қироат қилиш мустаҳаб ҳисобланади. Соиб ибн Язиддан ривоят қилинади: «Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу Убай ибн Каъб ва Тамим ад-Дорий разияллоҳу анҳумони одамларга ўн бир ракаат қиёмул лайл (таровиҳ) намозини ўқиб беришга буюрди. (Намозда) қори «миъийн»[7] сураларни ўқир, ҳатто қиёмнинг узунлигидан ҳассаларга суяниб олар эдик. Намозни субҳи содиқ чиқа бошлаганда тугатар эдик»[8].

  3. Кўпчилик имомлар рамазон ойида бир ойда бир хатм қилиш учун қиёмул лайл намозида ҳар куни Қуръондан бир жуз тиловат қилишади. Бироқ бундай қилиш шарт эмас.

Лекин бу ишни бидъат демаймиз. Чунки шунга ўхшаш ишлар баъзи салафлардан собит бўлган. «Ал-муғний» китобида келтирилади: «Фазл ибн Зиёд айтади: «Абу Абдуллоҳ (яъни Имом Аҳмад ибн Ҳанбал)дан: «(Намозда) Қуръонни хатм қиламан. Хатмнинг охирини витрда ўқийми ёки таровиҳдами?» деб сўрадим. У: «Таровиҳда ўқи. Токи иккиси (яъни таровиҳ билан витр)нинг ўртасида дуо қилайлик», деди. Мен: «Қандай қилай?» дедим. Абу Абдуллоҳ деди: «Қуръоннинг охирини ўқиб тугатганингда руку қилишдан олдин қўлларингни кўтар, намозда турган жойимизда бизларга эшиттириб дуо қил ва Аллоҳ учун қиёмда узоқ тур». Мен: «Нима деб дуо қилай?» дедим. «Истаганингдек», деди Абу Абдуллоҳ»[9].

  1. Таровиҳ намозининг маълум ракаатлари ўртасида муайян зикрлар ёки қисқа сураларни ўқиш ва шу тариқа ракаатлар сонини санаш бидъатдир. Шунингдек, таровиҳ намози олдидан «Ас-солату ярҳамукумуллоҳ»[10] ёки «солатут-таровийҳи асаабакумуллоҳ»[11] ёки шу каби ибораларни айтиш ҳам бидъат саналади.

  2. Қунут дуосида қофияли иборалар тузиб дуо қилиш ёмон бидъатдир. Бундай қилиш дуода ҳаддан ошиш бўлиб, суннатга хилоф иш саналади.

  3. Шуни билиш лозимки, кимда ким таъвил билан қиёмул лайл (таровиҳ) намозини йигирма ракаат деб билса, унга адашган ёки бидъатчи деб ҳукм қилинмайди. Балки тўғри фикрга кўра, имом ўн бир ракаатдан кўпроқ ўқиса ҳам унга эргашиш мақсадга мувофиқдир. Чунки юқорида келтирилган ҳадисда: «Ким имом намозни тугатгунча у билан бирга қиёмул лайл ўқиса, унга кечаси билан намоз ўқиш савоби ёзилади», дейилди. Имомнинг ижтиҳодига (қарашига) эргашиш мақсадга мувофиқлигини кўрсатадиган яна бир далил шуки, Ибн Масъуд разияллоҳу анҳу ва бошқалардан собит бўлишича, саҳобалар Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳу Минода намозни қаср қилмасдан тўлиқ ўқиганида унга эътироз билдирсалар-да, унинг орқасида намоз ўқиганлар. Одамлар бундан ажабланишганида Ибн Масъуд разияллоҳу анҳу: «Ихтилоф ёмондир», деган. Дарҳақиқат, юқорида айтиб ўтганимиздек, айрим уламолар таровиҳ намозининг йигирма ракаатдан иборат эканини билдирган ривоятни собит деб билишган. Бинобарин, менимча, бу борада бир фикрда қаттиқ туриб олиш яхши эмас, валлоҳу аълам.

  4. Аёлларнинг таровиҳ намозига ҳозир бўлиши жоиз ва машруъдир. Ҳатто аёлларга таровиҳ намозини ўқиб бериши учун алоҳида имом тайинланиши ҳам жоиздир. Дарҳақиқат, Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу эркакларга Убай ибн Каъбни, аёлларга эса Сулаймон ибн Абу Ҳасмани имом қилган, кейинроқ Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳу ҳам шундай қилган эди. Бу ҳақдаги ривоятлар санади саҳиҳдир.

  5. Биз сўз юритаётган қиёмул лайл намозига рамазон ойида «таровиҳ намози» дейилади. Бинобарин, баъзи авом одамлар ўйлаганидек, рамазон ойида бирига «қиёмул лайл», иккинчисига «таровиҳ» дейиладиган иккита намоз йўқ.

Шунингдек, қиёмул лайл намози кечанинг охирида ўқилса, унга «таҳажжуд» дейилади. Бошқа бир фикрга кўра, тунда уйқудан уйғониб ўқиладиган намозга «таҳажжуд» дейилади. Бу номларнинг барчаси тунда ўқиладиган битта намознинг турлича исмлари бўлиб, уларнинг барчасига «тунги намоз» дейилади. Демак, «таҳажжуд» намози тунги намоздан бошқа алоҳида намоз эмас. Балки у кечанинг охирида ёхуд кечаси уйқудан уйғониб ўқиладиган тунги намоздир.

  1. Инсон тунда ўн бир ракаат ёки ўн уч ракаат қиёмул лайл намози ўқигач яна нафл намоз ўқиши жоизми?

Мен тўғрироқ деб билган фикрга кўра, валлоҳу аълам, бундай қилиш жоиздир. Чунки мутлақ нафл намоз ўқиш фазилати тўғрисидаги ҳадисларнинг умумий мазмуни шуни кўрсатади. Фақат инсон буни кечаси ўқиладиган равотиб суннатлардан деб билмасдан, балки мутлақ нафл намоз қабилидан деб билиши лозим.

  1. Фақат жума кечаси қиёмул лайл намози ўқилмайди. Ҳадисда: «Бошқа кечалардан фарқли ўлароқ, фақат жума кечаси қиёмул лайл намози ўқиманглар…»[12], дейилган.

  2. Нававий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ҳар икки ракаатдан кейин салом бериш афзалдир. Хоҳ кундузги, хоҳ кечки нафл намозлар бўлсин, ҳар икки ракаатдан кейин салом бериш мустаҳаб саналади»[13]. Бироқ ҳар икки ракаатдан сўнг салом бермасдан, бир неча ракаатни қўшиб ўқиш тўғрисида ҳам ривоятлар бор бўлиб, уларни витр намози ҳақида сўз юритганимизда келтирамиз.

  3. Кечаси билан қиёмул лайл намози ўқиб чиқиш макруҳдир. Кечаси ҳам ухлаш, ҳам қиёмул лайл намози ўқиш суннатдир. Шундай бўлса-да, баъзан кечаси билан қиёмул лайл ўқиб чиқиш жоиз бўлади. Бунга рамазон ойининг охирги ўн кунлигини мисол қилиш мумкин[14]. Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ қирқ йил бомдодни хуфтонга олган таҳорати билан ўқиган, деган ривоят асоссиз ривоятдир[15].

[1] Муслим (746), Абу Довуд (1342), Термизий (445) ривояти.
[2] Муслим (747), Абу Довуд (1313), Термизий (581), Насоий (3/260), Ибн Можа (1343) ривояти.
[3] Саҳиҳ. Абу Довуд (226), Термизий (449), Насоий (1/125), Ибн Можа (1354), Ибн Ҳиббон (2447) ривояти.
[4] Саҳиҳ. Насоий (3/238), Аҳмад (4/272), Ибн Абу Шайба (2/164) ривояти.
[5] Саҳиҳ. Абу Довуд (1375), Термизий (806), Насоий (3/83), Ибн Можа (1327) ривояти. Ҳадисни Термизий саҳиҳ деган.
[6] Ҳадис ва унинг тахрижи «Қиёмул лайл намозига тегишли айрим одоб ва аҳкомлар» мавзусида келтирилган эди.
[7] «Миъийн» – етти узун суралардан кейин келган, оятлари сони юздан ошиқ бўлган, уларда турли қиссалар зикр қилинган ва Каҳф сурасидан кейин бошланадиган суралар. Етти узун суралар эса қуйидаги олти сура – Бақара, Оли Имрон, Нисо, Моида, Анъом ва  Аъроф суралари бўлиб, уларнинг еттинчиси борасида уламолар ихтилоф қилишган. Баъзилар ушбу сураларнинг еттинчиси ўрталари басмала билан ажратилмагани боис Анфол ва Тавба сураларидир, дейишса, бошқа айрим уламолар еттинчиси Юнус сурасидир, дейдилар.
[8] Молик («Ал-муваттоъ», 1/115), Абдураззоқ (4/260), Ибн Абу Шайба (2/162) ривояти. Албоний «Ал-ирво»да (25/192) саҳиҳ деган.
[9] Қаранг: «Ал-муғний», 3/171-бет.
[10] Маъноси: «Аллоҳ сизларга раҳм қилсин, намоз (бошланмоқда)».
[11] Маъноси: «Аллоҳ сизларга савоб берсин, таровиҳ намози (бошланмоқда)».
[12] Муслим (1144), Аҳмад (6/442), Ибн Хузайма (1176), Ибн Ҳиббон (3612), Ҳоким (1/455), Ибн Абу Шайба (2/303), Насоий («Ал-кубро», 2755) ривояти.
[13] «Шарҳу саҳиҳи Муслим», 2/401-бет. Қаранг: «Ал-муғний», 4/498-бет.
[14] Қаранг: Нававий. «Ал-мажмуъ», «Шарҳу саҳиҳи Муслим», 2/441-бет; Ибн Таймия. «Мажмуъ ал-фатово», 22/308-бет; Ибн Ҳажар. «Фатҳ ал-Борий», 3/20-бет.
[15] Қаранг: Албоний. «Сифату солат ан-Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам», 69-бет.

Изоҳ қолдиринг