Муҳим савол-жавоблар: 66-70 – саволлар

0

66-савол: Қадарнинг қандай босқичлари бор?

Жавоб: Қадарнинг тўртта босқичи бор. Улар:

Биринчи босқич: илм босқичи. Аллоҳ таоло бутун махлуқотни ҳали яратмасдан туриб билган эканига иймон келтирамиз. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Аллоҳ барча нарсани Ўз илми билан қамраб олгандир” (Талоқ сураси, 12-оят).

Иккинчи босқич: Ёзиш босқичи. Аллоҳ таоло қиёмат кунигача бўладиган ҳамма нарсани Лавҳул Маҳфузга ёзиб қўйган эканига иймон келтирамиз. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Барча нарсани очиқ Китобда (яъни Лавҳул Маҳфузда) белгилаб қўйганмиз” (Ёсин сураси, 12-оят). Яъни ёзиб қўйганмиз.

Учинчи босқич: Ирода ва хоҳиш босқичи. Осмонлар ва ердаги барча нарса Аллоҳ таолонинг хоҳиши билан бўлганига, коинотдаги ҳар бир нарса албатта У зотнинг хоҳиши билангина юзага келишига иймон келтирамиз. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Сизлар фақат бутун оламлар Парвардигори бўлмиш Аллоҳ хоҳласагина хоҳларсизлар (хоҳишларингиз амалга ошади)” (Таквир сураси, 29-оят).

Тўртинчи босқич: Яратиш босқичи. Ёлғиз Аллоҳ таологина яратувчи, Ундан бошқа ҳамма нарса яралмиш ва У ҳар ишга қодирдир, деб иймон келтирамиз. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Аллоҳ барча нарсанинг Яратувчисидир. У барча нарсанинг устида вакил-ҳомийдир” (Зумар сураси, 62-оят).

67-савол: “Агар” деб гап бошлашнинг ҳукми нима?

Жавоб: Ачинарли, қайғули, нохуш ҳолатлар билан ўтган ишларда “агар” сўзини ишлатиш шаръан қораланган ва қадарга иймон келтиришга зиддир. “Агар” деб гап бошлаш билан шайтоннинг амали очилади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), ўша ўзлари ўтириб олиб дўстлари ҳақида: «Агар бизнинг гапимизга кириб (жанг қилишдан бош тортганларида) ўлдирилмаган бўлар эдилар», дейдиган кимсаларга: «Агар айтган гапларингиз рост бўлса, ўзларингдан ўлимни даф қилинглар-чи», деб айтинг!” (Оли Имрон сураси, 168-оят).

Бундай ҳолатларда мўминга ярашадиган сўз: “Аллоҳнинг тақдири экан, У хоҳлаганини қилди”, дейишдир.

Келажакда бўладиган ишда яхшиликка интилиб, ажр-савоб олиш умидида “агар” сўзини ишлатиш мақтовга сазовордир. Масалан, “Агар менинг ҳам фалончи аёлнинг мол-дунёсидек мол-дунём бўлса, Аллоҳ йўлида эҳсон қилар эдим”, дейиш. Бу аёл яхшиликни орзу қилгани учун ниятига яраша савоб олади. Агар ёмонликни орзу қилса, гуноҳ ёзилади.

68-савол: Илоҳий ироданинг қандай турлари бор?

Жавоб: Аллоҳ таолонинг иродасини шартли равишда икки турга бўлишимиз мумкин:

Биринчи: Кавний ирода. Ундан хоҳиш маъноси назарда тутилади. Бу ирода ушбу коинотда бўлаётган яхши ва ёмон барча нарсани ўзи ичига олади. Бирон нарса Аллоҳ таолонинг хоҳиш-иродасидан ташқарига чиқолмайди. Аллоҳ таоло бирон нарсани бўлишини кавний иродаси билан хоҳласа, у албатта бўлади. Бунда Аллоҳ таоло ўша ишни бўлишини яхши кўриши шарт эмас. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Агар Аллоҳ хоҳлаганда уришишмаган бўлардилар, лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган ишини қилади” (Бақара сураси, 253-оят).

Бу иродадан ҳеч ким чиқолмайди ва қочиб қутулолмайди.

Иккинчи: Шаръий ирода. Ундан яхши кўриш маъноси қасд қилинади. У Аллоҳ таоло яхши кўрадиган ва ундан рози бўладиган нарсаларни ўз ичига олади. Бу иродадан Аллоҳ таолонинг яхши кўриши назарда тутилади. Бунга мисол, Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Аллоҳ тавбаларингизни қабул қилишни истайди” (Нисо сураси, 27-оят). “Истайди” сўзи бу ерда “яхши кўради” деган маънони ифода этади.

Аллоҳ таолонинг кавний иродасига мисол: барча гуноҳлар Аллоҳ таолонинг кавний иродаси ва тақдири билан юзага келади. Гарчи Аллоҳ уларни ёмон кўрса ҳам Ўзи билган ҳикмат сабабли рўёбга чиқаради.

Аллоҳ таолонинг шаръий иродасига мисол: барча тоат-ибодат турлари Аллоҳ таолонинг шаръий иродаси билан юзага келади. Аллоҳ уларни хоҳлайди ва яхши кўради.

69-савол: Муҳаббатнинг қандай турлари бор?

Жавоб: Муҳаббатнинг тўртта тури бор:

  1. Аллоҳ муҳаббати. Бу иймоннинг асосидир;

  2. Аллоҳ учун яхши кўриш. У мўминларни дўст тутиш ва уларни Аллоҳга яқинлик даражасига кўра яхши кўришдир;

  3. Аллоҳ билан бирга бошқани ҳам яхши кўриш. Бу мушрикларнинг илоҳларини яхши кўриши бўлиб, ширкнинг асосидир;

  4. Табиий муҳаббат. Унинг бир нечта кўринишлари бор:

    1. Улуғлаш, ҳурмат қилиш муҳаббати: ота-онага бўлган муҳаббат;

б) Раҳм-шафқат қилиш муҳаббати: фарзандга бўлган муҳаббат;

в) Бир-бирига яқинлик муҳаббати: бошқа инсонларга бўлган муҳаббат;

г) Инсон табиатидаги муҳаббат: таом ва мол-дунёга бўлган муҳаббат.

70-савол: Таваккулнинг қандай турлари бор?

Жавоб: Таваккулнинг тўртта тури бор:

Биринчи: барча ишларда Аллоҳга таваккул қилиш. Бу вожибдир;

Иккинчи: фақат Аллоҳ таоло қодир бўлган ишларда одамларга таваккул қилиш. Бу катта ширкдир. Масалан, ўликларга ёки ёнида бўлмаган кишиларга таваккул қилиш-суяниш;

Учинчи: ризқ талаб қилиш ва озорни кетказиш каби одамлар қила оладиган ишларда тирик ва ёнида бўлган кишиларга суяниш. Бу кичик ширкдир. Чунки таваккул аввало Аллоҳ таолога қилиниши лозим, сўнгра одамларга суяниш мумкин;

Тўртинчи: савдо-сотиқ ва шунга ўхшаш одамлар қодир бўлган ишларни бошқа одамларга топшириш. Бу жоиз ишдир.

Изоҳ қолдиринг