Бир куни мушриклар маслаҳат учун йиғилдилар. Йиғинда баъзилари бундай деди: “Бу ишда сеҳргар, фолбин ва шоирлардан фойдаланиш керак. Улар бирлигимизга раҳна солаётган, ишимизни бузаётган, динимизни ҳақорат қилаётган анави одамга гапирсинлар. Қани, нима деб жавоб қилар экан?”. Бошқа баъзилари: “Биз бу ишда Утба ибн Рабиадан кўра устароқ одамни билмаймиз”, дедилар. Сўнг Утбага: “Эй Абу Валид, Муҳаммад билан сен гаплаш”, дедилар. Утба Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига бориб: “Эй Муҳаммад, сен афзалмисан ёки Абдулмутталибми?” деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам индамадилар. Утба сўзида давом этиб: “Агар сен уларни ўзингдан афзал деб билсанг, улар ҳам бутларга ибодат қилишган эди. Агар сен ўзингни улардан афзал деб билсанг, унда гапир, сенга қулоқ солайлик. Аллоҳга қасам, биз қавмига сендан кўра кўпроқ ёмонлик келтирган одамни кўрмадик. Бирлигимизни буздинг, динимизни ҳақорат қилдинг, бутун араблар ичида бизни шарманда қилдинг. Ҳатто Қурайшдан сеҳргар, фолбин чиқибди, деган гаплар бўлди. Аллоҳга қасам, биз бунга узоқ чидолмаймиз, қилич яланғочлаб жангга кирамиз, бир томчи қонимиз қолгунича уруш қиламиз. Аммо агар бойлик керак бўлса, сенга мол-давлат йиғиб берайлик, Қурайшнинг энг бадавлат кишиларидан бўласан. Агар аёлларга майлинг бўлса, қурайшлик аёллардан хоҳлаганингча танла, сени ўнлаб аёлларга уйлантириб қўямиз”, деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам жим қулоқ солиб турдилар. Сўнг: “Гапириб бўлдингми?” дедилар. Утба: “Ҳа”, деди. Шундан сўнг у зот қуйидаги оятларни ўқидилар:
“Ҳа, мим. Бу Қуръон Раҳмон ва Раҳим бўлган Аллоҳдан нозил бўлгандир. У оятлари, маъно ва ҳукмлари тўла ва очиқ-равшан баён қилинган, араб тилидаги Қуръон китобидир” (Фуссилат, 1-3).
Сўнг ўқишда давом этиб, қуйидаги оятгача етиб келдилар:
“Агар улар юз ўгирсалар, сиз уларга: «Мен сизларни Од ва Самуд қабилалари бошига келган азоб каби сизларни йўқ қилиб юборадиган азобдан огоҳлантирдим», деб айтинг” (Фуссилат, 13).
Утба: “Бас, етар. Бошқа гапинг йўқми?” деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Йўқ”, дедилар. Утба ортига қайтиб кетди. Қурайш ундан: “Нима бўлди?” деб сўради. У: “Сизлар айтмоқчи бўлган гапларнинг ҳаммасини унга айтдим”, деди. Улар: “У жавоб бердими?” дедилар. Утба: “Ҳа”, деди[1].
Ибн Исҳоқ ривоятида: “Утба Қурайшга қайтиб келганда, улар унга: “Нима бўлди?” дедилар. Шунда Утба: “Мен ундан бир сўз эшитдимки, Аллоҳга қасам, унақасини эшитмаганман. Аллоҳ ҳаққи ҳурмати, у шеър ҳам эмас, сеҳр ҳам эмас, фолбинлик ҳам эмас. Эй Қурайш жамоси, менинг фикримни олинглар. Муҳаммаднинг ишига тўсқинлик қилманглар, уни ўз ҳолига қўйинглар. Аллоҳга қасам, мен ундан эшитган сўзлар ҳали катта самара беради. Агар араблар унга қаршилик қилса, сизлар ҳеч қон тўкмай, ундан қутуласиз. Агар у араблар устидан ғолиб келса, у қўлга киритган мулк сизларнинг мулкингиз, унинг азизлиги сизларнинг азизлигингиздир. У сабабли энг бахтли инсонларга айланасиз”, деди. Улар: “Эй Абу Валид, Муҳаммад сени ҳам сеҳрлабди”, дейишди. Утба: “Бу менинг шахсий фикрим, у ёғи сизларга ҳавола, истаганингизни қилаверинглар”, деди[2].
Қиссадан олинадиган ибратли сабоқлар ва фойдалар:
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам долзарб бўлмаган, иккинчи даражали масалада тортишувга кирмадилар. У зот ота-боболаридан афзал бўлсалар-да, бу тўғрида Утба билан баҳслашмадилар. Агар шундай қилганларида Утба шу масаладан у ёғига ўтмас, у зотнинг сўзларига қулоқ солмас эди.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам иккинчи даражали масалага киришмай, асосий мақсад сари юрдилар. Гарчи шаънларига ёмон гаплар айтилган бўлса ҳам, катта мақсадга эришиш йўлида майда-чуйда нарсалар билан машғул бўлмадилар. Бу эса Утбанинг бўлар-бўлмас сўзларига одоб билан қулоқ солиб, сўнг: “Гапинг тугадими, эй Абу Валид?” деган сўзларидан маълум бўлади[3].
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга қатъий жавоб бердилар. Унга мазкур оятларни танлаб ўқиб беришлари у зотнинг ўта ҳикмат соҳиби эканларини кўрсатади. Сабаби, бу оятлар улкан масалалар ҳақида баҳс юритади. Жумладан, Қуръон Аллоҳ тарафидан нозил этилгани ҳақ эканини, кофирлар ундан юз ўгирганликларини, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга топширилган вазифа нималигини баён этади. У зотнинг оддий инсон эканликларини, яратувчи эса фақат Аллоҳ бўлиб, У осмонлару ерни яратган зот эканини таъкидлайди. Ўтмиш умматлар пайғамбарларни ёлғончига чиқарганликларини хабар бериб, Қурайшни Од ва Самудга келган балодан огоҳ этади[4].
Даъватчилар учун мол-дунё, обрў-эътибор ва аёллар тарафидан катта хатар бор. Қанча-қанча даъватчилар мол-дунёга алданиб, тутган йўлларидан қайтганлар. Даъватчиларни йўлларидан қайтариш мақсадида уларга кўп марта мол-дунё ваъда қилинган. Бойликка учмай, ҳақ йўлда собитқадам бўлганлар Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳақиқий эргашган зотлардир. Обрў-эътибор ва шон-шуҳратнинг хатари маълум. Чунки шайтон бу ўринда ҳар хил йўллар билан инсонни ҳақ йўлдан адаштиришга ҳаракат қилади. Раббоний даъватчи барча сўзлари, феъллари, ҳаракату сукунатида Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрнак олади. У ўзининг яралишидан бўлган мақсадни унутиб қўймайди. Аллоҳ таоло айтади:
“(Эй Пайғамбар), айтинг: “Менинг намозим ҳам, жонлиқ бўғизлашим ҳам, ҳаётим ҳам, мамотим ҳам бутун оламлар Рабби Аллоҳ учундир. Унинг шериги йўқдир. Раббим мени шунга буюрди. Мен ушбу уммат ичидан бу тавҳидга иқрор бўлувчи энг аввалги мусулмонман” (Анъом, 162-163).
Аёллар фитнаси ҳақида Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Ўзимдан кейин эркакларга аёллардан кўра каттароқ фитна қолдирмадим”[5]. Хотин эрини даъватдан, жиҳоддан қолдириши, ёхуд бузуқ аёллар даъватчини йўлдан адаштириши, ё эса унинг ўзи зино ва фаҳш ишларга мубтало бўлиши мумкин, буларнинг ҳаммаси аёлларнинг фитнасидандир. Қандай бўлганда ҳам аёллар фитнаси динда катта фитна ҳисобланади. Қурайш ҳам Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга ўнлаб соҳибжамол аёлларни ваъда қилди. Аёл кишининг фитнаси ўткир қиличдан ҳам хатарлироқдир[6]. Аллоҳ йўлига даъват этувчилар Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашсинлар ва Юсуф алайҳиссаломнинг ушбу сўзини доимо эсда тутсинлар:
“Юсуф деди: “Эй Раббим, бу хотинлар чорлаётган бузуқликдан кўра менга зиндон яхшироқ. Агар Сен уларнинг макрини мендан даф қилмасанг, мен уларга мойил бўлиб қоламан ва жоҳиллик билан гуноҳ ишларни қиладиган нодон кимсалардан бўлиб қоламан”. Рабби унинг дуосини ижобат қилиб, улар ундан истаган гуноҳни Ўзи ундан даф қилди. Шубҳасиз, Аллоҳ эшитуви ва барча нарсани билувчи зотдир” (Юсуф, 33-34).
Утба Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг одобларидан таъсирланди. Таъсири шунчалик бўлдики, ҳатто у бўлган воқеани Қурайшга сўзлаб бермасидан туриб дўстлари унинг юзидаги ўзгаришни сездилар ва Аллоҳга қасам ичиб, унга бошқача юз билан қайтганини айтдилар. Дарҳақиқат, у даъватни тўхтатиш учун кетиб, уни қўлловчи бўлиб қайтган эди. Ва Қурайшдан Муҳаммадни ўз ҳолига қўйишларини талаб қилган эди[7].
Саҳобалар Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Утба ўртасида бўлиб ўтган баҳсга гувоҳ бўлдилар. У зот унинг ваъдаларидан ҳеч бирини қабул қилмаганларини кўрдилар. Шубҳасиз, бу улар учун улкан тарбиявий дарс бўлди. У зотдан ҳақ йўлида собитқадамликни, ақидани маҳкам ушлаб, ўткинчи дунё матоларига алданмасликни ўргандилар.
Саҳобалар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳалимликни, бағрикенгликни таълим олдилар. Дарҳақиқат, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Утба ибн Рабианинг бўлмағур сўзларини сабр билан тингладилар. У: “Қурайш ичида сеҳргар, фолбин чиқибди”, “Қавмига сендан кўра ёмонроқ шумқадам одамни кўрмаганмиз”, “Ёки сенда жин борми?” деган бўҳтон гапларни айтди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу бўҳтонларнинг биронтасига жавоб қилмай, Бани Абду Шамснинг саййиди Утбани Исломга даъват қилдилар. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан содир бўлган ҳар бир сўз ва амал саҳобалар учун намуна бўлди[8].
Баъзи сийрат китобларда айтилишича, Қурайш билан Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўрталарида бир неча марта музокаралар бўлиб ўтган. У зотга ҳар қандай кишини ўзига жалб этадиган дунё матолари ваъда қилинган. Лекин у зот тутган йўлларида жиддий туриб, ботилга майл кўрсатмадилар. Қурайш билан асло келишувга бормадилар[9]. Чунки ақида масаласи очиқ-ойдиндир. Ботил устида келишишга, ҳақдан танозул қилишга ўрин йўқ. Шунинг учун Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлар ваъда қилган нарсаларга менинг рағбатим йўқ, мен сизлардан на мол-дунё, на шараф, на мулк сўрайман. Аллоҳ мени сизларга Расул қилиб юборган. Менга китоб нозил қилган. Ва мени сизларга жаннатнинг башоратини беришга, дўзахдан огоҳ этишга буюрган. Мен Раббимнинг рисолатини етказдим. Агар уни қабул қилмасангиз, у ҳолда Аллоҳ бир ҳукм қилгунича Унинг амрига бўйсунган ҳолда сабр қиламан”, дедилар[10].
Мана шундай собитқадамлик билан кофирларнинг макр-ҳийлалари барбод қилинди. Ақидани соғлом ҳолатида ёйилди. Унга ҳеч қандай ўзгартириш киритилишига йўл қўйилмади[11].
[1] Ибн Касир, “Ал-бидоя ван-ниҳоя”, 3/68-69-бетлар.
[2] Ибн Ҳишом, “Ас-сийрат ан-набавия”, 1/294-бет.
[3] Мунир ал-Ғазбон, “Ат-таҳалуф ас-сиясий фил-ислам”, 33-бет.
[4] Аш-Шомий, “Муин ас-сийра”, 75-бет.
[5] “Саҳиҳ ал-жомеъ ас-сағир”, 5/138-бет. Ҳадис рақами: 5473.
[6] Ғазбон, “Фиқҳ ас-сийрат ан-набавия”, 169-бет.
[7] “Фий сийрат ан-набавия”, 87-бет.
[8] “Ат-тарбия ал-қиядия”, 1/304-бет.
[9] Али Астал, “Ал-вуфуд фил-аҳд ал-маккий”, 37-бет.
[10] Ибн Ҳишом, “Ас-сийрат ан-набавия”, 1/295-296-бетлар. “Ат-тарбия ал-қиядия”, 1/305-бет.
[11] Абдурраҳмон аш-Шужоъ, “Тарих содр ал-ислам”, 39-бет.