Дард ва даво (100): Ширк ва кибр ҳамда Аллоҳ таоло ҳақида илмсизлик билан гапириш

0

Бўлим

Ширк Аллоҳ бандаларни яратишдан ва уларни айрим ишларга буюришдан кўзлаган ғояга бутунлай зид иш бўлгани учун Унинг ҳузурида энг катта гуноҳ ҳисобланди. Илгари айтиб ўтганимиздек, кибр ва унга тобе иллатлар ҳам мазкур ғояга энг зид ишлардан саналади. Зеро, Аллоҳ таоло ёлғиз Ўзига бўйсунишлари учун инсонларни яратди ва китобларни туширди. Ширк ва кибр эса бунга тескари амалдир. Шу сабабли Аллоҳ таоло жаннатни мушрик ва мутакаббирларга ҳаром қилди. Қалбида зарра мисқолича кибр бўлган одам жаннатга кирмайди.

Бўлим

Зарари катталиги бўйича ширкдан кейинги ўринда Аллоҳ азза ва жалланинг исм-сифатлари ва ишлари борасида илмсиз гапириш, Аллоҳ таоло ва пайғамбари васфлаган сифатларга зид сифатлар билан У зотни васфлаш туради. Бундай қилиш бутун мавжудотларни яратган ва уларга (муайян вазифаларни) буюрган Зотнинг баркамоллигига батамом зид иш, рубубият сифатига ва Парвардигорнинг ўзига хос хусусиятларига дахл қилиш саналади.

Агар бу иш била туриб қилинса, қайсарлик бўлади. Бу эса Аллоҳнинг ҳузурида ширкдан ёмонроқ ва ундан ҳам гуноҳи каттароқ иш ҳисобланади. Чунки Парвардигорнинг комил сифатларини инкор этган кишидан Унинг сифатларини тан олган мушрик яхшироқдир. Масалан, бир подшоҳнинг ҳукмдорлигини тан олган, ҳукмдорлиги ва подшоҳликка яроқли этган сифатларини инкор қилмаган, лекин унга яқинроқ бўлиш ниятида баъзи ишларда унга шериклар қўшган киши подшоҳнинг ҳукмдорлик ва унга лойиқ сифатларини инкор қилган кишидан яхшироқ саналади. Табиати ва ақли соғлом ҳар қандай одам буни эътироф этади. Аллоҳ таолонинг баркамол сифатларига тил теккизиш ва уларни инкор қилиш қаёқда-ю, Аллоҳга яқинроқ бўлиш мақсадида орага воситачи қўйиб, уни улуғлаб, кўкка кўтариб, унга ибодат қилиш қаёқда?! Ҳа, ҳақни тан олмаслик тузалмайдиган оғир касалликдир.

Мусо алайҳиссалом Рабби осмонда экани ҳақида хабар берганда Аллоҳнинг исм ва сифатларини тан олмайдиганлар раҳбари Фиръавн буни инкор қилди. Аллоҳ таоло айтади: “Фиръавн айтди: «Эй Ҳомон, мен учун бир баланд қаср қургин, шояд мен (у қасрнинг устига чиқиб) йўлларга осмонларнинг йўлларига етиб, Мусонинг илоҳини кўрсам. Дарҳақиқат, мен уни ёлғончи деб гумон қилмоқдаман” (Ғофир, 36-37). Шайх Абу Ҳасан Ашъарий ўз асарларида Аллоҳнинг исм ва сифатини инкор қилувчиларга мазкур оятни қарши далил қилиб келтирарди. Унинг бу масалада айтган сўзини бошқа китобимизда нақл қилган эдик[1].

Аллоҳ номидан илмсиз гапириш ва ширк бир-бирига чамбарчас боғлиқдир.

Ҳақдан адаштирадиган бидъат-хурофотлар Аллоҳнинг сифатларини билмаслик, Аллоҳ ва Расули хабар берган Яратганнинг сифатларини қайсарлик ва билимсизлик билан йўққа чиқаришдан иборатдир. Бундай бидъат-хурофотлар гарчи ширкдан қуйи даражада бўлсада, гуноҳи кабираларнинг энг катталаридан, уларнинг ичида Иблисга энг суюклироғи саналади. Салаф солиҳларимиздан бири бундай деган экан: “Бидъат Иблисга гуноҳдан суюклироқ. Чунки гуноҳдан тавба қилинади, бидъатдан эса тавба қилинмайди”[2]. Иблис алайҳилаъна айтади: “Одам боласини гуноҳлар билан ҳалок қилмоқчи эдим, улар истиғфор ва «ла илаҳа иллаллоҳ» билан мени ҳалок қилишди. Шундан кейин ораларига турли бузуқ эътиқодларни (биъат-хурофотларни) ёйдим. Натижада улар гуноҳ қилиб, ундан тавба қилишмайдиган бўлишди. Чунки улар яхши амал қилмоқдамиз, деб ўйлашади”[3].

Маълумки, гуноҳкор ўзигагина зарар етказади. Аммо бидъатчи бўлса, бутун одамзотга зарар етказади. Бидъатчи диннинг асосида фитнага дучор бўлган бўлса, гуноҳкор нафснинг истаклари бобида фитнага тушган бўлади. Бидъатчи Аллоҳ буюрган ҳақ йўл устида ўтириб олиб, одамларни ундан тўсади, гуноҳкор эса ундай қилмайди. Бидъатчи Парвардигорнинг сифатлари ва комиллигига эътироз қилади, гуноҳкор эса ундай қилмайди. Бидъатчи Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам келтирган шариатга қарши иш тутади, гуноҳкор эса ундай қилмайди. Бидъатчи одамларни охират йўлидан тўсади, гуноҳкор эса гуноҳи сабабли охират йўлида ўзи секинлашиб қолади.

[1] Қаранг: «Ижтимоъ ал-жуюш ал-исломийя», 295-бет; «Ас-савоиқ ал-мурсала», 1244.
[2] Ибн Жаъд «Муснад»да (1885), Лоликоий «Шарҳу усул ал-эътиқод»да (238), Абу Нуайм «Ал-ҳиля»да (7\26) ва Байҳақий «Шуаб»да (16\482) Суфён Саврийдан ривоят қилишган. Санади ҳасан.
[3] Абу Яъло «Муснад»да (136), Ибн Абу Осим «Сунна»да (7) ва бошқалар ривоят қилишган. Ҳайсамий «Мажмаъ аз-завоид»да (10\207) заиф деган.

Изоҳ қолдиринг