Намоз: Витр намозининг ҳукми ва вақти

0

Витр намози

Биринчидан: витр намозининг ҳукми

Жумҳур уламоларнинг фикрига кўра, витр намозини ўқиш суннати муаккададир. Али разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Дарҳақиқат, витр вожиб ҳам, (беш вақт) фарз намозлардек ҳам эмас. Лекин Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам витр ўқидилар ва: «Эй Қуръон аҳли, витр ўқинглар. Зеро, Аллоҳ витр (яъни тоқ ва ягона) бўлиб, витр намозини (ўқишингизни ва витр ўқиганингиз учун сизларга ажр-савоб бериш)ни яхши кўради», дедилар[1]. Насоий ривоятида: «Витр фарз намозлар каби фарз ва вожиб эмас. Балки у Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам жорий қилган суннатдир», дейилади.

Шавконий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Жумҳур уламоларнинг фикрича, витр вожиб эмас, балки суннатдир. Абу Ҳанифа уларга хилоф қилиб, витрни вожиб деди. Ҳатто Абу Ҳанифадан витрни фарз дегани ҳам ривоят қилинган… Ибн Мунзир айтади: «Бу борада Абу Ҳанифа билан ҳамфикр бўлган бирон олимни билмайман».

Ҳанафийлар Абу Айюб разияллоҳу анҳунинг Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган «Витр ҳар бир мусулмон зиммасидаги ҳақдир»[2] деган ҳадисини далил қилишган. Бироқ бу ҳадис витрнинг вожиблигига далил бўла олмайди. Ҳадисдаги «ҳақдир» деган сўз вожибликни ифода этмайди.

Шунингдек, беш вақт намознинг фарзлиги тўғрисидаги ҳадислар ҳам витрнинг вожиб эмаслигини кўрсатувчи далиллардан саналади[3].

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ким витрни қасддан тарк этса, у ёмон инсондир, унинг гувоҳлиги қабул қилинмаслиги лозим»[4].

Витр намозини уловда кетаётиб ўқиш жоиздир

Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам туяларига миниб кетаётиб витр ўқиганлар»[5]. Бу ҳам витрнинг вожиб эмаслигини кўрсатади. Чунки фарз намозлар улов устида ўқилмайди.

Иккинчидан: Витр намозининг вақти

Витр намозини хуфтон намозидан кейин то бомдод намозига қадар кечанинг ҳар қандай вақтида ўқиш жоиздир. Хорижа ибн Ҳузофа ал-Адавий разияллоҳу анҳудан ривоят қилтинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло сизларга шундай бир намозни қўшимча қилдики, у сизлар учун қизил туялардан ҳам яхшироқдир. Бу намоз витр намозидир. Уни хуфтон билан субҳи содиқ чиқиши оралиғида ўқинглар»[6].

Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кечанинг ҳар қандай қисмида витр ўқидилар: бошида ҳам, ўртасида ҳам, охирида ҳам. Ҳаётларининг охирида саҳар пайтида (бомдод вақти киришидан олдинроқ) витр ўқийдиган бўлдилар»[7].

Модомики субҳи содиқ чиқмаган бўлса витр тарк этилмайди

Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Тонг оттиришингиздан (яъни субҳи содиқ вақти киришидан) олдин витр ўқинглар»[8].

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Тунги намоз икки ракаат-икки ракаатдан ўқилади. Агар бомдод вақти кириб қолишидан қўрқсанг, бир ракаат билан витр ўқи»[9].

Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким бомдод вақти кирган бўлса-да, ҳануз витр ўқимаган бўлса, унинг учун витр вақти ўтибди»[10].

Витрни кечанинг охирида ўқиш афзалдир

Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким кечанинг охирида тура олмасликдан қўрқса, витр ўқиб, сўнг ухласин. Ким кечанинг охирида туришга кўзи етса, кечанинг охирида витр ўқисин. Зеро, кечанинг охиридаги қироатга раҳмат фаришталари ҳозир бўлишади. Шу (яъни кечанинг охири кечанинг бошидан) афзалдир»[11].

Кечанинг охирида туришга кўзи етмаса, ётишдан олдин витр ўқийди

Юқорида ҳозиргина келтирилган ҳадис шунга далолат қилади. Қолаверса, Насоий Абу Зар разияллоҳу анҳудан ривоят қилган қуйидаги ҳадис ҳам шуни кўрсатади: «Халилим (Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам) менга учта ишни: зуҳо намозини ўқишни, ухлашдан олдин витр намозини ўқишни ва ҳар ойда уч кун рўза тутишни қаттиқ тайинладилар»[12]. Айнан шу маънодаги ҳадис Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ҳам ривоят қилинган.

Абу Қатода разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр разияллоҳу анҳудан: «Витрни қачон ўқийсиз?» деб сўрадилар. Абу Бакр: «Ухлашдан олдин витр ўқийман», деб жавоб берди. У зот Умар разияллоҳу анҳудан сўради: «Витрни қачон ўқийсиз?» Умар деди: «Ухлайман, сўнг (кечанинг охирида уйғониб) витрни ўқийман». Шунда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакрга қараб: «Сиз эҳтиётлироғи ёки ишончлироғини олибсиз», Умарга қараб эса: «Сиз кучлироғини олибсиз», дедилар»[13].

[1] Саҳиҳ. Абу Довуд (1416), Термизий (453, 454), Насоий (3/228), Ибн Можа (1169) ривояти.
[2] Саҳиҳ. Абу Довуд (1422), Насоий (3/238), Ибн Можа (1190) ривояти.
[3] «Фарз намозларнинг сони» мавзусига қаранг.
[4] Қаранг: «Ал-муғний», 2/161-бет.
[5] Бухорий (999, 1000), Муслим (700), Абу Довуд (1224), Насоий (3/232) ривояти.
[6] Абу Довуд (1418), Термизий (452), Ибн Можа (1168) ривояти. Шайх Албоний «Ал-ирво»да (423-бет) бундай дейди: «Ҳадисдаги «у сизлар учун қизил туялардан ҳам яхшироқдир» деган иборани ҳисобга олмаганда саҳиҳдир».
[7] Бухорий (996), Муслим (745), Абу Довуд (1435), Термизий (457), Насоий (3/230) ривояти.
[8] Муслим (754), Термизий (468), Насоий (3/231), Ибн Можа (1189) ривояти.
[9] Бухорий (990), Муслим (749), Абу Довуд (1326), Насоий (3/232), Ибн Можа (1320) ривояти.
[10] Ибн Хузайма (1092), Ҳоким (1/301-302), Ибн Ҳиббон (2408) ривояти. Ҳадис санади саҳиҳ.
[11] Муслим (755), Ибн Можа (1187), Аҳмад (3/315) ривояти.
[12] Саҳиҳ. Ибн Хузайма ривояти, 1223. Санади саҳиҳ. Албоний «Ас-силсила ас-саҳиҳа»да (1164) саҳиҳ деган. Ҳадиснинг аслини Бухорий (1178) ва Муслим (721) ривоят қилишган.
[13] Абу Довуд (1434), Ибн Хузайма (1084) ривояти. Ҳадис санади саҳиҳ.

Изоҳ қолдиринг