Ёлғон қабрлар (2)

0

260 – Ёлғон қабрлар

(Давоми)

«Одамлар улуғлайдиган бир қанча мақбаралар борки, текшириб кўрилса, асли ёлғон бўлиб чиқади. Гоҳида улар кофир кимсаларнинг қабрлари бўлиши ҳам мумкин. Масалан, «Ливан» тоғи этагида жойлашган «Нуҳ қабри» деб айтиладиган мақбарани олайлик. Мутахассисларнинг айтишича, у амолиқалардан бирининг қабридир. Олимлар Қоҳирадаги Ҳусайн мақбараси ва Дамашқдаги Убай ибн Каъб қабрининг сохта қабрлар эканига иттифоқ қилишган. Ҳатто мазкур икки мақбара насронийларга оид қабрлар деганлар ҳам бор. Аксар мақбаралар баҳслидир. У ерга ўрнашиб олган шайтонлар одамларни адаштиради. Яна айримлар тушида кимнидир кўради-да, кейин қабрга кўмилган одам шу деб ўйлаб олади. Аслида бут-санамлар атрофида қўним топган шайтонлар ёки бут-санамлар, ўликлар ва узоқдаги тирик шахслардан мадад сўраётганлар кўз ўнгида намоён бўладиган шайтонлар каби ўша кўмилган инсон суратида ёки бошқа бирон қиёфада шайтон гавдаланган бўлади. Бундай ҳодисалар бизнинг замонамизда ҳам, илгари ҳам кўп содир бўлган»[1].

Имом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳдан Бани Умайя жоме масжидига уч юз пайғамбар дафн этилгани тўғрисида сўралганида: «У ерда мазкур ададда пайғамбарлар дафн этилгани саҳиҳ хабарларда келмаган», деб жавоб берган[2].

Яна у кишидан «Ливан» тоғи ҳақида: «Бу тоққа  ёки унинг ёнбағирларига пайғамбарлардан бирортаси кўмилгани собит бўлганми?» деб сўралди. У зот бундай жавоб берди: «Тоғ этагида жойлашган «Нуҳ қабри» деб аталмиш машҳур қабр асоссиз ва сафсатадир. Илму маърифат аҳлидан бўлган бирор кимса бу қабрни Нуҳ алайҳисаломга ёки бошқа бирор пайғамбарга, ё солиҳ кишига оид қабр эканини айтмаган. Илгари бу қабр ҳақида на бирор хабар бўлган ва на у ҳақда бирор киши гапирган. Балки у жой экин экиладиган дала бўлган, яқин кунларгача у ерда тўқимачилар ўтирган. Одамлар у ерда ичида катта суяклар бор қабр топишади, хушбўй ҳид туйишади. Жоҳиллар шу ҳид сабабли уни пайғамбар қабри деб гумон қилишади. «Пайғамбарлардан энг каттаси ким бўлган?» деган саволга «Нуҳ» деб жавоб беришади ва уни «Нуҳ қабри» деб атай бошлашади. Ҳалаб амири Носир билан иттифоқдош бўлган шиа-рофизийлар давлати даврида ўша қабр устига сағана қуришади. Кейинчалик Зоҳир мамлакатида қабр янада катталашиб, жоҳиллар Аллоҳга шерик қиладиган бутга айланади. Дарҳақиқат, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта Аллоҳ ерга пайғамбарлар жасадини ейишни ҳаром қилди”, деганлари саҳиҳ ҳадисларда келган[3]. Агар у ҳақиқатда пайғамбар қабри бўлганида эди, жасаддан қуруқ суяк қолмас эди. Менга ўша ерлик ишончли кишилардан бири ота-боболаридан эшитганини айтиб берди. Улар ўша қабрдаги улкан суякларни кўрган, ундан аввал у ер экин-тикин экиладиган ва тўқимачилар ўтирадиган жой эканига гувоҳ бўлган эканлар. Яна ишончли кишилардан бири менга айтиб беришича, шу атрофдаги бошқа қабрлардан ҳам ўша суякка ўхшаш улкан бош чаноқлари топилган.

Шулардан маълум бўладики, шу ва бошқа суяклар қадим замонларда яшаган амолиқалар (гигантлар) ёки уларга ўхшаган одамлардан қолган суяклардир.

Мабодо у бирор пайғамбар ёки солиҳ инсоннинг қабри бўлган тақдирда ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан келган кўплаб ҳадисларга асосланиб, унинг устига масжид қуриш жоиз эмаслигига бутун мусулмонлар жамоаси ижмо-иттифоқ қилган»[4].

Ҳут ал-Байрутий айтади: «Фойда: пайғамбарлар ва бошқаларга нисбат бериладиган, бироқ уларга тегишли экани саҳиҳ бўлмаган қабрлар ва жойлар зикри. Жумладан:

  • «Ливан» тоғида жойлашган Нуҳ алайҳиссалом қабри. Бу қабр Нуҳ алайҳиссаломга (ҳижрий) еттинчи юз йилликда нисбат берила бошланган;

Тўқималардан яна бири Али разияллоҳу анҳу қабри ёнига Одам ва Нуҳ алайҳимассалом қабрлари сурати чизилишидир. Ваҳоланки, Али разияллоҳу анҳу қабри исботланмаган, балки бир тушга асосан барпо этилган.

  • Дамашқнинг шарқий тарафида Убай ибн Каъбга нисбат бериладиган сағана. У киши Дамашққа кўмилиш у ёқда турсин, у ерга келмаганига уламолар иттифоқ қилган;

  • Маккадаги «Муалло» қабристонида Ибн Умарга нисбат бериладиган қабр. Гарчи у киши Маккада вафот этганига иттифоқ қилинган бўлса-да, у жой унга нисбат берилиши ҳеч бир тарафдан тўғри бўлмайди;

  • Мисрнинг Қарофа шаҳрида Уқба ибн Омир разияллоҳу анҳуга нисбат бериладиган қабр. У жой Уқба разияллоҳу анҳуга кимнингдир анча муддатдан сўнг кўрган тушига биноан нисбат берилган;

  • Асқалонда Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳуга нисбат бериладиган қабр. Шомлик ҳофизлардан айримлари уни Ҳайда ибн Хашина қабри эканини айтган бўлса-да, Ибн Ҳиббон биринчи фикрни маъқуллаган;

  • Саййида Нафиса бинти Ҳасан ибн Зайд ибн Ҳасан ибн Али разияллоҳу анҳум номи билан танилган қабр. Илм аҳлидан айримлари айтишича, хоссатан зиёрат қилинадиган мазкур қабр унга оид эмас, бироқ унинг қабри ўша атрофдадир»[5].

261 – Сохта қабрларни ривожлантирувчиларга эътироз

Саномий ал-Ҳанафий айтади: «Сохта қабрларни пайдо қиладиган ва қабристонларни Каъбага қиёслайдиганларни жазолаш.

Хабарларда келишича, бир гуруҳ одам ҳожилар кўринишида Байтул Мақдисни зиёрат қилиш учун йўлга чиқади. Шунда Умар разияллоҳу анҳу уларни ортга қайтаради ва қамчи билан савалайди. Уларга: “Ҳали сизлар Байтул Мақдисни Масжидул Ҳаром каби қилиб олмоқчимисизлар?!” дейди.

Умар разияллоҳу анҳу бундай қилишининг боиси улар янги ўйлаб топилган бидъат ишга қўл урганликларидир. Зеро, Ислом диёрида ҳеч бир кимса бидъатлар билан шуғулланиши жоиз эмас»[6].

Валлоҳу аълам.

[1] Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ. «Ал-истиғоса фир-радди алал-Бакрий», 2/503-506 бетлар. Муҳаққиқ: Абдуллоҳ Саҳлий.
[2] «Мажмуъ ал-фатово», 27/48.
[3] Имом Аҳмад (16262) ва Ибн Можа (1085) ривояти. Шавконий «Найл ал-автор»да (3/295) ҳадисни ҳасан деган.
[4] «Мажмуъ ал-фатово», 27/61-62.
[5] «Асна ал-матолиб фий аҳодийс мухталифат ал-маротиб», 352-353 бетлар.
Шунингдек, қуйидаги манбаларга мурожаат этинг: Али ал-Қорий. «Ал-маснуъ фий маърифат ал-ҳадис ал-мавзуъ», 227-229; Ажлуний. «Кашф ал-хафо», 2/499-500.
[6] «Нисоб ал-эҳтисоб», 264-бет.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг