Зулм ва тажовузкорлик адолатга зид бўлгани боис Аллоҳ наздида энг катта гуноҳлардан ҳисобланди. Зеро, еру осмонлар адолат асосига қурилди, одамлар адолатли ҳаёт кечиришлари учун Аллоҳ таоло пайғамбарлар юборди ва китоблар туширди. Зулм ва тажовузкорликнинг зарари қанчалик катта бўлса, қабиҳлиги ва гуноҳи ҳам шунчалик катта бўлади.
Масалан, инсон ўзининг бегуноҳ фарзандини ўлдириши зулмнинг энг қабиҳ ва энг ёмон тури ҳисобланди. Чунки Аллоҳ таоло барча инсонлар қалбида ёш болаларга нисбатан меҳр-шафқат туйғусини жо айлаган. Хусусан, ота-онага бу туйғудан ўзгача улуш насиб этган. Ота-она еб-ичиш ва мол-мулкда уларга шерик бўлишидан қўрқиб ўз фарзандини ўлдирсалар, зулмнинг энг ёмон ва энг қабиҳ турига қўл урган бўладилар. Шунингдек, инсон дунёга келишига сабаб бўлган ота-онасини ёки қариндошларидан бирини ўлдириши энг ёмон зулм турига киради.
Қотиллик жиноятининг даражаси шу жиноят ортидан келадиган зарар ва ўлдирилган шахснинг одамларга бахт-саодат улашиш ва уларга яхшиликни раво кўриш йўлидаги саъй-ҳаракатига қараб турлича бўлади. Шунинг учун қиёмат куни энг қаттиқ азобга дучор бўладиган одам пайғамбарни ўлдирган ёки пайғамбар уни ўлдирган кимсадир. Ундан кейинги мартабада одамларни адолатга буюриб, Аллоҳ йўлига чақирадиган ва динни тушунтирадиган имомни ёки олимни ўлдирган киши туради.
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло мўмин кишини қасддан ўлдирган одамга дўзахда мангу қолиш, енгилмас ва қудратли Зотнинг ғазаби ва лаънатига қолиш, қаттиқ азобга дучор бўлишдек жазони тайин қилди. Модомики, бирон монелик бўлмас экан, мўмин бандани қасддан ўлдиришнинг жазоси мана шундай бўлади. Маълумки, мўмин бандани ўлдирган қотил ўз ихтиёри билан Ислом динига кирса, бу иши уни мазкур жазога тортилишдан тўсадиган моне бўлади. Бу борада уламолар ўртасида хилоф йўқ.
Аммо мўмин бандани қасддан ўлдирган одам Ислом динига кирса ва бу ишига тавба қилса, у ҳам белгиланган жазодан қутулиб қоладими? Бу масалада олдинги ва кейинги уламоларимиз ўртасида икки хил фикр бор. Имом Аҳмаддан ҳар икки фикр нақл қилинган.
Бу масалани яхшилаб синчиклаб ўрганадиган бўлсак, қуйидагича хулосага келиш мумкин:
Қотилликда уч тарафнинг ҳаққи бўлади: 1) Аллоҳнинг ҳаққи; 2) Ўлдирилган одамнинг ҳаққи; 3) Ўлган одам валийларининг ҳаққи.
Қотил қилмишига пушаймон бўлиб, Аллоҳдан қўрқиб, чин тавба этиб, (қасос олишлари, ё сулҳ қилишлари, ё кечиришлари учун) ўз ихтиёри билан ўлган одамнинг валийларига ўзини топширса, бу ҳолатда тавба билан Аллоҳнинг ҳаққи, қасос олиш ёки сулҳ қилиш ёки кечириш билан валийнинг ҳаққи соқит бўлади. Жабрланган, яъни ўлган одамнинг ҳаққига келсак, Аллоҳ таоло қиёмат куни Ўз фазли марҳамати ила тавба қилган қотил бандаси номидан унга ушбу ҳаққининг эвазини беради ва иккисининг ўртасини ислоҳ қилади. Натижада ўлган одамнинг ҳаққи ҳам қолиб кетмайди, қотилнинг тавбаси ҳам зое бўлмайди.