Чақалоққа оид ҳукмлар (28): Ақиқа қандай сарфланиши баёни

0

Ўн еттинчи бўлим
Ақиқа қандай сарфланиши баёни

Халлол «Жомеъ»да «Ақиқадан садақа ва ҳадя қилинадиган нарсалар ҳақидаги боб»да айтади: «Бизга Абдуллоҳ ибн Аҳмад хабар беришича, отаси бундай деган экан: “Ақиқадан ейилади ва ҳадя қилинади”[1].

Менга Исмат ибн Исом хабар беришича, Ҳанбал уларга айтган экан: “Абу Абдуллоҳ (Имом Аҳмад)дан ақиқа нима қилиниши ҳақида сўралганини эшитдим. У: «Хоҳлаганингдек», деб жавоб берди”.

Ибн Сийрин: “Хоҳлаганингни қил”, дер эди. Ундан: “Эгалари ҳам ейдими?” деб сўралди. У: “Ҳа. Бироқ ҳаммаси ейилмайди. Лекин (бир қисмини) ейди ва (бир қисмини) едиради”, деб жавоб берди[2].

Асрам ривоятида ҳам шундай деган[3].

Абу Ҳорис ва (Имом Аҳмаднинг) ўғли Солиҳ ривоятида эса: “Ўзи ҳам ейди, қўшниларига ҳам едиради”, деган[4].

У кишидан ўғли Абдуллоҳ: “Ақиқадан қанчасини тарқатади?” деб сўраганида, “Хоҳлаганича”, деб жавоб берган[5].

Маймуний деди: “Абу Абдуллоҳдан: «Ақиқадан ейиладими?» деб сўрадим. У: «Ҳа, ундан ейилади», деб жавоб берди. Мен: «Қанча?» дедим. У деди: «Билмадим. Қурбонликка келсак, Ибн Масъуд ва Ибн Умар ҳадислари бор». Кейин менга: «Бироқ ақиқадан ейилади», деди. Мен: «Қурбонликдан ейиш ҳам ақиқадан ейишга ўхшайдими?» дедим. У: «Ҳа, ақиқадан ейилади», деди”.

Маймуний айтади: “Абу Абдуллоҳ: «Қурбонликнинг учдан бир қисмини қўшниларга тортиқ қилади», деди. Мен: «Камбағал қўшниларгами?» деб сўрадим. У: «Ҳа, камбағал қўшниларга», деди. Маймуний: «Ақиқани қурбонликка қиёслайсизми?» деб сўради. Имом Аҳмад: «Ҳа, ақиқани қурбонликка қиёслаган киши узоқ кетмаган бўлади», деб жавоб берди”».

Халлол деди: «Менга Муҳаммад ибн Али Асрамдан сўзлаб беришича, Абу Абдуллоҳдан ақиқа тўғрисида: “Унда ҳам қурбонликда бўлгани каби ғамлаб қўйса бўладими?” деб сўралди. У: “Билмайман”, деб жавоб берди.

Менга Мансур хабар беришича, Жаъфар уларга бундай деган экан: “Абу Абдуллоҳдан ақиқа ҳақида сўралганини эшитдим: дояга ҳам ундан бирор қисми юбориладими? Ўйлашимча, у киши «Ҳа», деб жавоб берди”.

Менга Абдулмалик хабар беришича, у Абу Абдуллоҳнинг бундай деганини эшитган экан: “Ақиқадан бир бўлагини дояга беради. Ривоят қилинишича, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳусайн номидан ақиқа қилганларида дояга ҳам тортиқ қилганлар”».

Халлол айтади: «Менга Муҳаммад ибн Аҳмад бундай хабар берди: “Менга отам Ҳафс ибн Ғиёсдан, у Жаъфар ибн Муҳаммаддан, у отасидан сўзлаб беришича, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни ақиқадан бир оёқни дояга элтиб беришга буюрган эканлар”».

Байҳақий келтирган ҳадисда Ҳусайн ибн Зайд Жаъфар ибн Муҳаммаддан, у отасидан, отаси бобосидан, у Али разияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Фотимага буюриб бундай дедилар: «Ҳусайннинг сочи оғирлигини ўлча ва унинг вазнича келадиган кумуш садақа қил. Дояга ақиқанинг оёғидан бер»[6].

Ҳумайдий Ҳусайн ибн Зайддан, у Жаъфар ибн Муҳаммаддан, у отасидан ривоят қилишича, Али разияллоҳу анҳу дояга ақиқанинг оёғини берган[7].

Худди валимада бўлганидек, ақиқага ҳам одамлар чақириладими ёки одамлар чақирилмайди-ю, фақат тарқатиш билан чекланадими? Бунда ихтилоф бор.

Абу Умар ибн Абдулбар айтади: «Имом Молик: “Ақиқанинг суяклари синдирилади, қўшниларга едирилади. Валимада бўлгани каби ақиқага одамлар чақирилмайди”, деган. Чақиришни макруҳ деб билган ундан бошқа бирортани билмайман»[8]. Валлоҳу аълам.

[1] Қаранг: Абдуллоҳ. «Масоил», 3/879.
[2] Ибн Абу Шайба «Мусаннаф»да (8/241. «Ал-қибла» нашрида: 12/123) ва Ибн Абу Дунё «Ал-иёл»да (1/214) ривоят қилган.
[3] Қаранг: «Масоил ал-Имом Аҳмад» (ўғли Солиҳ ривояти), 2/210.
[4] Аввалги манба.
[5] Қаранг: «Масоил ал-Имом Аҳмад» (ўғли Абдуллоҳ ривояти), 3/880.
[6] Байҳақий «Сунан»да (9/304) ва «Шуаб ал-иймон»да (15/113) ривоят қилган. Ҳоким «Мустадрак»да (3/179-180) ривоят қилиб: «Бу санади саҳиҳ ҳадис бўлса-да, уни Бухорий ва Муслим ривоят қилмаган», деган. Ортидан Заҳабий: «Мен бунга қўшилмайман», дея илова қилган.
[7] Байҳақий «Сунан»да (9/304) ва «Шуаб ал-иймон»да (15/113) ривоят қилган.
[8] «Ат-тамҳид», 4/321; «Ал-истизкор», 5/559.
Қаранг: Ибн Қудома. «Ал-муғний», 13/395 ва кейинги бетлар; Мовардий. «Ал-ҳовий ал-кабир», 15/129; Рофеий. «Фатҳ ал-азиз», 12/118.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг