Муҳим савол-жавоблар: 71-75 – саволлар

0

71-савол: Тавассул нима? Унинг қандай турлари бор?

Жавоб: Аллоҳ таолога дуо қилишдаги тавассул: дуо қилувчи дуосида унинг қабул бўлишига сабаб бўладиган нарсани қўшиб, васила қилишидир. Тавассулнинг икки тури бор:

Биринчи: шариатда рухсат берилган тавассул. Ушбу тавассулга мисол:

  • Дуода Аллоҳ таолонинг исмлари ва сифатларини васила қилиш. Масалан: “Эй Аллоҳ, эй Раҳим, мени раҳматингга ол”, дейиш.

  • Аллоҳ таолога Унга бўлган иймон ва тоат-ибодатларни васила қилиш. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Парвардигоро, албатта биз: «Раббингизга иймон келтирингиз!» деб иймонга чорлаган жарчи (Муҳаммад алайҳиссаломнинг нидоларини) эшитдигу иймон келтирдик. Парвардигоро, бизнинг гуноҳларимизни мағфират қил, қилган ёмонликларимизни ўчиргил ва бизларни яхшилар билан бирга ўлдир!” (Оли Имрон сураси, 193-оят).

  • Тирик солиҳ инсоннинг дуосини васила қилиш, яъни ундан дуо қилишини сўраш.

Иккинчи: қайтарилган, шариатга хилоф бўлган тавассул. Мушриклар ўз илоҳларини васила қилишлари, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаққи ҳурматларини васила қилиш, ўликларни васила қилиш каби шариатда келмаган василалар бу турга мисол бўлади.

72-савол: Истиозани таърифини айтинг, унинг ҳукми нима?

Жавоб: Истиоза — Аллоҳ таолодан ҳимоя ва паноҳ сўрашдир. У энг улуғ ибодатлар жумласидандир. Ким офатлар, бало-қазолар ва ёмонликлардан асраш каби фақат Аллоҳ таологина қодир бўлган нарсалардан паноҳ беришини Аллоҳдан ўзгадан сўраса, катта ширк амални қилган бўлади.

73-савол: Истиоза лафзларидан баъзиларини айтинг. Истиоза айтишнинг қандай самараларини биласиз?

Жавоб: Истиоза лафзларидан: “Аъуузу биллааҳи минаш-шайтонир-рожим”, “Аъуузу би калимаатиллааҳит-тааммаати мин шарри маа холақ”, “Аъуузу биллаҳис-самиъил-алим минаш-шайтонир-рожим мин ҳамзиҳи ва нафхиҳи ва нафсиҳи”.

Маънолари: “Аллоҳнинг раҳматидан қувилган шайтондан паноҳ беришини сўрайман”, “Аллоҳнинг мукаммал калималари ила яратганларининг ёмонлигидан паноҳ сўрайман”, “Самиъ ва Алим Аллоҳдан қувилган шайтоннинг васвасасидан, макри ва ҳийласидан паноҳ беришини сўрайман”.

Истиоза айтишнинг самараларидан:

  • Аллоҳ таолонинг ҳифзи ҳимоя қилиши;

  • Хотиржамлик ва омонлик келиши;

  • Ёмонликнинг даф бўлишида мақсадга эришиш.

74-савол: Истионат ва истиғосани таърифланг. Уларнинг ҳукми нима?

Жавоб: Истионат — бирон ишни қилишда мадад ва ёрдам сўрашдир.

Итиғоса — оғир ҳолатдан, машаққатдан қутқаришини сўрашдир. Истиғоса фақат бирон мусибат ва машаққат туфайли қилинади.

Уларнинг ҳукмига келсак, уларда иккита ҳукм бор:

Биринчи: инсонлардан улар қодир бўлган ишларда истионат ва истиғоса, яъни мадад ва ёрдам сўраш жоиздир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “(Бас, Мусонинг) гуруҳидан бўлган киши ундан душман томондан бўлган кимсага қарши ёрдам сўради” (Қасос сураси, 15-оят).

Иккинчи: ўликлардан мадад ва ёрдам сўраш ёки беморга шифо бериш ва зарарни аритиш каби фақат Аллоҳ таоло қодир бўлган ишларни ёнида бўлмаган ғойиб шахсдан сўраш. Бу катта ширкдир.

75-савол: Дуо билан истиғосанинг орасида қандай фарқ бор?

Жавоб: Дуо истиғосадан умумийроқ бўлиб, қийин аҳволга тушганда ҳам, ундан бошқа ҳолатда ҳам дуо қилинаверади. Истиғоса эса фақат қийин аҳволга тушганда қилинади.

Изоҳ қолдиринг