Муҳим савол-жавоблар: 76-80 – саволлар

0

76-савол: Дуонинг қандай турлари бор?

Жавоб: Дуо икки қисмга бўлинади:

Биринчи қисм: ибодат дуоси. Унга намоз, рўза ва улардан бошқа ибодатлар мисол бўлади. Намоз ўқиган ёки рўза тутган аёл ҳолат тили билан Аллоҳдан мағфират қилишини, азобидан асрашини сўраб дуо қилган ҳисобланади.

Иккинчи қисм: сўраш ва талаб қилиш дуоси. Аллоҳ таолодан тил билан дунё ва охират яхшилигини сўраш.

77-савол: Руқяни таърифланг. Унинг қандай турлари бор?

Жавоб: Руқя деб инсондан бирон зарарни кетказиш учун ўқиладиган сўзларга — дам солишга айтилиб, азайим — дуохонлик ҳам дейилади. Руқянинг шаръан жоиз ва ножоиз бўлган кўринишлари бор.

Шаръан жоиз бўлган руқяда учта шарт жамланганда жоиз бўлади:

1) Аллоҳнинг каломи, суннатда келган дуолар, Аллоҳнинг исм ва сифатлари билан бўлиши;

2) Араб тилида ва маъноси тушунарли бўлиши;

3) Руқя фақат Аллоҳнинг изни ва тақдири билан таъсир қилади, деб эътиқод қилиш.

Руқя бемор кишига (тупук аралаш) суфлаб дам солиш билан, сувга ўқиб, бетоб кишига ичириш ёки сувни унинг устига қуйиш билан қилиниши мумкин.

Қайтарилган ёки ножоиз руқя: Аллоҳдан бошқага дуо қилиш ёки маънолари билинмаган исмлар ва тилсимларни ўз ичига олган дуолар билан дам солишдир.

78-савол: Бошқалардан руқя қилиб қўйишларини сўрашнинг ҳукми нима?

Жавоб: Шифони фақат Аллоҳ таоло беради, руқя қилдириш шифо топишга сабаб бўлади, деган эътиқод билан бўлса, бошқалардан руқя қилишларини сўраш жоиз ва Аллоҳга таваккул қилишга зид эмасдир.

79-савол: Тумор нима? Тумор тақишнинг ҳукми нима?

Жавоб: Кўз тегиши ёки жин чалишига қарши ёки бирон касалликдан сақланиш учун болаларнинг бўйинларига ёки қўлларига осиб қўйиладиган кўз мунчоққа ўхшаган нарсалардир. Баъзан беморлар ва катта кишилар ҳам тақиб олишади. Тумор тақиш ҳаромдир, унинг ичига хоҳ Қуръон оятлари ёзилган бўлсин, хоҳ ундан бошқа нарсалар, фарқи йўқ. Негаки, тумор тақиб олган киши у яхшилик келтиради ёки ёмонликдан сақлайди, деган эътиқод билан қалбини туморга боғлайди. Ҳолбуки, фойда берувчи ҳам, зарарни кетказувчи ҳам ёлғиз Аллоҳ таолодир.

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар: “Ким тумор таққан бўлса, ширк келтирибди” (Аҳмад ривояти).

Ҳалқа осиб олиш ҳам, ип боғлаб олиш ҳам тумор тақиш ҳукмига киради.

80-савол: Табаррук қилишни таърифланг ва унинг турларини айтинг.

Жавоб: «Табаррук» арабча сўз бўлиб, «барака сўраш» деган маънони англатади. Барака ҳам арабча сўз бўлиб, яхшиликнинг кўп бўлиши ва доимий қолиши маъносини билдиради. Табаррук қилиш икки қисмга бўлинади:

  • Шариатда рухсат берилган табаррук. Шариатда муборак экани билинган бирон нарсадан барака кутиш. Масалан, замзам сувини шифо учун ичиш каби.

  • Тақиқланган табаррук. Шариатда рухсат берилмаган нарсалардан барака сўраш. Масалан, дарахт ва тошларни табаррук қилиш ёки Иброҳим мақомини, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ёки солиҳ инсонлар қабрларини табаррук қилиб олиш каби.

Изоҳ қолдиринг