81-савол: Кўз тегиши борми? Уни қандай даволаш мумкин?
Жавоб: Кўз тегиши шаръий ва ҳиссий жиҳатдан собит бўлган ҳақиқатдир. Кўз текканда шаръий йўллар билан даволанади. Улар: руқя қилиш – дам солиш ва кўзи теккан киши ювиниб берган сувни кўз теккан киши устидан қуйиш.
82-савол: Шумланиш ва унинг ҳукми нима? Уни нима кетказади?
Жавоб: Шумланиш кўрилган, эшитилган ва шу каби нарсалар ёмонлик келтиради, деб эътиқод қилишдир. Ким бир нарсадан шумланиб, қилмоқчи бўлган иши ёки мақсадидан қайтса, ширк келтирган бўлади. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Шумланиш ширкдир. Шумланиш ширкдир” (Имом Аҳмад ва Ҳоким ривояти).
Аллоҳ таолога таваккул қилиш шумланишни бартараф қилади. Инсон хаёлига шумланиш келганда ундан шундай деб қутулиши мумкин: “Парвардигоро! Сен ёмонлик аломати қилган нарсагина ёмонлик аломатидир. Сен яхшилик аломати қилган нарсагина яхшилик аломатидир ва Сендан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқдир!” (Аҳмад ва Ибн Сунний ривояти)
83-савол: «Вало ва баро» эътиқодига кўра одамлар неча турга бўлинади?
Жавоб: «Вало ва баро» (Аллоҳ учун дўст ёки душман тутиш) эътиқодига кўра одамлар уч турга бўлинади:
Фақат яхши кўриладиган инсонлар. Улар ёмон кўрилмайди, уларга душманлик қилинмайди. Улар мўминлардир.
Фақат ёмон кўриладиган инсонлар. Улар яхши кўрилмайди, дўст тутилмайди. Улар кофирлардир.
Бир томондан яхши кўриб, бошқа жиҳатдан ёмон кўриладиган инсонлар. Улар осий мўминлар бўлиб, улардаги иймон яхши кўрилади, гуноҳлари ёмон кўрилади.
84-савол: Яҳудий ва насроний аҳли китоблар бизнинг биродарларимизми?
Жавоб: Биродарлик икки хил бўлади, учинчиси йўқ:
Биринчи: мусулмонлар орасидаги диний биродарлик бўлиб, унга мусулмонлардан бошқалар кирмайди.
Иккинчи: ота ёки она томондан бўлган насабдаги биродарлик — ака-укалик.
Аллоҳнинг динида инсоний биродарлик деган нарса йўқ. Яҳудий ва насронийларни биродар деб билмаслик кофирларни душман тутиш кўринишларидан ҳисобланади. Шунга кўра, ҳеч қачон бир кофирга: “Эй биродар”, деб мурожаат қилинмайди.
85-савол: “Масиҳий” дейиш тўғрими ёки “насроний” дейишми?
Жавоб: Насронийлар Исо ибн Марям алайҳиссаломга нисбатлангани учун “масиҳийлар” деб номланишган. Улар ўзларини Ийсо алайҳиссаломга мансубмиз деб даъво қиладилар. Ҳолбуки, у зот улардан пок ва йироқдир. Исо алайҳиссалом уларга: “Мен Аллоҳнинг ўғлиман”, демаган, билъакс, “Мен Аллоҳнинг бандаси ва расулиман”, деган. Улар бу борада Исо алайҳиссаломни ёлғончига чиқардилар. Шу сабабли уларни Аллоҳ таоло номлагани янглиғ “насронийлар” деб аташ афзалдир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Яҳудийлар: «Насронийлар бирон (арзигулик) нарса — дин устида эмаслар», дейишди. Насронийлар: «Яҳудийлар бирон (арзигулик) нарса — дин устида эмаслар», дейишди. Ҳолбуки, улар (яъни яҳудийлар ҳам, насронийлар ҳам) китоб (яъни Таврот ва Инжил) тиловат қиладилар” (Бақара сураси, 113-оят).