Намоз кимларга вожиб?

0

Намоз кимларга вожиб?

Намоз эс-ҳушли, балоғатга етган мусулмон кишига вожибдир. Аёл кишиларга намоз вожиб бўлиши учун уларнинг ҳайз ва нифосдан пок бўлиши ҳам талаб қилинади.

Кофир кимса асл кофир ёки муртад бўлишидан қатъий назар ўқиган намози саҳиҳ бўлмайди. Чунки у ибодат аҳлидан эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз розияллоҳу анҳуни Яманга юборар эканлар унга шундай дедилар: “Уларни дастлаб даъват қиладиган нарсанг Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг Расули эканига гувоҳлик келтириш бўлсин. Агар улар бу нарсага итоат этсалар, у ҳолда уларга Аллоҳ таоло бир кеча кундузда беш маҳал намозни фарз қилганини билдиргин…[1].

Шунингдек, телба ва ёш болага ҳам намоз вожиб эмас. Бунга қуйидаги ҳадис далилдир: “Уч тоифадан: то уйғонмагунча уйқудаги кимсадан, то эс-ҳушига келмагунча ақлдан озган кимсадан ва то балоғатга етгунига қадар ёш боладан қалам кўтарилган, (яъни уларга гуноҳ ёзилмайди)[2].

Ҳайз ва нифос кўрган аёлларга келсак, бу хусусда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “(Бунга сабаб) аёл киши ҳайз кўрса намоз ҳам ўқимаслиги ва рўза ҳам тутмаслигидир[3].

  • Мавзуга доир мулоҳаза ва эслатмалар:

  • Бола етти ёшга етганида намоз ўқишга буюрилади. Агар у ўн ёшга тўлса намоз ўқимагани учун урилади. Амр ибн Шуайб отасидан, отаси эса бобосидан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Агар фарзандларингиз етти ёшга етса намозга буюрингизлар. Агар ўн ёшга етсалар (намоз ўқимагани учун) уринглар ва ётоқларини ажратингизлар[4].

  • Намоз вақти чиқишига бир ракаат намоз ўқишга етадиган миқдор вақт қолганида ёш бола балоғатга етса ёки кофир мусулмон бўлса ёки ҳайз ва нифос кўрган аёлнинг ҳайз ва нифоси тўхтаб, пок бўлса, у ҳолда мазкур намозни ўқиш уларга вожиб бўлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Кимда ким намоздан бир ракаатга етишса, у ҳолда аниқ намозга етишган бўлади[5].

Айрим уламоларнинг фикрича, киши намозга такбиратул-эҳром (намозга кириш пайтида айтиладиган “Аллоҳу акбар” ибораси)ни айтишга кифоя қиладиган миқдор вақтда етишса, ўша намоз унга вожиб бўлади. Бироқ юқорида зикр қилинган ҳадисга биноан, бир ракаатга етишган кишига намоз вожиб бўлиши ҳақидаги фикр рожиҳдир.

  • Кофир мусулмон бўлса, исломга киришидан олдинги намозларнинг қазосини ўқишга буюрилмайди. Негаки, ислом олдинги гуноҳларни ўчириб юборади. Қолаверса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам исломга кирган ҳеч кимсани олдинги намозларнинг қазосини ўқишга буюрмаганлар. Имом Муслим “Саҳиҳи”да Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Биз (саҳобалар) айтдик: “Эй Расулуллоҳ, жоҳилият пайтида қилган ишларимизга ҳам жавобгар бўламизми?”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким исломга чинакам ихлос билан кирса, жоҳилиятда қилган ишларига жавобгар бўлмайди. Ким исломга фақат зоҳирдагина кириб, қалби нифоққа тўла бўлса, аввалги (яъни жоҳилиятда қилган амаллари)га ҳам, охирги (яъни исломга киргандан кейин қилган амаллари)га ҳам жавобгар бўлади[6].

  • Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Билингки, Аллоҳ таоло Ўзининг китобида марҳамат қилгани каби намоз фаҳш ва мункар ишлардан қайтаради. Агар банданинг намози уни фаҳш ва мункар ишлардан қайтармаса, демак бу унинг намоз ҳақ-ҳуқуқларини зое қилганига далолат қилади. Энди “Кимнинг намози уни фаҳш ва мункар ишлардан қайтармаса, бундай киши Аллоҳдан узоқлашиб бораверади”, деган ҳадисга келсак, бу ҳадис саҳиҳ эмас. Намоз кишини Аллоҳдан узоқлаштирмайди. Аксинча, намоз ўқиган одам гарчи фосиқ бўлсада, намоз ўқимаган кишидан афзал ва Аллоҳга яқинроқдир[7].

[1] Бухорий (1458), Муслим (19), Абу Довуд (1584), Термизий (625), Насоий (2\5) ва Ибн Можа  (1783) ривояти.

[2] Ҳасан саҳиҳ. Абу Довуд (4398), Ибн Можа (2041) ва Аҳмад (6\ 100) ҳасан ровийлар шажараси ила Ойша розияллоҳу анҳодан, Абу Довуд (4399) Ибн Аббосдан,  Абу Довуд (4403) ва Термизий (1423) Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.

[3] Бухорий (304) ва Муслим (79) ривоят қилганлар.

[4] Ҳасан саҳиҳ, Абу Довуд (495) ривоят қилган. Шунингдек, мазкур ҳадис мазмунини Абу Довуд (494) ва Термизий (407) да келган Абдулмалик ибн Ар-Рабеъ ибн Сабранинг отасидан, отаси эса бобосидан ривоят қилган ҳадис ҳам қўллаб-қувватлайди.

[5] Бухорий (580) ва Муслим (607), Абу Довуд (1121), Термизий (524), Насоий (1\ 274) ва Ибн Можа (1121) ривоят қилганлар.

[6] Бухорий (6921), Муслим (120), Ибн Можа (4242) ва Аҳмад (1\ 409) ривоят қилганлар.

[7] “Мажмуул фатово” (22\ 6).

Изоҳ қолдиринг