Талқ ибн Али разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Бир кечада икки марта витр ўқилмайди», деганларини эшитдим»[1].
Ўқилган витр намози бекор қилинмайди
Яъни инсон витр намозини ўқиган бўлса, сўнг кечаси яна намоз ўқимоқчи бўлса, икки ракаат-икки ракаатдан ўқийверади, иккинчи бор витр намозини ўқимайди. Юқоридаги ҳадис шуни кўрсатади.
Хаттобий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ҳадиснинг маъноси шуки, кимда ким витр намозини ўқиган бўлса, сўнг яна намоз ўқиш истаги туғилса, (охирида) витрни қайтадан ўқимайди. Бу жумҳур уламолар фикридир»[2].
Ироқий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аксар уламолар шу фикрни билдиришган. Уларнинг айтишича, ким витр намозини ўқиган бўлса-ю, сўнг кечаси яна намоз ўқишни хоҳласа, олдин ўқиган витрини бекор қилмайди. Балки бомдод намози вақти киргунча жуфт-жуфт қилиб намоз ўқийверади»[3].
Тўртинчидан: Витр намози ракаатларининг сони
Витр намозининг ўқилиш тартиби ва ракаатларининг сони қуйидагича бўлади:
1) Бир ракаат витр ўқиш
Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Бир киши ўрнидан туриб: «Ё Расулуллоҳ, кеча намози қандай ўқилади?» деди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Тунги намоз икки ракаат-икки ракаатдан ўқилади. Агар бомдод вақти кириб қолишидан қўрқсанг, бир ракаат билан витр ўқи», дедилар»[4].
Ушбу ҳадис бомдод вақти кириб қолишидан қўрқилган вақтда витр намозини бир ракаат ўқиш машруъ ва жоиз эканини кўрсатади. Ундан ташқари мазкур қайдсиз ҳам витр намозини мутлақ бир ракаат ўқиш жоизлигини кўрсатган ҳадислар ҳам бор. Ибн Умар ва Ибн Аббос разияллоҳу анҳумдан ривоят қилинишича, улар Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Витр намози кечанинг охирида ўқиладиган бир ракаатдан иборатдир»[5] деганларини эшитишган.
Шунингдек, кейинроқ келтириладиган «Ким бир ракаат билан витр ўқишни истаса, ўқисин» деган ҳадис ҳам шуни кўрсатади.
2) Уч ракаат витр ўқиш
Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «…У зот дастлаб тўрт ракаат ўқир эдилар. Шундай чиройли ва узун намозки, асти қўяверасиз. Сўнг яна тўрт ракаат ўқир эдилар. Шундай чиройли ва узун намозки, асти қўяверасиз. Сўнг уч ракаат ўқир эдилар»[6].
Абу Айюб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Витр ҳақдир. Ким беш ракаат витр ўқишни яхши кўрса, ўқисин. Ким уч ракаат витр ўқишни яхши кўрса, ўқисин. Ким бир ракаат витр ўқишни яхши кўрса, ўқисин»[7].
Уч ракаат витрнинг икки хил кўриниши бор:
Биринчи кўриниш: уч ракаатни бир қаъда ва бир салом билан улаб ўқиш. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Шом намозига ўхшатиб уч ракаат витр ўқиманглар. Балки беш, етти, тўққиз, ўн бир ёки ундан ҳам кўпроқ ракаат билан витр ўқинглар». Ҳадисни Ибн Наср ривоят қилган, Ироқий санади саҳиҳ деган[8].
Ушбу ҳадисда витр намозини шом намозига ўхшатиб уч ракаат ўқишдан қайтарилмоқда. Юқорида Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам витрни уч ракаат ўқиганлари айтилган эди. Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ ҳадислар ўртасидаги мазкур қарама-қаршиликни бартараф этиш учун уларни мувофиқлаштирган. Унга кўра, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам шом намозига ўхшатиб икки қаъда билан уч ракаат витр ўқишдан қайтарганлар. Ўзлари эса бир қаъда ва бир салом билан уч ракаат витр ўқиганлар. Витрни бу тарзда уч ракаат ўқиш жоиздир.
Иккинчи кўриниш: витрни икки ракаат жуфт ва бир ракаат тоқ (витр) қилиб ўқиш. Нофеъдан ривоят қилинади: «Ибн Умар разияллоҳу анҳумо витрда икки ракаат билан бир ракаат ўртасида салом берар, ҳатто (икки ракаат билан бир ракаат ўртасида уйидагиларни) бирон ишга буюрар эди»[9].
Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам (витр намозида) икки ракаат билан бир ракаат тоқ намоз ўртасини бизларга эшиттирадиган даражада салом бериб ажратар эдилар»[10].
3 – 4) Витр намозини бир салом билан беш ёки етти ракаат ўқиш
Умму Салама разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам витр намозини беш ёки етти ракаат ўқир, улар ўртасини на салом ва на калом билан ажратар эдилар»[11].
Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кечаси ўн уч ракаат намоз ўқир, шундан беш ракаати витр бўлиб, беш ракаатнинг охиридагина қаъдада ўтирар эдилар»[12].
5 – 6) Витр намозини бир салом билан етти ёки тўққиз ракаат ўқиш
Витр намозини бир салом билан етти ёки тўққиз ракаат ўқиш ҳам жоиз. Мазкур ҳолатда охиргидан олдинги (олтинчи ёки саккизинчи) ракаатда қаъдада ўтирилади, сўнг қиёмга туриб, охирги еттинчи ёки тўққизинчи ракаат ўқилади, сўнг қаъдага ўтирилиб, ташаҳҳуд ва салавотлар ўқилиб, салом берилади.
Саид ибн Ҳишомдан ривоят қилинишича, у Ойша разияллоҳу анҳога: «Менга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг витрлари ҳақида айтиб беринг», дейди. Шунда Ойша разияллоҳу анҳо айтади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга мисвокларини тайёрлаб қўяр эдим ва у зот мисвок қилиб, таҳорат олар эдилар. (Витрни) тўққиз ракаат ўқир ва фақат саккизинчи ракаатдан кейин қаъдага ўтириб, Аллоҳни зикр қилиб, Унга ҳамд айтар (яъни ташаҳҳудни ўқир) ва дуо қилар эдилар. Сўнг салом бермасдан қиёмга турар, сўнг тўққизинчи ракаатни ўқир, сўнг қаъдага ўтириб, Аллоҳни зикр қилар, Унга ҳамд айтар (яъни ташаҳҳуд ва салавотни ўқир) ва дуо қилар эдилар. Сўнг бизларга эшиттириб салом берар эдилар. Сўнг ўтирган жойларида яна икки ракаат намоз ўқир эдилар. Эй ўғлим, булар жами ўн уч ракаат намоз бўлар эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёшлари ўтиб, эт олганларидан кейин витрни етти ракаат ўқийдиган бўлдилар. Охирги икки ракаатни эса илгари қандай ўқисалар шундай ўқийвердилар. Эй ўғлим, булар тўққиз ракаатдир…»[13].
Абу Довудга оид бир ривоятда бундай дейилади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёшлари ўтиб, эт олганларидан кейин витрни етти ракаат ўқийдиган бўлдилар. Мазкур етти ракаат асносида фақат олтинчи ва еттинчи ракаатлардан кейин қаъдага ўтирар ва фақат еттинчи ракаатнинг охирида салом берар эдилар»[14].
[1] Саҳиҳ. Абу Довуд (1439), Термизий (470), Насоий (3/229) ривояти. [2] «Маолим ас-сунан», 2/141-бет («Сунани Абу Довуд» ҳошияси). [3] Қаранг: «Найл ал-автор», 3/55-бет. [4] Бухорий (990), Муслим (749), Абу Довуд (1326), Насоий (3/232), Ибн Можа (1320) ривояти. [5] Муслим (752), Насоий (3/232) ривояти. [6] Бухорий (1147), Муслим (738), Абу Довуд (1341), Термизий (439), Насоий (3/234) ривояти. [7] Саҳиҳ. Абу Довуд (1422), Насоий (3/238), Ибн Можа (1190) ривояти. [8] Шунингдек, ҳадисни Ҳоким (1/304) ва Байҳақий (3/31) ривоят қилишган. Ҳоким ҳадисни саҳиҳ деган ва Заҳабий унинг бу фикрини маъқуллаган. [9] Бухорий (991), Молик (1/125) ривояти. [10] Аҳмад (2/76), Ибн Ҳиббон (2433), Таҳовий (1/278) ривояти. Ибн Ҳажар «Фатҳ ал-Борий»да (2/482-бет): «Ҳадис санади қавий», дейди. [11] Саҳиҳ. Насоий (3/239), Ибн Можа (1192) ривояти. [12] Муслим (737), Абу Довуд (1338), Термизий (459) ривояти. [13] Муслим (746), Абу Довуд (1342), Насоий (3/341), Ибн Можа (1191) ривояти. [14] Абу Довуд ривояти, 142. Ҳадис санади саҳиҳ.