Ўн саккизинчи бўлим Ақиқа ва қурбонликни жамлаш ҳукми
Халлол айтади: «Қурбонлик ақиқа ўрнига ўтиши ҳақида келган ривоятлар боби».
Бизга Абдулмалик ал-Маймуний хабар беришича, у Абу Абдуллоҳ (Имом Аҳмад)дан: «Бола номидан ақиқа ўрнига қурбонлик қилиш жоизми?» деб сўради. У: «Билмайман», деди, кейин: «Бир қанча кишилар жоиз дер эди», деди. Мен: «Тобеинларданми?» десам, «Ҳа», деди.
Бошқа ўринда Абдулмалик менга бундай деган: «Абу Абдуллоҳнинг айтишича, айримлар: “Қурбонлик қилса ақиқа ўрнига ўтади”, дейишган».
Бизга Исмат ибн Исом хабар беришича, уларга Ҳанбал бундай деган экан: «Абу Абдуллоҳ деди: “Ақиқа қилмаган киши учун қурбонлик ақиқа ўрнига ўтади, иншооллоҳ”».
Менга Исмат ибн Исом бошқа бир ўринда айтиб беришича, Ҳанбал уларга бундай деган: «Абу Абдуллоҳ: “Агар бола номидан қурбонлик қилса, унинг ақиқаси ўрнига кифоя қилади”, деди».
Яна айтади: «Абу Абдуллоҳ қурбонлик сотиб олиб, уни ўзи ва оиласи номидан сўйганини кўрдим. Ўшанда ўғли Абдуллоҳ кичкина эди. Шунда жонлиқни сўйди, – ўйлашимча, бу билан қурбонлик ва ақиқани кўзлади – гўштни бўлди ва ўзи ҳам ундан еди».
Бизга Абдуллоҳ ибн Аҳмад бундай деди: «Отамдан қурбон ҳайити куни ақиқа қилиш қурбонлик ва ақиқа ўрнига ўтиши ҳақида сўрадим. У деди: “Нима деб номлашига қараб ё қурбонлик, ё ақиқа бўлади”»[1].
Демак, Абу Абдуллоҳдан бу борада уч хил ривоят келган.
Иккаласига ҳам ўтмаслигининг сабаби улар икки фарқли сабаб билан сўйилган жонлиқлардир. Бинобарин, ҳаждаги қурбонлик фидя ўрнини босмагани каби бу ўринда ҳам бир жонлиқ сўйиш ақиқа ва қурбонлик ўрнини боса олмайди.
«Иккаласига ҳам ўтади» деган гапнинг сабаби бир марта сўйиш билан мақсад ҳосил бўлишидир. Чунки чақалоқ номидан қурбонлик қилиш ҳам унинг номидан ақиқа қилиш каби шариатда жорий бўлган амалдир. Агар киши жонлиқ сўйса ва бу билан қурбонлик ва ақиқани ният қилса, иккаласига ҳам ўтаверади. Бунинг мисоли таҳийятул масжид намози билан фарз намоз суннатини ният қилиб икки ракаат намоз ўқиш ёки тавофдан сўнг фарз ёки фарзнинг суннатини ўқишга ўхшайди. Мазкур ҳолатда тавофдан кейин ўқиладиган икки ракаат ҳосил бўлаверади. Шунингдек, таматтуъ ёки қирон ҳажини адо этаётган ҳожи қурбонлик куни бир қўй сўйиш билан ҳам ҳаж қони ва ҳам қурбонлик ибодатини адо этади, валлоҳу аълам.
Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.